“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан мазкур қарор ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Газли ҳудудида табиий газ қазиб чиқариш ва уни қайта ишлаш борасидаги ишлар тубдан ўзгаргани, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг табиий газга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида бир қатор лойиҳалар амалга оширилгани бунга яққол мисолдир.

Таъкидлаш керакки, Ромитан тумани олис чўл массивидаги Газли шаҳарчасида, вилоят марказидан қарийб 100 километр узоқликда жойлашган “Газлинефтгазқазиб чиқариш” газни қайта ишлаш заводи 1980 йилда ишга туширилган. Унинг пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмаси йилига 4,5 миллиард метр куб газни қайта ишлаб, 80 минг тоннагача пропан-бутан аралашмаси ҳамда 37,5 минг тонна газ конденсати ишлаб чиқаришга мўжалланган.

Ҳозирги кунгача “Газлинефтгазқазибчиқариш” корхонасида фақатгина амин кимёвий воситаси ёрдамида газни олтингугуртдан тозалаш қурилмалари орқали тозаланган газлар тўғридан-тўғри “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятининг магистрал газ қувурларига узатилиб келинарди. Бугунги кунга келиб, заводда газни цеолит ёрдамида қуритиш ва табиий газ таркибидан пропан-бутан аралашмаларини ажратиб олиш қурилмалари ҳам барпо этилди.

Яна бир янгилик: куни кеча мазкур заводдаги пропан-бутан аралашмаси олиш қурилмасининг иккинчи босқичи муваффақиятли ишлаб чиқаришга жорий қилиниб,  суюлтирилган газ маҳсулотини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бунинг учун корхонага зарур ускуналар эса Украина, Россия, Германия, АҚШ ва Чехия давлатларидан олиб келинди.

Масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Газлинефтгазқазибчиқариш”  корхонаси раҳбари Абдулла Мажидовнинг маълум қилишича, қурилиш-монтаж ва синов ишлари “Ўзбекнефтгаз” АЖ нинг малакали мутахассислари қатъий назорати остида, Бош пудратчи – “Муборакнефтгазмонтаж” АЖ томонидан амалга оширилган.

— Янги барпо этилган лойиҳага биноан газни цеолит ёрдамида қуритиш қурилмаси ҳамда пропан-бутан аралашмаларини олиш қурилмалари замон талабларига мос равишда рақамлаштирилди, – дейди Абдулла Мажидов. — Ушбу қурилмаларни ҳам қўлда, ҳам автоматик бошқариш имконияти яратилди. “Газлинефтгазқазибчиқариш” заводида ушбу қурилмаларнинг ишга туширилиши “Ўзтрансгаз” АЖ ва истеъмолчиларга газ қувурлари орқали етказиб берилаётган газнинг тоза ва сифатли бўлишини таъминлайди. Бундан ташқари, пропан-бутан аралашмаси олиш қурилмасининг ишга туширилиши натижасида республика аҳолисига қўшимча йиллик 80 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш имконияти вужудга келмоқда.

Ҳозирда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг Углеводородлар қазиб чиқариш департаменти ҳамда бошқарма ва заводлар мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан ушбу заводда ишлаб чиқариш режа кўрсаткичларининг бажарилишини таъминлаш учун барча зарур чоралар кўрилаётганини алоҳида таъкидлаш зарур. Чунки бу жараёнда янги қурилмаларни ишлатиш, уларни бошқараётган ишчи-ходимлар малакасини оширишни назорат қилиш жуда муҳим аҳамиятга эга.

Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати