Молия вазирлиги Ахборот технологиялари марказининг “УзАСБО” дастурий мажмуаси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекциясининг “pedkadr.tdi.uz” платформаси ўртасида 2022-йил 1-апрелдан бошлаб икки томонлама маълумот алмашинуви йўлга қўйилди.
Шунга асосан, Ахборот технологиялари маркази томонидан “УзАСБО” дастурий мажмуасида алоҳида модул яратилди. Ушбу модул орқали педагог ўқитувчиларга берилган ҳамда амалда бўлган барча малака тоифа сертификатларининг маълумотлари Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекциясининг “pedkadr.tdi.uz” платформасидан олинмоқда.
Бунинг натижасида, Марказлашган бухгалтерия хизмати ходимлари томонидан педагог ўқитувчиларнинг малака тоифа сертификат маълумотларини шакллантириш автоматик равишда бажарилмоқда. Шу асосда, педагог ўқитувчиларнинг малака тоифа сертификати учун ойлик иш ҳақига қўшимча устамалар ўз вақтида ва тўғри тўланишига эришилди.
Шунингдек, Молия вазирлиги томонидан марказлашган бюджет ташкилотларига ўқув йили бошида давлат бюджетидан маблағлар режалаштириш жараёнида педагог ўқитувчиларнинг малака тоифа сертификати маълумотларидан (сертификат тақдим қилинган муддат, амал қилиш муддати ва малака тоифа даражсидан) келиб чиқиб, тарификация учун маблағлар ажратилиши автоматик равишда шаклланадиган қилинди.
Бу ҳақда Молия вазирлиги Ахборот хизмати маълум қилди.