Дунёда шундай касб борки, уни ўқитувчилар ўргатолмайди. Ўргатадиган қўлланмаю ўқув бинолари ҳам йўқ. Уларни халқ тарбиялайди, халқ шакллантиради. Бу касб эгалари сўз санъати усталари — қизиқчилардир. Улар азалдан жамиятда учрайдиган турли камчилигу муаммоларни оммага юзлаштирган.
Ўзбек қизиқчилик санъати деганда Юсуфжон қизиқ Шакаржоновдан Аваз Охунгача бўлган сўз усталари кўз ўнгимизда жонланади.
Бугунги суҳбатдошимиз ўзининг комик роллари билан халқ қалбига кириб бораётган сўз устаси Элмурод ҲАҚНАЗАРОВ. Мулоқотимиз давомида қизиқчилик санъати, кино ҳамда жамиятимизда учраётган муаммолар, долзарб мавзулар ҳақида тўхталишга ҳаракат қилдик.
Сиздан қўшиқчи эмас, қизиқчи чиқади Инсон бир талай орзулар билан улғаяди. Кимдир спортчи, кимдир ҳарбий ёки шифокор бўлишни орзу қилади. Энг муҳим қарор эса вазият тақозоси билан қабул қилинади. Болалигимда футболчи бўлиш орзуим эди. Аммо жароҳатлар туфайли спорт билан хайрлашдим. Бугунги кунгача турли соҳаларда ўзимни синаб кўрдим: ўқитувчилик, операторлик, тўйларда бошловчилик қилганман, заводда ҳам ишлаганман… Биласизми, нима иш қилишингиздан қатъи назар, топаётган даромадингизда барака бўлмаса, қийин экан. Аввалига менда ҳам топганим баракасиз бўлаверди. Бу орада Фарғона политехника институтига ҳужжат топшириб, талаба бўлдим. Ўша вақтларда оилавий аҳволимиз у қадар яхши эмасди, ўқишга пиёда қатнаганман.
Қизиқчиликка кириб келишимнинг ўзи қизиқ бўлган. Бир куни дадам уйда раҳматли Ҳожибой Тожибоевнинг концертини кўриб ўтирганди. Устоз бир пайт “Ҳозир иши юришмаганнинг ҳаммаси қўшиқ айтяпти”, деди. Дадам кулиб юборди. Бу ҳолат менга алам қилган. Сабаби, ўша вақтларда қай бир соҳага бош қўшмай, ишим юришавермасди. Оиламга моддий жиҳатдан қараша олмасдим. Кейин хонанда Отабек Муҳаммадзоҳиднинг уйига бориб, сизга шогирдликка тушаман, деганман. Ака мени эшитиб кўриб, сиздан қўшиқчи чиқмас экан деган. Орадан вақт ўтиб, қайта тайёрланиб, учинчи марта бордим. Дўстлари билан давра қуриб ўтирган экан. Яна ўша гап.
Шунда “Устоз, тўғрисини айтсам, институтга контракт асосида кирганман. Майли, ашула айтмасам ҳам, ёнингизда юрсам бўлди. Кейинчалик “Э, бу Отабекнинг шогирди Элмурод Ҳақназаров-ку”, дейишади. Сўнг тўйларга чақиришади, пул ишлаб контрактимни тўлайман”, деганимда кулиб юборишган. Отабек ака ўшанда “сиздан қўшиқчи эмас, қизиқчи чиқади”, деган эди. Бора-бора ҚВЗга қўшилиб, турли танловларда қатнашганман. “Аввалинг хор бўлса бўлсин, охиринг хор бўлмасин”, дейилади-ку бир қўшиқда. Ҳеч қачон қизиқчилик соҳасидан пул топиш мумкинлиги ҳақида ўйламаганман. Насиба экан, мана бугун шу соҳанинг нонини еб, рўзғор тебратиб юрибман.
Қизиқчилик — энг қийин касб
Бу касбда биринчи устозим — халқ. Ҳаётда ҳамма нарсани, ютуқларни ҳам, камчиликларни ҳам шу халқ ичидан топдим. Соҳага қизиқишга сабабчи бўлган устозларим — Ҳожибой Тожибоев, Муҳаммадсидиқ Ширяев. Уларнинг ижодини кузатиб соҳага қизиқишим янада ортган. Қизиқчилик дунёдаги энг қийин касб. Мисол учун, ўқитувчиликни ҳам, жарроҳлигу ҳунармандликни ҳам ўрганиш мумкин. Аммо қизиқчиликни ҳеч қаерда ўрганиб бўлмайди. Бу касбни эгаллаётган инсонларга чин истеъдод, иқтидор берилган бўлиши керак.
