Қонун билан Солиқ кодексига юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари учун рағбатлантириш чоралари жорий этилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Кодексга тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги тушунчаси киритилмоқда.
Юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига нисбатан солиқлар бўйича (бундан қўшилган қиймат солиғи мустасно) ортиқча тўланган суммани қайтариш уч кунлик муддатда амалга оширилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги бўйича «ААА» тоифадаги тадбиркорлик субъектларига нисбатан эса солиқ текширувлари ўтказилмайди (бундан жиноий ишлар доирасида ўтказиладиган текширувлар мустасно).
Мазкур тоифадаги тадбиркорлик субъектларига қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш камерал солиқ текширувидан ўтказилмасдан бир кунлик муддатда амалга оширилади.
Мазкур Қонун солиқларни ўз вақтида тўлаётган ва қонунчилик талабларига мувофиқ фаолиятни амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратишга ҳамда уларни рағбатлантиришга хизмат қилади.