Йиғилишга Энергетика вазирлиги мезбонлик қилди.

Форумда Миллий энергетика идоралари ҳамда вазирликлари, шунингдек, Марказий Осиёнинг беш давлати, Афғонистон, Мўғулистон ва МДҲ энергетика Кенгашидан электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлаш билан шуғулланувчи компаниялар вакиллари иштирок этди.

2007 йилда ташкил этилган Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик бўйича махсус ишчи гуруҳ ҳар йили ёки ҳар икки йилда йиғилиб, минтақадаги энергетика соҳаси мутахассисларини йиғиб, электр энергиясини ишлаб чиқариш, импорт ва экспорт қилиш ҳамда транзит, савдо ва минтақавий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилади.

Бу йилги йиғилишда энергетика соҳасидаги анъанавий ва янги лойиҳалар ҳамда ташаббуслар муҳокама қилинди. Иштирокчилар 2019 йил март ойида бўлиб ўтган сўнгги учрашувдан кейинги даврни ўз ичига олган янгиланишлар, ҳисоботлар ва тақдимотлар билан танишдилар.

Кейинги йиғилишда қайта тикланадиган энергия манбаларининг ўсиб бориши ва уларнинг мавжуд ишлаб чиқариш қувватлари билан ўзаро таъсирининг ҳуқуқий ва техник жиҳатлари билан боғлиқ мавзуларга эътибор қаратиш, шунингдек минтақавий чегаралар орқали энергия тизимларини янада интеграциялашуви шароитида электр энергиясининг транзити билан боғлиқ масалалар бўйича мунозараларни давом эттириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати.