Россия Федерацияси ИИВнинг маълум қилишича, миграция соҳасида ишлаб чиқилаётган янги қонун чет эл фуқароларининг мамлакатга кириб келиши, мамлакат ҳудудида бўлиши ва вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишини тартибга солади.
Янги қонун лойиҳасига Россия Федерацияси ИИВнинг Миграция масалалари бўйича бош бошқарма бошлиғи ўринбосари К.Aдзинов изоҳ бериб, миграция соҳасидаги қоидаларни тубдан ўзгартирадиган катта қонун ёзилаётгани, бу чет эл фуқароларининг мамлакатга кириши, мамлакат ҳудудида бўлиши, ишлаши билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларга таъсир қилиши ва ҳозирда амалда бўлган қатор ҳужжатларни бекор қилишини айтган.
Хусусан, Россия Федерацияси ҳудудига киришнинг иккита асосий тури бўлади: виза билан ва визасиз. Ҳозирда чет элликлар учун расмийлаштирилаётган барча ҳужжатлар ўрнини босадиган ягона ҳужжатни жорий этиш режалаштириляпти. Шунингдек, мажбурий тиббий суғурта доирасида меҳнат мигрантларига тиббий ёрдам кўрсатиш ва тиббий визалар олиш қоидаларини аниқлаштириш ҳам назарда тутилган.
Миграция тўғрисидаги янги қонун 2024 йилда кучга кириши мумкин, деб хабар беради Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати.