Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шаҳло Турдиқулова очиб берди.
Конференцияда энергиясамарадорлик, кам углеродли технологиялар, қайта тикланувчи ва водород энергетикаси соҳасида дунёда етакчи ўринларга эга бўлган Mitsubishi Heavy Industries (Япония), AplusS Consult (Германия), Clean Horizon (Франция), Phosphoris (Франция), Жаҳон банки, USAID (АҚШ), JICA (Япония), Северстал (Россия), Энергетика ва инфратузилма вазирлигининг ваколатли вакили (Chief Innovation officer) (Бирлашган Араб Амирликлари) ва бошқа ташкилотларининг мутахассислари томонидан энергия самарадорлик, «яшил» водород энергетикаси, экологик хавфсиз қайта тикланувчи энергия манбалари мавзусида тақдимотлар ўтказилди.
Шунингдек, Инновацион ривожланиш вазирлиги Тармоқ корхоналарида инновацион экотизимни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Санжар Бердиев, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Материалшунослик институти директори Одилхўжа Парпиев ва республикамизда ушбу йўналишда юқори тажрибали олимларимиз Ўзбекистон Республикасида водород энергетикасининг ривожланиши ҳолати бўйича тақдимотлар билан иштирок этди.
— Айни пайтда «яшил» водород технологиялари соҳасида илмий тадқиқотларни ривожлантириш устувор йўналишлардан биридир, — деди Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шаҳло Турдиқулова. — 2030 йилгача мамлакатимизда умумий қуввати мос равишда 5 000 МВт ва 3 000 МВт бўлган қуёш ва шамол электр станцияларини ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, уларнинг улуши ишлаб чиқариш станцияларининг умумий ўрнатилган қувватининг 25 фоиздан ортиғини ташкил этади. Ўзгарувчан ишлаб чиқариш қувватлари улушининг бундай ўсиши мамлакат электр энергия тизимига интеграция қилиш, энергияни захиралашда водород технологияларини яратиш ва қўллаш учун муайян шароитларни талаб этади.
Мазкур тадбирда Япония, АҚШ, Германия, Франция давлатларидан спикерлар ҳамда Жаҳон банки халқаро ташкилотининг экспертлари энергия самарадорлик, углеродсиз энергетика, «яшил» водород энергетикаси, қайта тикланувчи энергия манбалари йўналишида ўзларининг тақдимотлари билан қатнашди.
Конференция доирасида маҳаллий хомашёлардан углерод толаларини олишда катта қуёш печи энергиясидан фойдаланган ҳолда тажрибаларни ташкил этиш ва намуналарни яратиш, энергияни сақлашда гидроаккумуляция технологияларни яратишда Япония тажрибасини қўллаш, Жаҳон банки экспертлари ҳамкорлигида паст углеродли ва «яшил» водород технологияларини ривожлантириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, водород технологияларининг техник-иқтисодий самарадорлигини ҳисоблашга Франциянинг гранти «Phospнoris» компаниясини жалб этиш, Япониянинг Mitsubishi Heavy Industries компанияси экспертлари билан ҳамкорликда Қарши магистраль канал насос станциялари каскадида частота ўзгартиргич қўллаган ҳолда энергиясамадорлигини ошириш лойиҳасини амалга ошириш, паст углеродли ҳамда водород энергетикаси соҳасида Mitsubishi Heavy Industries компаниясининг технологик ечимлари бўйича ҳамкорликни ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳ шакллантиришга келишиб олинди, деб хабар беради Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати.