Тарихимизнинг энг шонли саҳифаси бўлган бу кун моҳиятида йилларнинг салмоқдор бўлиб бориши эмас, балки ўтган даврда жонажон диёр эрку озодлиги учун умрини тиккан аждодлар бошлаган улуғвор вазифаларни бажаришда, юрт ободлиги, халқ фаровонлиги йўлида қўлга киритилган муваффақиятлар, ютуқлар салмоғи муҳимдир.

Қатрада қуёш акс этади. Биргина Жиззах вилояти... Бугун унинг чўл зоналари, олис тоғли ҳудудлари ҳам таниб бўлмас даражада янгиланиб, обод бўлиб, ривожланиб, замонавийлашиб кетгани янгилик эмас. Фарзандлари азалдан достонлар қаҳрамонлари янглиғ оташқалб, шижоатли, меҳнатсевар бўлган Жиззах табиий жойлашувига кўра чўл зонаси, аммо бу тушунча тарихда қолгандек.

Яшилликка бурканган, замонавийлашиб бораётган, тараққиёти баравж вилоят ҳозир маҳаллий ҳамда хорижий бозорларга йилига ўн минглаб электромобиль ва гибрид машиналар етказиб бераётган, замонавий енгил автомобилларни йиғиш ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйган, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, саралаш ва тўғридан тўғри ташқи бозорга экспорт қилиш билан шуғулланувчи йирик логистика хабига айланган, маиший ва саноат эҳтиёжлари учун 1,5 мингдан ортиқ турдаги электротехника ва ёритиш жиҳозларини ишлаб чиқарувчи забардаст заводга эга бўлган, вилоятда етиштирилган пахтани тўлиқ ўзида қайта ишлайдиган йирик кластер ва фабрикалари кенгайиб бораётган истиқболли ҳудуд — янги Жиззахга айланмоқда.

Донишмандлар илму ҳунар, кашфиётлар эзгу ниятли инсонлар қўлидагина яхшиликка хизмат қилишини айтади. Юртимизнинг барча вилоятларида бўлгани каби Жиззах шаҳару қишлоқларини гуллатиб яшнатаётганлар — ҳар бир мақсад, вазифа, режага покиза қалб, тоза ният, юксак маънавият билан қўл ураётган элпарвар, юртпарвар замондошларимиз.

Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйига бағишлаб Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ва ҳамкор ташкилотлар томонидан “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида ташкил этилган фестиваль тадбирлари юқори савияда давом этмоқда. Илму фан, адабиёт, санъат ва маданият ходимларининг бир гуруҳ вакиллари ёзнинг айни чилласида Жиззах вилоятига байрамона кайфият билан келдик. Қутлуғ анъанага кўра, фестиваль муқаддимасида Жиззах шаҳрининг энг гўзал, мазмун-моҳияти билан бетакрор бўлган марказий хиёбонида салобат тўкиб турган арбоб, ижодкор, халқу Ватанга садоқатли хизматлари билан тарихимизда ўчмас ном қолдирган Шароф Рашидов ҳайкалини гуллар билан зиёрат қилдик. Майдонга ёнма-ён адабиёт боғ майдонида — шеъриятнинг қўшқанот янглиғ намояндалари Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним сиймолари олдида жўшқин мушоира бошланиб кетди.

Ўхшаши йўқ бу гўзал бўстон

Мирзачўл, Ғаллаорол, Зомин, Бахмал, Зарбдор, Арнасой... Вилоятнинг қайси ҳудудида бўлманг, ҳар заррасида қуёш нури жилваланган тупроқ, тоғу тошлар, юксалган зумуррад арчазорлар, олмазорлару мевазорлар, гулу гиёҳлар ва уларга ҳаёт бағишлаган зилол сувларнинг сўзбўёқлардаги тасвири — оташқалб шоир Ҳамид Олимжоннинг “Ўзбекистон” шеъри дилингда жаранглайверади.

Дарвоқе, шоирнинг бу гўзал мадҳияси 1935 йилда ёзилиб эълон қилинган ва ­эътиборлиси, айни шеър ўзбек адабиётида биринчи марта “Ўзбекистон” деб сарлавҳа қўйилган асар ҳисобланади. Унгача ижодкорлар она юртни шеъру достонларида очиқ тараннум этишлари ҳам сиёсий айбловларга восита бўлган.

Адабиёт, санъатнинг жонкуярлари бўлган ёши улуғлар ўтган асрнинг иккинчи ярмида ҳам оташқалб шоирларимизнинг Ўзбекистон ҳақида, ўзбек халқимиз мадҳиясида айтган шеърлари-да сиёсий таъқибларга учраганини яхши билади. Яқин тарихимизнинг бу дардли саҳифалари ҳам сабоқ беради: гарчи мустақиллигимиз жаҳон ҳамжамиятига 1991 йил 1 сентябрь куни баралла эълон қилинган бўлса-да, бугунги озоду обод ҳаётимиз, тараққиёт, фаровонлик, дунёвий эътирофлар ота-боболаримиз эрку истиқлол учун юз эллик йиллар аввал жон тикиб бошлаган курашларининг ҳам мақсади, орзулари рўёбидир.

Кўнгил каъбаларин обод этаётганлар  

Даставвал Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида жойлашган Ногиронлиги бўлган аёллар учун ғамхўрлик марказидаги жисмоний ва руҳий ёрдамга муҳтож уч юзга яқин хотин-қизни йўқладик. Уларни парваришлаётган, дардларини бўлишаётган, оғирини енгил қилаётган, вақтларини фойдали, мазмунли машғулотлар билан ўтказишда ҳамроҳ бўлаётган, малакаю иқтидор куртакларини қадрлаб улғайтираётган меҳридарёлар хизматларини кузатаркан, юқоридаги фикр дилимдан кетмади.

Катта майдонни эгаллаган бинонинг кенг, гуллар яшнаб ётган йўлакларига туташ баҳаво, чиройли хоналарнинг кўпчилик бекалари тақдирнинг оғир синовларига учраган ёки шундай тақдир билан дунёга келган: махсус тиббий комиссиянинг тавсиясига асосан Ижтимоий ҳимоя агентлиги қарори билан бу манзилга юборилганларнинг қай бирлари қўл-оёғи чаққон, қийналиб ­бўлса-да, ­гапингни уқади, қай бирлари эса у ёнидан бу ёнига ўгирилиш учун ҳам кўмакка муҳтож... Жисмоний, руҳий аҳволи турлича бўлган бу хотин-қизлар билан кўришиб, саломлашиб, мулоқот қилиб юрарканмиз, бир ҳолат алоҳида диққатимни тортди: бу ерда меҳнат қилаётган ижтимоий ходимлар, шифокору ҳамширалар, меҳнат инструкторлари, кичик тиббий ходимларни кўрганда бемор ­аёлларнинг юзу кўзларида қувонч, ёруғлик, талпиниш яққол намоён бўлади. Демак, икки томонни меҳру мурувват, бағрикенглик, чин инсонийлик ришталари боғлаган.

Йўлаклар деворларига илинган қўл меҳнати намуналари — кашталар, мунчоқлардан йиғилган манзаралар эътибор тортади, лекин махсус кўргазма хонасидаги ҳамёнча, нонсавату чойнакпўшлар... қуш кўзидек майда нозикларни териб ижод қилинган мозаика гуллар, манзараларнинг баҳоси йўқ. Чунки...

— Мана бу табиат манзарасини доимо бир ҳолатда ётадиган бемор аёл мунчоқлардан териб чиққан, — меҳнат инструктори Соҳиба Орзиқулованинг бу гапидан лол бўлиб қолдим. — Ҳа, ҳайрон бўлманг. Шунақа аёллар бизда оз эмас. Уларни қанча кўп ҳаракатга, ижодга жалб қилсанг, шунча қувонади. Кунлар давомида бир ҳолатда ётиб, нимжон бармоқлари билан ижод қилишдан чарчамайдилар...

Биз, меҳмонлар “Маърифат” тарғибот жамиятининг совғалари бўлган тўқиш учун иплар, ясаш учун мунчоқлар каби нарсаларни топширганимизда, мезбон бекалар қанчалар қувонгани сабабини энди яхши англадим. Бу мунис аёллар имкониятлари, қувватлари етганича меҳнат, ижод қилишни хоҳлайди, шунга интилади.

Кейин марказнинг кенг, баланд, шинам жиҳозланган залида аёллар санъаткорларнинг қўшиқларини эшитди, рақсга тушди, навбат билан Ҳамид Олимжон, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуфнинг Ватан ҳақидаги шеърларини ўқиди. Шеърий сатрларни, ибораларни гарчи қийналиб, камчиликлар билан талаффуз этсалар-да, аммо бу маъсума юракларнинг ҳаётга, гўзалликка, халқу Ватанга муҳаббати самимий, юз-кўзлари ва сўзларида жамиятнинг меҳрли оғушида эканидан миннатдорлик балқиб турарди.

Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиздаги ҳар бир инсон ҳаётдан рози бўлиб яшаши кераклиги ҳақидаги таъкидлари беихтиёр ёдимга тушди. Саодат Очилова, Сайёра Қодирова, Соҳиба Орзиқулова, Матлуба Равшанова каби фидойи, сабру тоқатли, қалби ­эзгуликка тўла ходимлар бу тамойилни амалга ошириб, фидойилик билан хизмат қиляпти. Уларнинг меҳнатлари Каъбани обод қилиш мақоми каби улуғ, албатта.

Эртамиз мактаблардан бошланади

Бахмал туманидаги аниқ ва табиий фанларга ихтисослашган мактабнинг гулзору мевазор ҳовлисидан ўтиб, ичкаридаги кенг, нурафшон йўлаклар, ўқув хоналарини, у ердаги яшнаган гулларни, ўқувчилар фанларни чуқур ўзлаштириши учун кўргазмали қуроллар, замонавий технологиялар асосида жиҳозланган синф хоналарини кузатарканмиз, хоразмлик ажойиб муаллима, Ўзбекистон Қаҳрамони Анора Маҳмудованинг “Бола мактабга худди байрамга боргандек бориши керак”, деган гапларини эсладим. Ҳа, бундай шароитларда илмга интилган ёш қалбларнинг ҳаваси, ғайрати, қизиқувчанлиги, изланувчанлиги янада ортиши табиий ҳол.

— Президентимиз фармони билан мактабимиз 2022-2023 ўқув йилида ташкил этилиб, фаолиятини бошлаган, — дейди мактаб директори Сурайё Абдураҳмонова. — Бу йил тўртинчи авлод битирувчиларини учирма қилдик. Аввалги йиллари саксон фоиздан ортиқ ўқувчиларимиз давлат олий таълим даргоҳларига ўқишга кирганди. Қолганлари ҳам хусусий университетлар талабаси бўлган. Мақсадимиз — давлат ОТМларига юқори баллар билан кира оладиган ўқувчиларимиз сонини юз фоизга етказиш.

Мактабнинг спорт зали ҳашаматли деган таърифга хўп муносиб. Махсус спорт мактабларининг турли спорт машғулотлари, мусобақалар ўтказишга мослаб қурилган ва жиҳозланган саройларидан қолишмайди. Ўқувчилик йилларимни эсладим, бундай шароитда ёшликдан чиниқиб борган болаларнинг жисмоний-руҳий соғлиғи умрининг охиригача энг бебаҳо бойлиги, катта мақсадларга етиш йўлидаги нақд имконияти бўлиб қолади.

Қишлоқ элининг бу мактабда ўқиётган ўғил-қизларнинг билимга қизиқиши, юриш-туриш ва муомалада тенгдошларига ибрат бўлаётгани, бошқаларга ҳурмату одоби ҳақидаги гапларини тинглаб ташқарига чиқаётгандик, мактаб дарвозасидан кириб келаётган мактаб ёшигаям етмаган болакайлар диққатимни тортди. Улар ўзларига муносиб ўлчамдаги бокс чарм қўлқопларини кўтариб олганди. Демак, мана шу полвончалар ҳам спорт залида шуғулланади, бу ерда мавжуд имкониятлардан жуда кўпчилик ­фойдаланяпти.

Ҳа, “бирники — мингга, мингники — туманга”. Бугун фанларни чуқур ўзлаштириб, мактаби, оиласи, маҳаллаю юрти шарафини юксалтираётган ўғил-қизлар атрофидаги юзлаб, минглаб тенгдошларига ибрат.

Ҳозир Жиззах шаҳрида Президент мактаби, Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаби, Ал-Хоразмий номидаги аниқ фанларга ва Ибн Сино номидаги табиий фанларга ихтисослашган мактаблар ҳамда ўн битта туманда турли фанларни чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактабларда 4921 ўғил-қиз таълим-тарбия оляпти. Иншааллоҳ, булар илму урфон осмонида ўчмас юлдуз бўлиб чақнаган аждодларга муносиб авлодларни камол топтириш йўлидаги дастлабки қадамлар, холос.

Ҳикмат излаганга

ҳикматдир дунё

Мустақиллигимизнинг илк йиллари эди. Оғир жигар хасталигига учраган Аббос Наврўзов тиббий муолажалар ёрдамида тузалиб кетишига шифокорлар ҳам аниқ-тиниқ жавоб бермади. Ташвишда қолган хонадон аъзоларидан бирига кимдир бундай пайтда туя сути ичиш жуда фойдали эканини айтибди. Ноёб бўлса-да, вилоятда туяни топишди, унинг сутини ичиб дарддан тамоман халос бўлган Аббос Наврўзов ҳозир беш фарзанднинг отаси. Айни кунда у Мирзачўл туманининг Эржар маҳалласида ўзи ташкил этган, туячиликка ихтисослашган “Халосов халос” масъулияти чекланган жамияти раиси.

— Туя сути, айниқса, жигар касалликларини даволашда тенгсизлигини ўзим синаб кўргач, ўшанда қатъий қарорга келгандим. Қорақалпоғистондан, Навоий вилоятидан туялар олиб келдик, — дейди Аббос Наврўзов. — Уларни асраш, парваришлаш, ўстириш учун туман ҳокимлиги ўттиз гектар ер ажратиб берди. Ҳозир туяларимиз сони юздан ортди. Шифоталаблар сўраб-суриштириб Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондан ҳам келади. Улар муайян муддат туянинг янги сутини ичиб, даво топади. Шунинг учун меҳмонхона ҳам ташкил қилдик.

Баъзилар “Қорақалпоғистонда, Навоий вилоятида ҳам туялар бор экан, беморлар Жиззахга келиб юриши шартми?” деб савол беради. Ажойиб жиҳати... бир мисол билан жавоб берайлик: водийлик кекса беморнинг ўғиллари оналарини йўл машаққатидан қутқариш учун ҳатто туя сотиб олибди. Аммо водийда боқилган туянинг сути онахонга Мирзачўл қуёшини эмган янтоқларни, тиканларни еган, чўл тупроғининг тафтини ўзига сингдириб, шу ернинг сувини ичган туяларнинг сути каби наф бермабди... Ва яна: Навоий вилоятида нари борса кунига 2 литрдан сут берган туялардан бу ерда 5-6 литрдан шифобахш неъмат соғиб олинмоқда.

Юртимизда хайрли ишларнинг юксак даражада қўллаб-қувватланишига яна бир ёрқин мисол: халқ саломатлигига бу қадар фойдали бўлган маҳсулотни кўпайтириш учун махсус қарор билан Эржар маҳалласини туячиликка ихтисослаштириш бошланди. Ўн бешта хонадонга 150 миллион сўмдан имтиёзли кредит ажратилди, ҳозир улар иккитадан туя сотиб олиб, тадбиркорликни бошлаб юборган.

 

Бунда булбул китоб ўқийди

 

Жиззах шаҳридан Ғаллаорол туманидаги Авлиё қишлоғида жойлашган Саад ибн Абу Ваққос зиёратгоҳига қандай етиб келганимизниям билмай қолибмиз. Олтинчи синф ўқувчиси Зиёвиддин Қаҳрамоновнинг ёд айтган шеърлари, соддаю самимий фикрлари, айниқса, бадиий асарлар моҳиятига урғу бериб шеърларни ифодали ўқишига маҳлиё бўлиб қолдик. Бу ўсмирнинг кўнгил бисотида, айниқса, ота юрт таърифию мадҳияси, муҳаббати мавзусидаги шеърлар маржондек терилган экан. “Бекзод Ҳамронинг мана бу шеърини жуда яхши кўраман”, деб ўқий бошлади:

Ғаллаорол, бўлакчасан, кўрсам сени

Кетар дилдан кемтикларим, ўйиқларим.

Одамларинг бир ажойиб, бир ажойиб,

Журагимда сакраб юрган кийикларим.

...Тиканлари тобонимга кирсин, майли,

Ойланайин жонтоғингнинг соясидан...

Воҳ, бу ўсмир “Одамларинг бир ажойиб, бир ажойиб!” деган сатрни ўз лаҳжасида ўқиганда, меҳру муҳаббатнинг товланишини кўрсангиз, эшитсангиз! Қишлоқдаги 33-мактаб ўқувчиси Зиёвиддин юриш-туриши, шўх табиати, ўзини тутишидан тенгдошларининг бир вакили. Аммо табиат, наботот, ҳайвонотни асраш, уларни келажак авлодга асл ҳолича етказиш, ҳаво, сув, тупроқни мусаффо асраш ҳақидаги шеърларни ўқиганда, лоф деманг, унинг кўксида уйғоқ, ҳушёр, жонкуяр, табиат ва жамият олдида масъулликни зиммага олган катта юрак ураётганини ҳис этасиз. Бунинг сабаби оила ҳамда ўқитувчиларининг таълим-тарбиясида. Яна у Ғаллаоролдаги “Қақнус” деб ном олган тўгаракнинг катта мактабида одоб ва адабиёт илмидан ҳам тобланмоқда.

2011 йилда фаолиятини бошлаган “Қақнус” тўгарагининг чин адабиёт устахонасига айланган машғулотларидан юзлаб ёш қаламкашлар сабоқ олди, полапон каби катта адабиёт оламига парвоз қилди. Тўгарак аъзолари нафақат ўзбек адабиётининг таниқли намояндалари, шунингдек, Япония, Франция, Туркия, Ҳиндистон, Австралия, Болгария каби ўттизга яқин давлатнинг машҳур қаламкашлари билан юзма-юз мулоқотда уларнинг ижодий лабораторияси билан танишди, маҳорат сабоқларини ўзлаштирди. Республикамизнинг барча вилоятларидаги адабиёт шинавандалари “қақнус”чиларни марказий радио, телевидение, газета ва журналлардаги чиқишлари орқали яқиндан танийди. Бу йил ўн беш ёшини нишонлаган тўгарак фаолиятининг сара мевалари ўнга яқин назмий ва насрий тўпламдир. Сирасини айтганда, бошқа вилоятларнинг ёш қаламкашлари ўзларида ҳам шундай тўгарак бўлишини орзу қилади.

Бизга тасодифан ҳамроҳ бўлиб қолган Зиёвиддиннинг иқтидору имкониятларини қаранг! Унга ўхшаган ўғил-қизлар вилоятнинг қишлоғу шаҳарларида юзлаб, минглаб топилади. Ахир бу муқаддас анъана: шу юртда шеъру шуурга эгизак туғилган Эргаш Жуманбулбул ўғли, Ҳамид Олимжон, Шароф Рашидов, Тўра Сулаймон каби бахшилар, шоиру ижодкорлар ҳам болалигидан она тупроққа, боғу тоғлар, жилғалару дарёлар, гуллар, қушлар ва уларни заррин нурларга кўмган қуёшга мана шундай муҳаббат, ифтихор билан улғайган. Оққан дарё оқаверади. Шоира Зулфияхоним ёзганидек, бу боғлар ҳали бир боғлар бўладики!

Бир журналист ҳамкасбимизнинг ёзишича, Даштободдан таксига ўтириб Зоминга йўл олган йўловчи хорижга кетиб, у ерда яшаб қолган жиззахлик киши экан. У Лайлакуя қишлоғига етиб келгунича йўлнинг бир томонидаги симёғочлар устидаги лайлак­уялардан бошқа ҳеч бир жойни танимабди; “Ишқилиб, Зоминга кетяпмизми?” деб сўрабди ҳайдовчига шубҳали қараб. Мулоқот асносида меҳмоннинг бундан йигирма икки йил олдин четга чиқиб кетганини эшитган ҳайдовчи кулиб юборибди:

— Ака, сиз йигирма йил аввалги хотиралар билан яшаётган экансиз. Аслида, вилоятимиз шаҳар-қишлоқлари икки-уч йилда янгиланиб кетяпти-ку! Мана, мен ҳайдовчилик қила бошлаганимга олти йил бўлди, касбимни жуда яхши кўраман. Бизда чўл зоналардан ўтган текис йўллар ҳам, тоғли ҳудудларга кескин кўтариладиган ёки пастлайдиган йўллар ҳам кўп. Дастлаб иш бошлаган пайтимда асосан марказий кўчалар, бош магистрал йўллар асфальтланган эди, ҳаммасиям сифатли эмасди. Бугун, қаранг, текис, кенг йўллар... айниқса, тоғли жойларга йўлингиз тушса, кинолардаги каби ажойиб манзаралар бошланади... Олдиндан айтиб қўяй: обод маҳаллалари, замонавий мактаблари, дам олиш масканлари, боғлари, меҳмонхоналари, арчазорлар устидан ўтган дор йўли, аҳолига ва саёҳатчиларга савдо-сотиқ, маданий-маиший хизмат кўрсатадиган тизимлари билан одамларни ўзига магнитдай тортаётган Зоминни умуман танимайсиз! Менимча, бошқа бунақа жойни тополмайсиз ҳам!..

Муҳтарама УЛУҒОВА,

“Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси