Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 17 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида жойларда тупроқнинг ҳарорати, намлигини ўлчаш, кўкламдан кеч кузгача ўсимликнинг ривожланиш жараёнини кузатиб, олинадиган ҳосилни прогноз қилиб бериш имкониятига эга метеостанциялар қуриш зарурлиги белгиланган эди.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида “Бўстон”  метеостанцияси фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур метеостанцияни ўрнатилиши фермер ва деҳқон хўжаликларини агротехник тадбирларни ўтказишга оид тавсиялар билан таъминлаш имконини беради. Чунки метеостанция агроиқлим билан боғлиқ кўрсаткичларни прогнозлаштирадиган бир нечта датчиклар билан жиҳозланган.

Мазкур қурилмалар орқали вегетацион қатлам ва ундан юқоридаги об-ҳаво ҳарорати, атмосфера босими, қуёш радиацияси, ҳаво тезлиги ва йўналиши, ёғингарчиликлар, тупроқ намлиги ва ҳарорати, ер ости сувлари даражаси аниқланади. Кўрсаткичлар ўсимликларнинг ўсишини ва ҳосил бўлаётган биомассаларни баҳолашга кўмак бериб, ерларда иқлим, сув шароитларига мос ўсимлик навларини аниқлаш ва етиштириш имконини ҳам беради.

Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

Янги Ўзбекистон мухбири