Айрим “киночи”лар унутиб қўйган муҳим нарса…
Бугунгача бир неча марта концерт бердим. Бир неча йил илгари кинода роль ижро этишни таклиф қилишди. Қишлоқ ҳаёти мавзусида олиниши керак экан. Режиссёр дўппини кўрсатиб, “бунинг номи нима эди?” деяпти. Мен у ролдан воз кечдим. Қандай қилиб ўзи олаётган кинонинг муҳитини, мазмунини билмаслик мумкин?
Масаланинг бошқа бир томони одамни ўйлантиради. Болалигимиздан кўриб ўсган “Шум бола”, “Дев билан пакана”, “Шайтанат” каби кинолар нафақат ўз даврида, балки бугунгача ҳам севиб кўрилади. Ёки яқинда олинган “Тенгиз”, “Илҳақ” каби фильмлар ўзбек кино оламига янгича руҳ олиб кирди. Демак, кино соҳасига умумий ҳукмни ўқиш қийин масала. Аммо ғалвирни сувдан кўтарсак, бу каби кинолар бугун анқонинг уруғидек гап. Санъат жуда мураккаб соҳа. Энг яхши актёр, энг яхши режиссёр, катта маблағ бўлгани билан яхши сценарий бўлмаса, бари бефойда. Яхши кино олиш учун яхши сценарий бўлиши керак. Кино бир неча кишининг қарашлари билан чекланиб, ҳаётдан узилиб қолмаслиги шарт.
Баъзи киночилар муҳим нарсани унутиб қўйган: бизда шаклланган қадриятларнинг асосий белгилари меҳр-оқибат, каттага ҳурмат — кичикка иззат, ватанпарварлик, энг муҳими, миллийлик уфуриб туриши лозим. Чунки булар муқаддас тушунчалар. Бизда оға-ини бир парча ер ёки мол-мулк учун бир-бири билан жиққамушт бўлмаган. Мабодо бўлганда ҳам уни оммага олиб чиқиш, шундай хунук ҳолатни ҳаммага кўрсатиш шарт эмас. Ахир кино, айниқса, ёш авлодга ибрат бўлиши керак эмасми? Ваҳоланки, кўрсатишга, мақтанишга арзигулик фазилату хислатлари бисёр халқмиз! Ҳозир нима бўляпти? Қайнона-келин, бой-камбағал, хиёнат ва бундан-да баттар майда-чуйдалар. Бу билан нима демоқчимиз ўзи, томошабинга нимани кўрсатмоқчимиз?
Ўтмишга бир қаранг, қайси асар ёки қайси тарихий маълумотда ўзбек деган миллат фақат шунақа майда муаммолар билан ўралашиб қолгани ёзилган… Биз катта-катта олимлару тарихий шахсларнинг авлоди эмасмизми? Нимага улар илгари сурган ғояларни эмас, тўрт-бешта режиссёрнинг ҳаётий ғийбатларга асосланган киноларини томоша қилишимиз керак?
Телевизор бу — кўзгу. Хоҳлайсизми-йўқми, унда намойиш этилаётган кинолару кўрсатувлар ёшу каттага бирдай таъсир қилади.
Роналдунинг туғилган йилини биладиганлар...
Ўтган йилги концертимда математика ва геометрия ўқитувчиси ролида дарс беришим керак бўлган бир эпизод бор эди. Саҳнада Роналдунинг расмини кўрсатиб, “бу ким” десам, ишонасизми, томошабинлар унинг исми, ватани у ёқда турсин, туғилган йилию нечта боласи борлигигача шариллатиб айтиб беряпти! Мессини ҳам худди шундай таърифлашди. Кейин Муҳаммад ал-Хоразмийнинг суратини кўрсатдим. Зал жим-жит… Тасаввур қиляпсиз-а? Биз замонавий тараққиётга асос солган, дунё илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган ўз боболаримизни танимаймиз.
Яна бир ачинарли ҳолат. Бизда ички бўлинишлар — қишлоқи, шаҳарлик, бой ёки камбағал, деган тушунчалар шаклланиб қолган. Тасаввур қилинг, Вашингтон шаҳри аҳолисида “сен Лас-Вегасдан келгансан”, деган тушунча йўқ. Улар биз барчамиз америкаликлармиз, дейишади ва бундан ғурурланишади. Лондонлик киши ҳам бошқасига “у ливерпуллик” ёки “Манчестердан келган”, деб бармоқ ниқтамайди. Тўғри, бир замонлар қора танли, оқ танли, деган қарашлар бўлган. Лекин бугун у Африкадан келганми ёки Осиёдан, “Биз америкаликмиз” дейди. Кейингилари эса, “британиялик” эканидан фахрланади. Яъни шу давлат манфаати учун биргаликда ҳаракат қилади. Бутун қонига сингиб кетган шу тушунча.
Бизда нега бундай салбий қараш шакллангани одамни жиддий ўйлантиради. Дунёга бир қаранг. Бугун замон шиддатли, ўзгарувчан. Ҳамжиҳат бўлган, бирлашган халқгина ютади. Тараққиётга эришади. Шундай экан, биз ҳам “Мен ўзбекман!”, “Биз ўзбекмиз, ўзбекистонликмиз!” деб баралла айтишни ўрганишимиз керак. Шу ғоя атрофида, бир байроқ остида бирлашиб, ҳаракат қилишимиз зарур. Мана шунда бизга нисбатан бошқаларнинг қарашини ўзгартира оламиз. Мисол учун, дейлик айрим давлатларда ўзбек деса, бошқачароқ қарашади. Нима учун, биласизми? Сабаби, биз ўз юртимизни қўя турайлик, узоқ хорижда юрганимизда ҳам бир-биримизнинг ковушимизга сув қуямиз.
Яна бир масала. Пойтахт кўчаларида юриб, ўзга юртга тушиб қолгандек ҳис қиламан ўзимни. Рекламаю пешлавҳалардаги эълонларни кўриб, одамнинг ичи музлаб кетади. Баъзан ўзаро муомала-мулоқотда ҳам зарурат бўлса-бўлмаса, ўрисчаю инглизча аралаштириб гапираётганлар камми? Кейинги пайтлар туркчаю арабчани аралаштириш ҳам “урф” бўляпти. Ҳолбуки, бизнинг чиройли, гўзал ифода усулларига бой тилимиз бор.
Санъаткорнинг энг катта ютуғи
Хоҳлайсизми-йўқми, одам эътибор кутади, ўзгалар эътироф этишини истайди. Бир гал концертдан сўнг нафақат юртдошларимиз, балки қўшни Қозоғистон, Тожикистон, Россиядан ҳам мурожаатлар бўлди. Ҳатто қамоқхонадан қўнғироқ қилишди. “Биринчи кўрганимизда кулдик, кейингисида йиғладик, учинчисида тушуниб етдик”, дейишди. Шундай эътирофлардан кейин кўнгил кўтарилади-да.
Санъаткорнинг ютуғи — манзил танламайди. Кўтараётган муаммолари чегара билмайди. Унинг энг катта ғалабаси ҳам шу, аслида.
Масъулият ҳар бир инсондан мерос қолиши керак
Ҳар ким миллатнинг эмас, аввало, ўзининг масъулиятини ҳис қилиши керак. Яъни деҳқон ҳам, чўпон ҳам, санъаткор ҳам ўз ишини усталик билан бажариши лозим. Миллат деганда умумманфаат ётади. Умумманфаатнинг асоси барибир шахсларга бориб тақалади. Бир шахс масъулиятини умуммасъулиятдан айро тасаввур қилмаслик керак. Бизнинг вазифамиз одамлардаги айрим камчилигу муаммоларни кулги воситасида яна халқнинг ўзига кўрсатиш, кўзгу тутиш. Қизиқчиликнинг ютуғи ҳам шунда. Агар икки соатлик концертда халқ ерда, санъаткор осмонда юрса, бунинг фойдаси йўқ.
Масъулият ҳар бир инсондан мерос қолиши керак. Қуш уясида кўрганини қиладими, йўқми, буни билмайман. Аммо инсон атрофида кўрган ишларини қилиши табиий. Ҳар ким масъулият орқали нафақат ўзига, балки жамиятга ҳам наф келтира олади.
Биздан устозлар қачон, қандай ва нечта китоб ўқиганимизни сўраб турарди. Ҳозиргача ҳам шундай. Керак бўлса, бунинг ортидан дакки ҳам эшитган кунларимиз бўлган. Қизиқчилик соҳасида сиздан энг кўп сўраладиган нарса — сўз. Бунинг табиий йўсинда ортиб боришига китоб сабабчи. Қизиқчи, айниқса, сўзни, нима деётганини ҳис қилиши керак. Шу ўринда Эркин Воҳидовнинг бир гапи ёдимга келди: “Одамларда тафаккур кучи ортгани сари тасаввур кучи камайиб бормоқда. Завқ-шавқ ўрнини совуқ ҳисоб-китоб эгалламоқда. Ақл ва юрак баҳсида ҳиссиёт енгилиб, қуруқ мантиқ ғалаба қилмоқда. Бу жамият учун хатарли ҳол. Ўзбек аскияни унутса, дўстона ҳазилларни эсдан чиқарса, сўзнинг латофатини англамай қолса, бу фалокатдир”.
Одамларга кулги улашиш катта бахт. Табиат қўйнидаги қорларни қуёш эритади. Аммо одамнинг юзига кулги югуртириш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Битта қизиқчи минглаб, миллионлаб одамларга кайфият улашади. Табиийки, кайфияти юқори инсоннинг иш унумдорлиги ошади, касал ҳам бўлмайди. Тилагим — ҳаётда кулиб, кулдириб яшайлик. Шунда кунларимиз бахтиёр ўтади.
“Янги Ўзбекистон” мухбири Caрдор ТОЛЛИБОЕВ ёзиб олди.