“Ўзгидромет” маълумотларига кўра, атмосфера ҳавоси майда чанг заррачалари билан ифлосланиши натижасида, Энергетика вазирлиги мутахассислари бундай кунларда электр узатиш тармоқларида тўпланиб қолган майда чанг зарралари, шунингдек ёғаётган ёмғирлар электр таъминотида қисқа муддатли узилишларни юзага келтириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиради.
Бунинг сабаби шундаки, электр узатиш тармоқлари ва трансформатор пунктлари қурилмаларида чўккан чанг ва лой ҳамда кучли ёғингарчилик электр қурилмаларида носозликларни келтириб чиқариб, электр энергиясини узатишда техник муаммоларга олиб келади.
Хусусан, Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё, Сирдарё ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрининг айрим ҳудудларининг электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилиши мумкин.
Ҳозирда юзага келиши мумкин бўлган носозликларни бартараф этиш мақсадида жойларда махсус бригадалар шай ҳолатга келтирилган.
Шу ўринда истеъмолчилардан электр таъминоти масалалари бўйича ҳудудий электр таъминоти корхоналарига хабар беришларини сўраймиз.
Келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз, — дейилади Энергетика вазирлиги матбуот хизмати расмий баёнотида.