Тадбирда Инновацион ривожланиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул ходимлари, Elsevier компанияси вакиллари, ССВ тасарруфидаги олий таълим муассасалари ректор ва проректорлари, илмий-тадқиқот марказлари директорлари ва уларнинг ўринбосарлари ва бошқалар иштирок этдилар.

Инновацион ривожланиш вазирлиги Elsevier компанияси билан имзолаган шартнома доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги тиббиёт ташкилотларида ClinicalKey платформасидан ташкилот IP адреси орқали чекловсиз фойдаланиш имконияти яратилди. Эндиликда тадқиқотчиларимиз, тиббиёт ходимлари 2021 йилнинг 1 мартигача тиббиёт соҳасидаги жаҳоннинг энг сўнгги тадқиқотлар натижаларидан Elsevier Clinicalkey платформаси орқали чекловсиз фойдаланишлари мумкин.

Семинарда мазкур платформанинг очилиши ҳақида тиббиёт ходимлари ва шу соҳада фаолият юритаётган тадқиқотчиларга маълумот берилди. ClinicalKey платформасидан ташкилот IP адреси орқали қандай фойдаланиш кераклиги бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.

Elsevier Clinicalkey платформаси даволаш ва диагностика стандартларини янгилаш, клиник протоколларни жорий этиш, далилларга асосланган тиббиёт тамойилларини амалиётга кенг жорий этиш, микрохирургия, робот хирургияси, нуклеар тиббиёт, тиббий генетика соҳаларида жаҳон тиббиётининг энг сўнгги ютуқлари тўғрисидаги маълумотларни ўзида жамлаган. Ушбу маълумотлардан эндиликда юртимиздаги тиббиёт соҳаси вакиллари ҳам фойдаланиш имкониятига эга бўлмоқда.

Таъкидлаш жоизки, 2019 йил бошида Нидерландиянинг Elsevier компанияси билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги тиббиёт бош бошқармаси ҳамда Elsevier компанияси ўртасида англашув меморандуми имзоланган эди. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда “Elsevier” компанияси ҳамкорлиги доирасида, Республикамиздаги тиббиёт муассасаларида ClinicalKey платформасини жорий этиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

ClinicalKey - бу клиник қарор қабул қилишга ёрдам берувчи тизимдир. У ҳар қандай пайтда ва ҳар қанақа қурилмадан бир зумда керакли клиник маълумотларни топиш ва энг қисқа вақтда тўғри қарор қабул қилишга ёрдам беради.

ClinicalKey платформасининг асосий хусусиятлари:

• 600 дан ортиқ тиббий журналлар базаси

• MEDLINE тизимининг тўлиқ индексация қилинганлиги

• TopicPagesнинг 1400 бўлимлари

• 1.100+ тиббий китоблар

• 22.000+ видеолар

• 2.500.000 тасвирлар

• Турли хил клиник тадқиқотлар

• 4.500+ клиник протоколлар

• 350+ муолажалар

• Lancet журналининг барча сонлари

• Фойдаланувчи интерфейсининг турли тилларда мавжудлиги

• iPhone ва Android учун бепул илова

• Китоблар боблари ва мақолаларини оффлайн ўқиш учун юклаб олиш имконияти.

• Power Point презентацияларини автоматик яратиш.

• Маълумотлар омборининг ҳар 24 соатда янгиланиб туриши.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, Elsevier компаниясининг ClinicalKey платформаси шифокорлар учун далилларга асосланган тиббий маълумотларни ўзида сақлаган жаҳон миқёсидаги етакчилардан бири ҳисобланади.