Президентимизнинг 2017 йил 14 мартдаги “2017-2021 йилларда республикада соя экини экишни ва соя дони етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарорига асосан, бундан тўрт йил олдин юртимизда биринчи марта 12 минг гектардан ортиқ майдонга соя экилиб, 14 минг тонна дон олинди ва ушбу хомашёни қайта ишлаш ҳисобига аҳолига 2 минг тоннадан ортиқ соя ёғи, паррандачилик корхоналарига 10 минг тонна юқори озуқали шрот етказиб берилди. 2020 йилга келиб бу кўрсаткич 28,2 минг гектарга етди ва сояни қайта ишлашдан олинадиган маҳсулотлар миқдори икки баравардан зиёдга ортди.

Давлатимиз раҳбари ўтган йилнинг 21-22 май кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида Олтинкўл туманидаги “Кўҳна водий баҳори” фермер хўжалигида далаларидаги экинларни кўздан кечирар экан, ғўза қатор ораларига соя экиш бўйича Андижон тажрибасини яратиш юзасидан кўрсатмалар берган эди.

Андижонлик ҳар бир фермер ва мутахассис бу ишончни оқлашга астойдил ҳаракат қилди. Агротехника тадбирлари омилкорлик билан ўтказилган  майдонларда соя  яхши ҳосил берди. Қолаверса, хайрли ният билан бошланган бу тажриба жорий мавсум учун катта тажриба мактаби бўлди.

Бу йил вилоятда 25 минг гектар майдондаги ғўза қатор ораларига соя экилгани бунинг амалий тасдиғи. Айни кунларда қўш экин униб чиққан даларга ишлов бериш ишлари бошлаб юборилган.

Қўш экин қандай манфаат келтиради?

Бу йил Фарғона вилоятида ҳам 25 минг гектар майдонда пахта билан бирга соя етиштирилади.  Ўзига хос инновация сифатида баҳоланган агротехник тадбир бир вақтда соя ва пахта ҳосилини олиш имкониятини беради.

Ёзёвон туманида бу борада иш олиб бораётган ташаббускор фермерлар кўп. “Элёр-Н” фермер хўжалиги ҳам янги усулда деҳқончилик қилишга киришди.  Айни кунда 16 гектар ерга чигит билан бирга соя уруғлари қадалди.  Бугун мазкур майдонларда яшил қаторлар хосил бўлган. Фермер ғўза ва соя парваришлаш технологияси билан яхши таниш, бу борада ўтказилган амалий семинарларда қатнашди, соя агротехникаси бўйича рисолаларни қунт билан ўқиди ва уқиди.  

— Ушбу усул ер, сув, минерал ўғит ва бошқа ресурслардан оқилона фойдаланиш имконини беради, — дейди фермер Элёрбек Назиров. —  Чунки соя ғўза қатор ораларига, аниқроғи ғўза ниҳолларининг ўртасига қадалади. Шу боис, уни қўшимча  озиқлаштиришга ҳожат йўқ. Ғўза парваришига сарфлаган  ресурслар ҳисобига соя униб-ўсиб, ҳосил беради.

 Олим-мутахассисларнинг таъкидлашича, бу икки экиннинг парвариши ва агротехникаси бир-бирига ўхшаш ҳисобланади. Соя ҳам ғўзага ўхшаб тик ўсади, бўйининг баландлиги навларига қараб ўзгаради ва 50 сантиметрдан 2 метргача бўлади. Пахта орасига экилганда, албатта, эртапишар, ўсиш даври 70-85 кун бўлган, паст бўйли ғўза навлари танлаб олинади. Соя илдизи ғўза илдизига ўхшаб ўқ илдиз бўлади, барглари сатҳининг катталиги ҳам бир-бирига ўхшаш бўлади. Унинг ҳосили июль ойи охири ва августнинг бошига келиб пишиб етилади ва йиғиштириб олинади.

 Соянинг ғўза билан қўшиб экилиши натижасида, биринчидан, тупроқ унумдорлиги ошади, иккинчидан, фермернинг оладиган даромади кўпаяди, бир майдонда ҳам пахта, ҳам соя дони йиғиб олинади, учинчидан, кейинги йилларда пахта ҳосилдорлиги гектарига 8-10 центнерга ортиши учун замин ҳозирланади. Чунки, у ўз илдизлари орқали ҳаводан соф азотни ўзлаштириб олади ва тупроқни азот билан бойитади. Мазкур экин экилган далаларнинг микрофлораси яхшиланади, унда биологик ва экологик соф тизим вужудга келади. 

Яна бир маълумот. Ер шари аҳолисининг ярмидан кўпи фақатг соя ёғини истеъмол қилади. Унинг дони ва оқсилидан тўрт юздан зиёд турли хил маҳсулотлар тайёрланади ва улар халқ хўжалигининг барча соҳаларида ишлатилади. Соя дони таркибида ҳайвон оқсилида учрайдиган барча алмашлаб бўлмайдиган аминокислоталар мавжуд. Шунинг учун ундан экологик тоза мой, паррандачилик ва чорвачилик маҳсулотларидан тортиб, қон плазмалари, сифатли линзаларгача олинади. Фермерларга соянинг шрот, кунжараси, яшил пояси чорва учун тўйимли озуқа бўлиши ҳам маъқул келмоқда. Хуллас, ҳар жиҳатдан кони фойда экин. Фақат у ақл ва билим билан жонни койитиб ишлашни талаб қилади.

Фермер Элёрбек Назиров бир гектар ердан ўртача 25-30 центнердан пахта ҳосили олиш билан бирга, 500-600 килограмм соя дони етиштиришни мўлжаллаб турибди. Бир килограмм соя донини 10 минг сўмдан сотган тақдирда, ҳар гектарига 5-6 миллион сўм миқдорида даромад қўшилади.

— Мавсумда тумандаги 1587 гектар майдонда чигит ва соя уруғи қадалди, — дейди Ёзёвон тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Дилшод Камолиддинов. —  Бу мақсадлар учун 5 та махсус сеялка жалб этилди. Улар билан бир вақтнинг ўзида чигит ва уруғлик сояни оралатиб экдик. Жойларда аралаш экишнинг афзалликлари, етиштириш технологияси хусусида кўргазмали семинарлар ўтказилгани, зарурий қўлланмалар берилгани қўл келди.  Чунки соя ўсимлиги биологик хусусиятига кўра, жой танламайди. Шўрланган, ер ости сув сатҳи кўтарилган экин майдонларида ҳам ўсаверади.  Энг муҳими, у ернинг ҳолатини яхшилайди, тупроқни азот билан бойитади.

— Сояни чигит билан бирга қатор орасига экишда энг катта муаммо техника билан боғлик эди, — дейди “Қўқон механика заводи” АЖ бошқаруви раиси Шарифжон Йўлдошев. —  Бу масала ўз ечимини топди.  Эндиликда бир пайтнинг ўзида чигит ва соя экишга мослашган махсус сеялкалар яратилди. Ҳозирги кунга қадар вилоятимиздан ташқари қўшни вилоятларга 650 га яқин замонавий сеялкалар етказиб берилди.

Муаммолар бор,  енг шимариб ишлаган ютади

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 июлдаги “Самарқанд вилоятида соя етиштириш соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан,  вилоятнинг 5 та туманида 2018-2020 йилларда 15 минг гектар майдонда соя экилиши ва 25 минг 500 тонна ҳосил олиниши белгиланган эди. Бироқ, аксарият хўжаликларда унинг гектар бошига ҳосилдорлиги бор-йўғи 10-15 центнер атрофида бўлиб келмоқда. Мутахассислар бунинг сабабини навларнинг тўғри танламаганлиги, агротехника тадбирларига риоя этилмаганлиги, симбиоз ҳолда фаолият кўрсатувчи туганак бактерияларининг қўлланилмаслиги, соя уруғларининг сув таъминоти, унумдорлиги паст майдонларга экилганлиги билан изоҳлашади. Масалан, фақатгина туганак бактериялари препаратларини қўллаш туфайли гектаридан 5-10 центнер қўшимча ҳосил олиш мумкин экан..

—  Ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, дуккакли, мойли ва донли экинлар, жумладан соя етиштиришнинг  илмий асосланган усуллари ва инновацион технологияларни кенг жорий этиш, уларнинг серҳосил ва эртапишар навларини яратиш лозим, — дейди вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бўлим бошлиғи Тоҳир Дувланов. — Маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш ва қадоқлаш жараёнига хорижий инвестиция ва мутахассисларни, замонавий ресурс тежовчи ускуна ва технологияларни кенг жалб қилиш, ички истеъмол бозори конъюнктурасини мунтазам ўрганиш зарур...

Тўғри, бу каби муаммолар бор. Лекин тажрибали деҳқон ва фермерлар эришаётган натижалар бунинг аксини кўрсатяпти, яъни, очиқ майдонларга экилган соя экини ҳам катта даромад келтиряпти.

—  Тўрт йилдан буён соя етиштирамиз, —  дейди Каттақўрғон туманидаги “Нурли Миёнқол” фермер хўжалиги бошлиғи Набижон Каримов. —  Бу ўсимлик ерларимиз таркибини яхшилаш, балл бонитетини оширишга хизмат қиляпти. Билим ва тажрибамиздан келиб чиқиб ўтган йили “Нафис” навли уруғлик соядан 25 гектарга эккандик. Агротехник тадбирларни тўғри олиб борганимиз боис режадаги 17 центнер ўрнига гектаридан 25 центнерга яқин ҳосил олдик. Каттақўрғон ёғ-мой акциядорлик жамияти билан 1 тонна хомашё учун 6 миллион 765 минг сўмдан шартнома тузгандик ва умумий ҳосил ҳисобидан 180 миллион сўм даромад олдик. Хўжалигимиз пахта, ғаллачилик ва соя етиштиришга ихтисослашган. Шу боис 2021 йилда ҳам белгилаб олган майдонларга соя экдик.

— Ўтган йили ҳуддуддаги фермер хўжаликлари билан тузилган шартномага асосан, 1300 гектар майдонда соя етиштирилди ва ундан 1887 тонна ҳосил олинди, — дейди “Каттақўрғон ёғ-мой” акциядорлик жамияти бўлим бошлиғи Дилшод Ғаффоров. —  Бир неча йил олдин хўжаликларга Россиядан келтирилган уруғлик қиммат ва иқлимга мос келмасдан гектаридан 10-12 цетнергача ҳосил олинарди. Бу иқтисодий жиҳатдан самарасиз эди. Шу боис, мутахассислар билан биргаликда соянинг маҳаллий “Ўзбек-6” ва “Нафис” навларини синаб кўрдик. Натижа кутилганидан зиёда бўлди. Маҳаллий навлар касалликка чидамли, ҳосилдорлиги юқори, асосийси иқлимга мослашганлиги туфайли Нарпай туманидаги “Пахтакор” фермер хўжалиги гектаридан 35 центнер, Каттақўрғон туманидаги “Нурли Миёнқол” фермер хўжалиги ва “Каттақўрғон элита” уруғчилик хўжалиги 25 центнердан ҳосил олди.

2020 йили Самарқанд вилоятида такрорий экин сифатида 1300 гектар майдонда соя парваришланган бўлса, жорий мавсумда бу кўрсаткич қарийб тўрт баробарга ошади ва 6000 гектардан зиёд майдонни ташкил этади.

Даромад гектар бошига 5000 долларга етади

Бу истиқболдаги режа эмас, жорий йилда эришиш лозим бўлган илмий ва амалий жиҳатдан асосланган марра. Президентимиз  шу йил 24 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида экинларни оқилона жойлаштириш ва илм билан етиштириш орқали бу йил ҳар бир гектардан олинадиган даромадни 5 минг долларга етказиш вазифасини қўйди. Бу мақсадга эришиш учун экинларни ҳар бир туманнинг ўзига хос иқлим шароити, маҳаллаларда тарихан шаклланган деҳқончилик кўникмалари, сув таъминотидан келиб чиқиб жойлаштириш зарурлиги қайд этилди.

Шу жиҳатдан келиб чиққан ҳолда , соя экинини ғўза қатор орасига экиш Андижон, Наманган, Фарғона, Тошкент вилоятлари шароитига тўғри келса, очиқ майдонларда Қашқадарё, Жиззах, Самарқанд вилоятларида етиштириш маъқбуллиги намоён бўлади. Амалда ҳам шундай йўл тутилмоқда.Хусусан, Фарғона водийсида 75 000, Тошкент вилоятида 25000 гектар майдондаги ғўза ораларига соф уруғи қадаб бўлинди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Зафар Ортиқовнинг кайд этишича, бу йил мамлакатимизда мазкур экин жами 140 минг гектар майдонга экиляпти, унинг 40 минг гектари асосий ва 100 минг гектари ғўза қатор ораларига жойлаштирилди. Мазкур далаларда 192 минг тонна, яъни ўтган йилга нисбатан 6 баробар кўп соя дони етиштириш мўлжалланяпти. Қўш экин экилиши белгиланган майдонларда уруғ қадаш ишлари якунига етаётган бўлса, тўлиқ экиладиган далаларда бу юмушлар давом этмоқда.

Жорий йилда етиштирилиши режалаштирилаётган 192 минг тонна соя донини қайта ишлаш ҳисобига 35 минг тонна ёғ ва 145 минг тонна шрот ишлаб чиқариш белгилаб олинган. Бу эса, саноат усулида боқиладиган паррандалар талабини ўтган йилги 8 фоиздан 62 фоизга қондириш имконини беради.

Буюк мутаффаккир ва шоир бобомиз деҳқонлар иеҳнатини улуғлаб, “Элга ҳам қут еткурур, ҳам баракот” деган эди. Бугунги кунда ана шу эзга мақсадга экинларни оқилона жойлаштириш ва илм билан етиштириш орқали эришиш мумкинлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб бермоқда. Демак, марра - вазифалар аниқ, илм ва тажрибага тўла амал қилинса, кўзланган натижалар куттириб қўймайди.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Расулжон КАМОЛОВ,

Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбирлари