Россия ва Украина давлатлари томонидан шакар экспорти тўхтатилганлигининг Ўзбекистонга ҳеч қандай таъсири йўқ, дея хабар бермоқда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ахборот хизмати. 

Таъкидланишича, бу икки давлатнинг ички бозордаги улуши бор-йўғи 2% ни ташкил этади. Бугунги кунда маҳаллий шакар заводлари шакар хомашёсини жаҳон биржа котировкаларига нисбатан арзон нархларда Бразилия давлатидан харид қилишмоқда.

Ўзбекистонда иккита – «Хоразм шакар» ва «Ангрен шакар» масъулияти чекланган жамиятларида жорий йил 15 март ҳолатига 260 минг тонна шакар маҳсулоти ресурслари мавжуд. Шундан, омборда 40 минг тонна тайёр шакар ва 32 минг тонна хомашё, июнь ойига қадар 178 минг тонна хомашё етказиб берилади.

Шундай бўлса ҳам қўшимча қулайликлар яратиш, шунингдек, ички бозорни шакар маҳсулоти билан узлуксиз таъминлаш мақсадида Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан биржа савдоларига кунлик қўйиладиган ҳажм ўртача 30 фоизга оширилмоқда.

Бундан ташқари республика аҳолисига шакар маҳсулоти етарли миқдорда ва мақбул нархларда етказиб бериш мақсадида Ҳукумат томонидан зарур чоралар кўрилмоқда ҳамда барча ҳудудлардаги бозорларда «Элга хизмат» расталарида мақбул нархда шакар сотиш топшириқлари берилмоқда. Шакарга бўлган нарх асоссиз оширилиши натижасида ваҳимага берилмаслигингизни сўраймиз.