Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 июлда қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарорига кўра электрон QR-кодли йўлланма асосида даволанган имтиёзли тоифага кирувчи беморларга сарфланган харажатлар кўрсатилган тиббий хизматларни асословчи ҳужжатларга мувофиқ Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан қоплаб берилади.

Айни вақтда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси 14 та Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт маркази, 11 та Республика тиббиёт муассасаси, 41 та ҳудудий тиббиёт муассасаси ва 22 та нодавлат тиббиёт ташкилотлари билан имтиёзли тоифага кирувчи беморларни даволаш харажатларини қоплаш бўйича шартнома имзолаган.

Шунингдек, Жамғарма шартнома асосида Сирдарё вилоятида 175 та, Тошкент шаҳрида 160 та тиббиёт муассасасида кўрсатилган тиббий хизматлар харидини амалга оширмоқда.

Соҳада амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар ҳамда жамғарма томонидан ҳудудларда жойлашган 41 та тиббиёт муассасаси билан шартнома тузилиши натижасида беморларнинг пойтахтга келиб, овора бўлишларига асло ҳожат қолмаяпти. Энг ноёб турдаги мураккаб жарроҳлик амалиётлари вилоят марказларида, қолаверса туманларда ҳам ўтказилиш йўлга қўйилмоқда. Беморларнинг узоғи яқин, мушкули осон бўлмоқда.

Шартнома тузган тиббиёт ташкилотлари орасида Бухоро вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳам бўлиб, 2023 йилнинг олти ойида даволанган имтиёзли тоифага кирувчи беморларга сарфланган харажатларни қоплаш учун бюджет маблағларидан 1,55 миллиард сўм тўлаб берилди. 505 миллион сўмлик харажатларни қоплаш эса рад этилди. Негаки, давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарори талабларига риоя этилмаган, яъни беморлар электрон йўлланмасиз қабул қилинган.

Жамғарма томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож, имтиёзли тоифага кирувчи беморларни даволашга сарфланган барча харажатлар тўлиқ қоплаб берилаётган бир пайтда, Бухоро вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази 2022 йилда йўлланмасиз даволанган беморлар учун сарфланган 505 миллион  маблағни жамғармадан ундириш учун жорий йилнинг 5 май куни Тошкент шаҳар туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритди.

Ушбу ариза асосида 2023 йил июнь ойида  бўлиб ўтган суд мажлисларида даъвогар — Бухоро вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказининг даъво талабларини қаноатлантириш рад қилинди. Шунингдек, муҳокамалар жараёнида Бухоро вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази нафақат 2022 йил февраль-март ойларида даволанган беморлар учун йўлланмаларни ушбу йил якунига қадар ҳам Имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллашнинг электрон ахборот тизимида (“mis.ssv.uz”) шакллантирмагани маълум бўлди.

Бу эса, Бухоро вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида имтиёзли тоифага кирувчи беморларга “mis.ssv.uz” ахборот тизими орқали электрон йўлланма шакллантириш бўйича ташкилий-амалий ишлар етарлича ташкил этилмаганлигини ҳамда тегишли ҳужжатларда келтирилган талаблар бажарилмаётганини кўрсатади.

Таъкидлаш жоизки, бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 июлдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларни бажариш муҳим аҳамият касб этади. Ушбу ҳужжатда келтирилган талабларга тиббиёт муассасалари томонидан тўлиқ риоя этилиши эса тизимда шаффофлик, аҳолига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишда ошкоралик ва адолатни таъминланиш гарови бўлиб ҳисобланади.

Аслида ҳам, адолат ва қонун устуворлиги – халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарур шартидир.

Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси

Матбуот хизмати