Президентимиз МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишидаги нутқида ана шу ҳақиқатни яна бир бор эслатиб, илм-фан, таълим, маданият ва санъат бизни бирлаштирадиган, келажак сари етаклайдиган энг мустаҳкам пойдевор эканини таъкидлади.

Давлатлар ўртасидаги иқтисодий шерик­лик, сиёсий барқарорлик ёки хавфсизлик ти­зимлари — буларнинг бари инсон тафаккури, билими, ўзаро ишонч ва маданият маҳсулидир. Шу боис, Президентимиз таълим соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш зарурли­гини қайд этиб, дипломлар, малака ва академик дастурларни ўзаро тан олиш, профессионал стандартларни уйғунлаштириш, ёшларнинг ижодий ҳамда интеллектуал салоҳиятини қўллаб-қувватлаш каби муҳим ташаббуслар­ни илгари сурди. Йиғилишда Президентимиз томонидан транспорт, иқтисодиёт, энергети­ка, рақамли технологиялар, хавфсизлик, фан, таълим ва маданият каби соҳаларда қатор та­шаббуслар ўртага ташланди. Айниқса, таълим соҳаси бўйича илгари сурилган таклифлар ало­ҳида аҳамият касб этади.

Соҳадаги ислоҳотлар натижасида диплом­лар, малака ва академик дастурларни ўзаро тан олиш жараёнида ўзгаришлар бўлади. Талаба ва мутахассисларнинг нафақат мамлакатимиз, балки халқаро ёки минтақавий меҳнат бозор­ларида эркин ҳаракатланиши, ишга жойлаши­ши ва юқори таълим олиш имконияти кенгая­ди. Шунингдек, профессионал стандартларни уйғунлаштириш бўйича ишлар таълим сифа­тини ошириш ва меҳнат бозорида рақобатбар­дош кадрлар тайёрлашга хизмат қилади. Бу эса мамлакатимизнинг барқарор ривожланишига замин яратади. Умуман олганда, ислоҳотлар таълим тизимини янги босқичга кўтариб, иж­тимоий ва иқтисодий соҳаларда сезиларли ижобий ўзгаришларга сабаб бўлади.

Булар шунчаки гап эмас, балки келажак авлод учун очилган янги уфқдир. Чунки ҳар бир ёшнинг билимга интилиши, илмга садо­қати бутун жамият тараққиётини белгилай­ди. Президентимизнинг Ёшлар лаборато­риясини яратиш ғояси ёш иқтидор эгалари учун илҳом манбаи, уларнинг орзуларини амалий лойиҳаларга айлантириш майдони бўлади.

Салкам бир асрлик тарихга эга бўлган, илм ва маърифат маскани — Фарғона давлат университетида анъанага айланган, илиқ ва самимий руҳда ўтаётган “Ректор ва ёшлар” учрашувида талабалар билан дилдан суҳбат­лашар эканман, уларнинг ҳар бир нигоҳида ишонч, ҳар бир сўзида умид ва фидойилик­ни кўрдим. Айниқса, чет тиллар факульте­тининг биринчи босқичида таҳсил олаётган очиқ фикрли, ташаббускор ва изланувчан ёшлар халқаро форум ташкил этиш нияти­да эканини билдиргани жуда маъқул бўлди. Нега деганда, бу ташаббус замирида нафа­қат улкан масъулият, балки орзу, қатъият ва ватан олдидаги садоқат мужассам. Прези­дентимизнинг Душанбе йиғилишида Хива шаҳрида МДҲ Ёшлар форуми ташкил этиш ташаббуси халқларимиз ўртасидаги дўстлик, маънавий яқинлик рамзидир. Зеро, ёшлар бирлашса, келажак бирлашади.

Бугун дунё рақамли технологиялар, сунъий интеллект, инновацион иқтисодиёт сари бораётган бир пайтда таълим тизими ҳам янгича фикрлаш, янгича ёндашувни талаб қилади. Президентимизнинг рақамли ҳамкорликни кучайтириш ҳақидаги чақи­риғи айнан шунга йўналтирилган: билим алмашиш, тажриба ўрганиш, ўзаро ўқитиш орқали бир-биримизни бойитиш, ҳамфикр бўлиш. Шундай экан, бугун ҳар бир ўқитув­чи, ҳар бир талаба, ҳар бир ота-она бу ча­қириқни юракдан ҳис этиши керак: таълим энг катта сармоя, энг ишончли кафолат, энг гўзал меросдир.

Президентимиз айтганидек, таълим ва илм- фан соҳасида қўшма дастурларни кенгайти­риш, малака мезонларини уйғунлаштириш, ёшларнинг интеллектуал кучини бирлашти­риш нафақат МДҲ доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди, балки бутун минтақа кела­жагини нурафшон этади. Зеро, билим билан бирлашган халқларни ҳеч қандай тўсиқ енга олмайди. Илм билан ривожланган жамиятни ҳеч қандай куч тўхтатишга қодир эмас. Тафак­кур билан юксалаётган авлодни эса фақат ёр­қин келажак кутади.

Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,

педагогика фанлари доктори, профессор