Давлатимиз раҳбари сўнгги ўн йилда энергетика соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилганини таъкидлади. Соҳага хусусий сектор ва хорижий инвесторларни жалб қилиш учун зарур ҳуқуқий ва ташкилий шароитлар яратилди.

Натижада энергетика тармоғига 23 миллиард доллар хорижий инвестиция киритилди, жойларда умумий қуввати 9,5 гигаватт бўлган электр станциялари ишга туширилди. Электр ва газ тармоқлари, подстанциялар, трансформаторлар ҳамда газ тақсимлаш қурилмаларини янгилашга 30 триллион сўм йўналтирилди.

Шу билан бирга, яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиш, тизимни бошқариш, жойларда талаб ва ижро интизомини таъминлаш бўйича жиддий камчиликлар сақланиб қолаётгани кўрсатиб ўтилди.

– Очиқ айтиш керак. Энергетикада муаммо маблағда эмас, чунки қанча керак бўлса, топиб беряпмиз. Муаммо тизимнинг бошқарувида, – деди Президентимиз.

Айрим ҳудудларда инфратузилма деярли бир хил бўлса-да, электр ва газ таъминоти сифати кескин фарқ қилиши қайд этилди. Бу, аввало, раҳбарларнинг талаби, назорати ва шахсий масъулияти турлича экани билан изоҳланди.

Жорий йилнинг июнь-июль ойларида электр тармоқларида 4 мингга яқин авария содир бўлган. Оқибатда айрим ҳудудларда аҳоли ва тадбиркорлар 8-10 соатгача электрсиз қолган. Айни пайтда кўплаб ҳудудларда истеъмолнинг ўсиши ва инфратузилмага тушадиган юклама олдиндан ҳисобга олинмаган.

Тармоқдаги электр энергияси йўқотишлари 17,2 фоизни ташкил этмоқда. Ўтган олти ойда 4,8 миллиард киловатт-соат электр энергияси йўқотилган.

АСКУЭ ва АСКУГ тизимлари жорий қилинганига қарамай, юз минглаб электр ва газ ҳисоблагичлари марказлашган тизимга маълумот узатмаётгани кўрсатиб ўтилди. Бу истеъмолни тўғри ҳисобга олиш, йўқотишлар ва дебитор қарздорликни камайтиришга тўсқинлик қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари энергетика тизимидаги ҳар бир раҳбарнинг иши, энг аввало, одамларнинг кундалик ҳаётида ва тадбиркорлик фаолиятида сезилиши кераклигини таъкидлади.

Тизимдаги жиддий камчиликлар учун энергетика вазири ва “Ҳудудий электр тармоқлари” раҳбари лавозимидан озод этилди. “Миллий электр тармоқлари”, “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзтрансгаз” ва “Ҳудудгазтаъминот” раҳбарларига йил якунигача синов муддати белгиланди.

Энергетика вазирлиги, “Ҳудудий электр тармоқлари” ва “Ўзэнергоинспекция”нинг янги раҳбарлари бугундан янгича иш услубини жорий қилиши шартлиги қайд этилди.

Йиғилишда электр ва газ таъминоти билан боғлиқ ишларни “туманбай” ва “маҳаллабай” ташкил этиш бўйича янги тизим белгилаб берилди. Ҳар бир ҳудуднинг аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ва ижтимоий объектлар кесимида энергия истеъмоли баланси шакллантирилади.

Қайси маҳаллада тармоқ, трансформатор ёки газ тақсимлаш қурилмасини янгилаш зарурлиги аниқ белгиланади. Аварияларни камайтириш, ҳисоблагичларни ягона тизимга улаш, энергия йўқотишлари ва қарздорликни кескин қисқартириш бўйича манзилли дастурлар ишлаб чиқилади.

Бу борада Янгийўл туманида намунавий тизим яратиш вазифаси қўйилди. Тумандаги 51 та маҳаллада аҳоли ва тадбиркорларнинг электр ҳамда газга бўлган ойлик, чораклик ва йиллик эҳтиёжи тўлиқ ўрганилади.

Зарур инфратузилма, таъмирлаш ишлари ва уларни молиялаштириш манбалари аниқ режа асосида белгиланади. Барча ишлар 1 октябргача якунланиб, Янгийўл электр ва газ таъминоти бўйича намунавий туманга айлантирилади.

Ушбу тажриба кейинчалик республиканинг барча туман ва шаҳарларига татбиқ этилади. Энергетика тизими раҳбарлари ҳудудлардаги энг оғир туманларга бириктирилиб, ишларни маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда ташкил қилади.

Энергетика тармоғида рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Энергетика вазирлиги таркибида Ёқилғи-энергетика тармоғини рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий этиш маркази ташкил этилади. Марказ “ишлаб чиқариш – узатиш – тақсимлаш – етказиш” занжирини тўлиқ таҳлил қилиб, соҳани ривожлантиришнинг муқобил сценарийларини ишлаб чиқади.

АСКУЭ ва АСКУГ маълумотлари сунъий интеллект асосида таҳлил қилиниб, шубҳали истеъмол, йўқотиш ва қарздорлик ҳолатларини автоматик аниқлайдиган платформа ишга туширилади.

Шунингдек, тармоқдаги ҳар бир раҳбар ва ходим фаолияти аниқ натижа кўрсаткичлари асосида баҳоланади. Бунда авариявий ва режали узилишлар, йўқотишлар, дебитор қарздорлик, қувватлар резерви ҳамда таъмирлаш дастурларининг бажарилиши асосий мезон бўлади.

Йиғилишда куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Ҳозир табиий газ етказиб бериш қийин бўлган 1 минг 916 та маҳалла мавжуд.

Ушбу ҳудудлардаги хонадонларнинг иситиш тизимини барқарорлаштириш, электр инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва қўшимча энергияга бўлган эҳтиёжни таъминлаш бўйича аниқ ҳисоб-китоблар тайёрланади. Биринчи навбатда молиялаштириш талаб этиладиган маҳаллалар бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилади.

Бугунги кунда 3 миллион 700 минг хонадон суюлтирилган газдан фойдаланади. Тизим рақамлаштирилиб, тартибга келтирилган бўлса-да, газни ўз вақтида ва кафолатли етказиб бериш масаласи тўлиқ ҳал этилмагани қайд этилди.

Суюлтирилган газ таъминотига хусусий секторни кенг жалб қилиш вазифаси қўйилди. Бу борада дастлаб Андижон вилоятида янги тажриба жорий этилади.

Тадбиркорларга ўзи импорт қилган ёки биржадан харид қилган суюлтирилган газни аҳоли ва бизнес субъектларига етказиб бериш имконияти яратилади. Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга эса суюлтирилган газ хариди учун субсидия берилади.

Йил якунигача бу борада “Андижон тажрибаси” яратилиб, кейинчалик бошқа ҳудудларга татбиқ этилади.

Суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни йил якунигача режадаги 520 минг тонна ўрнига 606 минг тоннага етказиш белгиланди.

Шунингдек, хонадонларнинг реал эҳтиёжидан келиб чиқиб, газ баллонлари ҳажмини табақалаштириш таклиф қилинди. Суюлтирилган газни ташиш, сақлаш ва тарқатиш тизими хорижий тажриба ҳамда халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқилади.

Давлатимиз раҳбари энергетика соҳаси учун замонавий билим ва кўникмаларга эга кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида тўхталди.

Ҳозир 25 та техника олийгоҳида энергетика йўналишида йилига 5,5 минг мутахассис тайёрланмоқда. Бироқ таълим амалиёт билан етарлича боғланмагани сабабли битирувчининг ишга киришиб кетишига 2-3 йил вақт кетмоқда.

Шу муносабат билан олий таълим муассасаларидаги ёқилғи-энергетика йўналишлари бўйича таълим дастурларини тўлиқ янгилаш, лаборатория ва полигонларни замонавий талабларга мослаштириш топширилди.

Янги ўқув йилидан 3-курс талабаларининг ярми, 4-курс талабаларининг барчаси дуал таълимга қамраб олинади. Қуёш ва шамол генераторлари, электр зарядлаш ускуналари ҳамда бошқа янги технологиялар бўйича мутахассислар тайёрлашга устувор аҳамият қаратилади.

Йиғилиш якунида белгиланган вазифаларни қисқа муддатларда ва сифатли амалга ошириш, тармоқда ижро интизоми ҳамда шахсий масъулиятни тубдан кучайтириш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.