Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан Бухоро давлат университетида янги йўналишлар – ”Босма оммавий ахборот воситалари” ҳамда “Жамоатчилик билан алоқалар” бакалавриатлари очилди. Ҳар бир йўналиш бўйича 25 талаба қабули режалаштирилган (5 та грант, 20 та контракт).
Ўқиш журналистика соҳасида мамлакатимизда етакчи олий ўқув юрти ҳисобланган Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети олимлари томонидан яратилган ўқув режалар ва фан дастурлари асосида ташкил этилади. Журналистика касби талабларига мувофиқ ўқиш пайтида журналистик амалиётга алоҳида эътибор берилади. Яъни, бутун семестр давомида асосий ўқишдан бўш вақтда талабалар томонидан вилоят, шаҳар, туман газеталари, радио ва телевидение ҳамда матбуот марказлари ишларида қатнашиб, ўз чиқишларини таъминлаб боришлари шарт, бунинг учун ҳар семестрда алоҳида ҳисобот топширилади.
Журналистика тез ривожланиб бораётган соҳа бўлганлиги сабабли бўлажак талабалар инглиз ва рус тилларини билишлари мақсадга мувофиқ. Бу бўлажак мутахассисларнинг малакали кадр бўлиб етишиши ва замон билан ҳамнафас фаолияти юритишида қўл келади. Шу боис, ёшларга бу йўналишда ҳам замонавий андозалар асосида таълим берилади.