У отаси Георг VI вафотидан сўнг 1952 йил 6 февраль куни Бирлашган Қироллик тожини кийган эди, деб ёзади Россиянинг “Новости” ахборот агентлиги.

Бу йил 96 ёшни қаршилаётган Қиролича Елизавета II Буюк Британия монархиясида платина юбилейини нишонлаётган биринчи ҳукмдор бўлди.

“2015 йил 9 сентябрь куни Елизавета II Буюк Британия монархиясини бошқаришда ўзига хос рекорд ўрнатди, - дея таъкидлайди “Новости” агентлиги. - У мамлакат тарихидаги энг кекса монарх ва энг узоқ ҳукмронлик қилган қироличага айланди. Шунингдек, у нафақат Буюк Британия, балки дунёдаги энг узоқ вақт ҳукмронлик қилаётган монарх ва энг кекса давлат раҳбари ҳисобланади”.

Февраль ойида Британияда ёғингарчиликлар бўлиши сабабли ушбу санага бағишланган байрам тадбирлари ёз фаслида ўтказилади. Анъанага кўра, Британ монархларининг расмий туғилган кунлари, улар аслида қачон бўлишидан қатъи назар, ёзда нишонланади.

Платина юбилейи доирасида бутун йил давомида Буюк Британия бўйлаб тадбирлар уюштирилади. Улар 2-5 июнь кунлари бўлиб ўтадиган “Юбилей дам олиш кунлари” билан якун топади. Шу кунлари Сандрингем саройи ва Шотландиядаги Балморал қироллик қароргоҳи кенг омма учун очиқ бўлади ва бутун мамлакат бўйлаб Қиролича шарафига маёқлар ёқилади.