Президентимиз МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишидаги нутқида ана шу ҳақиқатни яна бир бор эслатиб, илм-фан, таълим, маданият ва санъат бизни бирлаштирадиган, келажак сари етаклайдиган энг мустаҳкам пойдевор эканини таъкидлади.
Давлатлар ўртасидаги иқтисодий шериклик, сиёсий барқарорлик ёки хавфсизлик тизимлари — буларнинг бари инсон тафаккури, билими, ўзаро ишонч ва маданият маҳсулидир. Шу боис, Президентимиз таълим соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш зарурлигини қайд этиб, дипломлар, малака ва академик дастурларни ўзаро тан олиш, профессионал стандартларни уйғунлаштириш, ёшларнинг ижодий ҳамда интеллектуал салоҳиятини қўллаб-қувватлаш каби муҳим ташаббусларни илгари сурди. Йиғилишда Президентимиз томонидан транспорт, иқтисодиёт, энергетика, рақамли технологиялар, хавфсизлик, фан, таълим ва маданият каби соҳаларда қатор ташаббуслар ўртага ташланди. Айниқса, таълим соҳаси бўйича илгари сурилган таклифлар алоҳида аҳамият касб этади.
Соҳадаги ислоҳотлар натижасида дипломлар, малака ва академик дастурларни ўзаро тан олиш жараёнида ўзгаришлар бўлади. Талаба ва мутахассисларнинг нафақат мамлакатимиз, балки халқаро ёки минтақавий меҳнат бозорларида эркин ҳаракатланиши, ишга жойлашиши ва юқори таълим олиш имконияти кенгаяди. Шунингдек, профессионал стандартларни уйғунлаштириш бўйича ишлар таълим сифатини ошириш ва меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар тайёрлашга хизмат қилади. Бу эса мамлакатимизнинг барқарор ривожланишига замин яратади. Умуман олганда, ислоҳотлар таълим тизимини янги босқичга кўтариб, ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда сезиларли ижобий ўзгаришларга сабаб бўлади.
Булар шунчаки гап эмас, балки келажак авлод учун очилган янги уфқдир. Чунки ҳар бир ёшнинг билимга интилиши, илмга садоқати бутун жамият тараққиётини белгилайди. Президентимизнинг Ёшлар лабораториясини яратиш ғояси ёш иқтидор эгалари учун илҳом манбаи, уларнинг орзуларини амалий лойиҳаларга айлантириш майдони бўлади.
Салкам бир асрлик тарихга эга бўлган, илм ва маърифат маскани — Фарғона давлат университетида анъанага айланган, илиқ ва самимий руҳда ўтаётган “Ректор ва ёшлар” учрашувида талабалар билан дилдан суҳбатлашар эканман, уларнинг ҳар бир нигоҳида ишонч, ҳар бир сўзида умид ва фидойиликни кўрдим. Айниқса, чет тиллар факультетининг биринчи босқичида таҳсил олаётган очиқ фикрли, ташаббускор ва изланувчан ёшлар халқаро форум ташкил этиш ниятида эканини билдиргани жуда маъқул бўлди. Нега деганда, бу ташаббус замирида нафақат улкан масъулият, балки орзу, қатъият ва ватан олдидаги садоқат мужассам. Президентимизнинг Душанбе йиғилишида Хива шаҳрида МДҲ Ёшлар форуми ташкил этиш ташаббуси халқларимиз ўртасидаги дўстлик, маънавий яқинлик рамзидир. Зеро, ёшлар бирлашса, келажак бирлашади.
Бугун дунё рақамли технологиялар, сунъий интеллект, инновацион иқтисодиёт сари бораётган бир пайтда таълим тизими ҳам янгича фикрлаш, янгича ёндашувни талаб қилади. Президентимизнинг рақамли ҳамкорликни кучайтириш ҳақидаги чақириғи айнан шунга йўналтирилган: билим алмашиш, тажриба ўрганиш, ўзаро ўқитиш орқали бир-биримизни бойитиш, ҳамфикр бўлиш. Шундай экан, бугун ҳар бир ўқитувчи, ҳар бир талаба, ҳар бир ота-она бу чақириқни юракдан ҳис этиши керак: таълим энг катта сармоя, энг ишончли кафолат, энг гўзал меросдир.
Президентимиз айтганидек, таълим ва илм- фан соҳасида қўшма дастурларни кенгайтириш, малака мезонларини уйғунлаштириш, ёшларнинг интеллектуал кучини бирлаштириш нафақат МДҲ доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди, балки бутун минтақа келажагини нурафшон этади. Зеро, билим билан бирлашган халқларни ҳеч қандай тўсиқ енга олмайди. Илм билан ривожланган жамиятни ҳеч қандай куч тўхтатишга қодир эмас. Тафаккур билан юксалаётган авлодни эса фақат ёрқин келажак кутади.
Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,
педагогика фанлари доктори, профессор