Анжуманда энергетиканинг жорий ҳолати ва истиқболлари, энергия самарадорлиги, энергетикада рақамли технологияларнинг қўлланиши, энергия ва ресурс тежамкорлиги, иссиқлик энергетикаси, электр энергетикаси ва сув-энергетика муаммолари; атом энергетикаси; муқобил ва қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергетиканинг экологик муаммолари йўналишларида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар муҳокама қилинди.
Йиғилишнинг мақсади электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлаш ҳамда ундан оқилона фойдаланиш борасида мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш ва бартараф этиш бўйича олиб борилаётган илмий тадқиқотлар ва олинган натижалар ҳамда электр энергетикаси соҳаси учун кадрлар тайёрлаш масаласи бўйича тажриба алмашишга қаратилди.
Мамлакатимиз энергетиклар олдига 2030 йилга бориб электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажмини 120 млрд кВтс.га етказиш вазифаси қўйилган. Бу эса бугун ишлаб чиқарилаётган 70 млрд кВтс.дан икки баробар кўп демакдир. Бу вазифа атом электр станциясини қуриш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш орқали ечилиши мумкин. Энергетика тизимидаги бу каби ислоҳотлар Ўзбекистон Республикасининг муайян қонунлари, Президентимизнинг тегишли фармон, қарорлари асосида амалга оширилмоқда.
Анжуманда Германия, Россия, Қозоғистон, Япония, Беларусь, Жанубий Корея давлатларидан соҳанинг етакчи олимлари ва маҳаллий олимлар ўз илмий маърузалари билан иштирок этди. Илмий муҳокамалар 22 декабргача давом этади.