Хусусан, сўнгги беш йил ичида соҳада кузатилган ўсиш тенденциялари ҳамда Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 6 майда электротехника саноатини ривожлантириш масалалари бўйича бўлиб ўтган йиғилишда қўйилган вазифаларнинг бажарилиши доирасида амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар натижалари қайд этилди.
Жумладан, Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида мис ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида янги «Мис кластери» ташкил этиляпти. Қиймати 834 миллион доллар бўлган 7 та янги лойиҳа доирасида 128 минг тонна мисни қайта ишлаш учун қўшимча имкониятлар яратилади.
Бундан ташқари, мамлакатимизда қайта тикланадиган энергия манбаларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида Қашқадарё вилояти «Чироқчи» ЭИЗда «Муқобил энергия манбалари кластери» лойиҳаси амалга оширилаётгани таъкидланди. Бу ерда умумий қуввати 500 МВт бўлган 7 та лойиҳа жорий этиляпти ва бир вақтнинг ўзида 500 та янги иш ўрни яратиляпти. Инновацион илмий ва ишлаб чиқариш кластерини яратиш бўйича ишлар олиб бориляпти.
Йиғилиш доирасида Жанубий Кореянинг «SK NEXILIS» компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилиши режалаштирилган ультра юпқа мис фольга ишлаб чиқариш мажмуаси, шунингдек, «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси томонидан ташкил этилган синов лабораторияси мажмуасининг лойиҳаси тақдим этилди.
Йиғилиш якунида лойиҳаларни амалга ошириш муддатлари ва сифати бўйича тегишли топшириқлар берилди, шунингдек, соҳани янада ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.