Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида электр энергияси ва табиий газдан қарздорлиги мавжуд истеъмолчиларга тегишли чора кўрилмаётгани тўғрисида мурожаат эълон қилинди. Ушбу мурожаат бўйича Энергетика вазирлиги расмий муносабат билдирди.

Бидирилишича,  Ўзбекистон туманида қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи “Греат Силк Роад Сервис” МCҲЖ (“Грексил”)нинг бугунги кунда фойдаланган электр энергиясидан 1 761,3 миллион сўм қарздорлиги мавжуд бўлиб, уни ундириш мақсадида “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” AЖ томонидан 2022 йил 26 сентябрь куни “Ўзаро ҳисоб-китобларни тартибга солиш ва қарздорликни бартараф этиш” юзасидан талабнома тақдим этилган.

“Грексил” томонидан фойдаланилган электр энергияси тўловни ўз вақтида амалга оширмагани учун жамият томонидан 30 сентябрь куни электр тармоқларидан ўчирилиб, электр энергияси етказиб берилиши тўхтатилган.

Шунингдек, “Грексил” корхонаси етказиб берилган табиий газдан 2022 йил 16 сентябрь ҳолатига 517 миллион сўм қарздорлиги сабаб, шу куннинг ўзида тармоқдан узилган.

2022 йил 19 сентябрь куни қайта назорат қилинган вақтда, ўзбошимчалик билан тармоққа уланиб олингани аниқланган.

Ҳолат юзасидан “Ўзбекистонтумангаз” газ таъминоти бўлими томонидан жойида далолатномалар тузилиб, табиий газ тармоғидан узилган. Шунингдек, 16 минг 956 куб метр табиий газ сарфи қайта-ҳисоб қилиб берилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, электр энергияси ва табиий газдан қарздор йирик истеъмолчиларни аниқлаш юзасидан ҳудудлар бўйлаб тизимли равишда назорат тадбирлари олиб борилади ва қарздор истеъмолчилар тармоқдан ажратилади.