Ҳозир мазкур муассасаларда ходимлар ва тарбияланувчилар давоматини юритиш биометрик идентификация қилиш технологияси орқали амалга оширилмоқда.
Бу жараёнда мобиль илова орқали ҳар бир бола суратга олиниб, Мактабгача таълим вазирлигининг электрон базасига юборилади. Тизим асосида болалар ва ходимларнинг боғчага келиб кетиши реал вақт режимида назорат қилинади. Тармоқ Молия вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлиги ахборот дастурига интеграция қилинган.
Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 2 августдаги “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик муносабатларини замонавий рақамли технологиялар ёрдамида соддалаштириш чора- тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бу жараёнда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар ходимларнинг ишга келиб кетиши ҳамда тарбияланувчиларнинг давоматидан келиб чиқиб автоматик равишда ҳисоблаб чиқилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, тарбияланувчиларнинг ўртача ойлик давомати муассасада рўйхатга олинган тарбияланувчилар сонига нисбатан 40 фоиздан кам бўлса, шу ой учун ходимларга давлат бюджети маблағлари ҳисобидан иш ҳақи тўланмайди.
Давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг субсидиялардан мақсадсиз фойдаланишининг олдини олишда янги тизимнинг аҳамияти катта.
Юнусобод туманида жойлашган давлат-хусусий шериклик асосидаги “Little tots academy” номли нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият бошлаганига унча кўп вақт бўлгани йўқ. Муассаса 240 ўринга мўлжалланган бўлиб, болалар 11 та гуруҳда таълим-тарбия олади. Ташкилотнинг лойиҳа қиймати 7,2 миллиард сўмни ташкил этади. Шундан 5,4 миллиард сўми имтиёзли кредит асосида, қолган 1,8 миллиард сўм маблағ тадбиркорнинг ҳисобидан. Айни вақтда боғчада 15 нафар педагог меҳнат қилмоқда. Муассаса тарбияланувчиларининг 25 фоизи ижтимоий кўмакка муҳтож оила фарзандларидир.
— “Болалар боғчаси” ахборот тизимига ўтилганидан сўнг муассасадаги баъзи ноқулайликлар бартараф қилинди. Бу тизим нафақат тарбияланувчилар, балки ходимларни ҳам тартиб-интизомга ўргатяпти. Илгари ҳамма ҳужжатлар қўлда юритилган, инсон омили қатнашган бўлса, энди қоғозбозлик камайган, аввалгидек дафтарга ёзиб ўтирмасдан жонли давомат юритилади, — дейди “Little tots academy” давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилоти директори Нигина Алаутдинова.
Мобиль илова сентябрь ойидан давлат бюджети орқали субсидия ва компенсация оладиган мактабгача таълим ташкилотларида 100 фоиз ишга туширилган. Ҳозир кунлик давомат 80–85 фоиз кўрсаткични ташкил этмоқда.
Мазкур тизим МТТда озиқ-овқат харажатларини назорат қилишда ҳам афзалликларга эга. У ходимлар ва тарбияланувчиларнинг ягона маълумотлар базасини шакллантириш, ходимларнинг иш вақти ва тарбияланувчилар давоматини реал вақт режимида мониторинг қилиш, МТТларда озиқ-овқат харажатларини автоматик ҳисобга олишни замонавий рақамли технологиялар орқали юритиш имконини бермоқда.
Сергели туманидаги 42-давлат мактабгача таълим ташкилоти 345 ўринли бўлиб, 10 та гуруҳда болаларга таълим-тарбия берилади. Шунингдек, инвестиция дастури доирасида таъмирдан чиқарилиб, 13 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланган ушбу муассасада болаларга яратилган шароит ҳавас қилгулик. “Болалар боғчаси” тизими йўлга қўйилган. Жисмоний шахсни биометрик идентификация қилиш орқали ходимлар ва тарбияланувчилар давомати белгиланган тартибда юритилмоқда. Тарбияланувчиларнинг келиб кетишини ҳисобга олишнинг замонавий рақамли технологиялар ва идоралар аро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда автоматлаштирилиши жараён очиқлиги ва шаффофлигини таъминлайди.
— “Болалар боғчаси” тизимининг жорий этилгани давомат билан боғлиқ тартибсизликда ишончли идентификацияни таъминловчи комплекс ечимдир. Шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида битим имзолашдаги коррупцион ҳолатларга барҳам беришда ушбу электрон тизим қўл келади, — дейди Мактабгача таълим вазирлигининг ахборот-коммуникация технологиялари ва ахборот хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраев. — Бу жараён шу билан тўхтаб қолмайди. Тизимни рақамлаштириш такомиллаштирилган тарзда давом эттирилади.
Вазирлар Маҳкамасининг “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик муносабатларини замонавий рақамли технологиялар ёрдамида соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига субсидия ва компенсациялар давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим амал қилиш даврида, ўқув йили ва соғломлаштириш даври мобайнида ҳисобланиши ва тўланиши белгиланган.
Шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосидаги МТТларга давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар уларда таълим олаётган 3 ва ундан катта ёшдаги, шу жумладан, 7 ёшга тўлган, бироқ мактабга қабул даврини кутаётган болалар учун тўланиши кўрсатилган. Ана шу жараёнлар тартибга солинишида “Болалар боғчаси” тизимининг аҳамияти катта.
Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида болаларга МТМда таълим-тарбия беришнинг ноёб муқобил усулларини излаш ва амалиётда жорий этиш муҳим аҳамиятга эга эканига алоҳида урғу берилган. Болаларнинг мустақил шахс бўлиб шаклланиши, қобилиятининг юзага чиқиши, ўқишга, таълим олишга иштиёқининг ошиши улар таълим-тарбия олаётган муассасанинг ҳозирги замон талаблари ва стандартларига жавоб бера олишига ҳам боғлиқ. Шу ўринда мамлакатимизда мактабгача таълим ташкилотларида жорий қилинган янги тизим болаларни мактабда ўқишга мақсадли ва тизимли тайёрлаш баробарида уларга муносиб шарт-шароит яратиш, мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичини оширишга хизмат қилмоқда.
Бугун биргина Тошкент шаҳрида 915 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият олиб боряпти. Шундан 491 таси давлат, 7 таси турли вазирлик тасарруфидаги, 371 таси нодавлат, 9 таси давлат-хусусий шериклик асосида ва 44 таси оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларидир. Ҳозир буларнинг барчасида “Болалар боғчаси” а хборот тизими ишга туширилган.
Рисолат МАДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири