Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари ташаббуси билан “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан мазкур қонун лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқишга бағишланган ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилди.
Унда қуйи палата депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Мактабгача таълим вазирликлари масъуллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Хўш, мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга нима зурурат туғилди? Мурожаатлар билан ишлашнинг амалдаги тизими аҳолининг мавжуд муаммоларини тўлиқ қамраб олиш ва тезкорлик билан ҳал қилиш имконини бермадими?
Депутатларнинг айтишича, амалдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 2014 йил 3 декабрда қабул қилинган. Унда жамоавий мурожаатга тариф берилмаган, қонун лойиҳасида жамоавий мурожаат бир ёки бир нечта масала бўйича учдан кам бўлмаган шахснинг мурожаати деб очиб берилмоқда. 9-моддада жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш тартиби белгиланган бўлиб, давлат органлари ташкилот раҳбарлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш киритилган.
Бугун ҳаёт шиддат билан ўзгармоқда, одамларнинг талаблари, истаклари ўзгармоқда.
– Бугун “халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган эзгу тамойил давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавжуда Ҳасанова. – Айниқса, жойларда барча даражадаги раҳбарлар билан жонли мулоқотлар ва сайёр қабуллар йўлга қўйилгани одамларда муаммоларини ҳал қилиш мумкинлигига катта умид ва ишонч уйғотди. Аммо ҳозирги давр мурожаатлар билан ишлашда янгича тизимда ишлашни тақозо этаётгани сабабли бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан мазкур қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда хорижий тажрибалар, хусусан, “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Беларусь, Қирғизистон, Озарбайжон Республикаларининг ушбу соҳани тартибга солувчи қонун нормалари ўрганиб чиқилган. Қонун лойиҳасига кўра, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг 3, 9, 13, 21, 231, 241–моддаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Қонун лойиҳасида фуқароларни видеоконференцияалоқа орқали қабул қилиш тартиби киритилмоқда. Бу ўз навбатида, икки томонлама мулоқотни йўлга қўйишга имконият беради.
Йиғилишда қонун лойиҳаси ишчи гуруҳ томонидан қизғин муҳокама этилиб, депутатлар томонидан келиб тушган таклифлар асосида янада такомиллаштириладиган бўлди, деб хабар беради Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати.