Вилоят ИИБ вазиятни ўрганиб чиққанини маълум қилди.

Маълум бўлишича, 07.08.2023 йил куни корхонанинг кадрлар бўлими бошлиғи У.М. корхона ҳисобчиси Н.Х.га қўнғироқ қилиб, ишга келмагани юзасидан суҳбатлашган. Жараёнда унинг турмуш ўртоғи Х.Н. билан ўзаро жанжаллашиб кетади.

Х.Н.нинг турмуш ўртоғи ҳамда 2 нафар таниши билан корхонага келиб, У.М.га тан жароҳати етказган.

Шунингдек, автомашинасининг ойнасини синдирган.

Суд тиббий экспертизаси хулосасида У.М.да ёпиқ калла мия жароҳати, бош мия чайқалиши, ўнг пешона соҳасида лат яра, ўнг кўз қовоқларида қонталаш, пастки лаб ўнг томонида лат яра, чап қулоқ супраси орқа юзасида қонталаш, пастки жағ ўнг ияк соҳасида қонталашлар аниқланди.

Ушбу тан жароҳатлари соғлиқни 6 кундан кўп аммо 21 кундан кам бўлган муддатга бузилишига олиб келувчи енгил шикастлар тоифасига кириши кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Х.Н. га нисбатан Фарғона шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.