Нуфузли аржуман Ўзбекистон Республикаси
давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланди.
Мазкур конференция Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар
академияси Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамда Фанлар академиясининг Ўзбекистон
Республикасида юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаши
билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Офлайн ва онлайн тарзда ўтказилган
анжуманда мамлакатимизнинг юридик соҳага
ихтисослашган олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари
профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлар, докторантлар, мустақил тадқиқотчилар,
бакалаврлар, талабалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда суд ва адлия
тизими ходимлари, академик ҳамжамият, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда
оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Илмий-амалий конференцияни Ўзбекистон
Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов очиб берди. Таниқли ўзбек ҳуқуқшуноси «Мустақиллик
ва ҳуқуқшунослик фани: натижалар ва истиқболлар» мавзусидаги маърузасида мамлакатимиз
давлатчилиги ва ҳуқуқий тизимининг шаклланиши, ривожланиши ҳамда модернизация
қилиниши жараёнларини илмий жиҳатдан таҳлил қилишда ҳуқуқшунослик фанининг
эришган ютуқлари ва долзарб муаммоларини муҳокама этиш алоҳида аҳамиятга эга
эканлигига эътиборни қаратди.
Бунда, айниқса, Янги
Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш соҳасида
амалга оширилаётган ислоҳотларнинг назарий-амалий аҳамиятини баҳолаш жуда
муҳим.
Кейинги йилларда, хусусан, Ўзбекистон
Президентининг 2017 йил 16 февралда қабул қилинган «Олий ўқув юртидан кейинги
таълим тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони асосида
ҳуқуқшунослик соҳасида юқори малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш
тизими такомиллаштирилди. Ўз навбатида, Президентимизнинг 2020 йил 29 апрелда
қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан
такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони юридик
таълим, ҳуқуқшунослик фани ва илмий тадқиқотларни ривожлантиришнинг янги
босқичини бошлаб берди.
Айни шу 2020 йилнинг ўзида
соҳа ривожига оид яна бир нечта муҳим ҳужжатлар қабул қилингани таҳсинга
сазовор.
Конференция давомида Олимлар,
ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, ЎзФА профессорларининг маърузалари
тингланди.
Конференцияда мустақиллик йилларида
мамлакатимиз давлатчилиги ва ҳуқуқий тизимининг шаклланиши, ривожланиши ва
модернизация қилиниши жараёнлари, ҳуқуқшунослик фанининг эришган ютуқлари ва
долзарб масалалари теран таҳлил этилди. Янги Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат ва
кучли фуқаролик жамиятини барпо этишга қаратилган ислоҳотларнинг назарий-амалий
аҳамияти, шунингдек, юридик илм-фаннинг замонавий ривожланиш тенденциялари ва
истиқболли йўналишлари муҳокама этилди.
Инсон ҳуқуқлари
бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий
маркази матбуот хизмати.