Мусобақа 16–18 март кунлари АҚШнинг Миссисипи штатидаги Camp Shelby ҳарбий-ўқув базасида бўлиб ўтди. Унда ҳарбийларимиз АҚШ Миллий гвардиясининг махсус бўлинмалари билан куч синашди.
Беллашув доирасида иштирокчилар 13 та мураккаб шарт бўйича синовдан ўтди. Улар орасида жисмоний тайёргарлик (8 машқдан иборат фитнес тест), тўсиқлар йўлаги, тунда 15 км ориентация, 20 кг юк билан 20 км марш югуриш, жанговар ва умумий тайёргарлик тестлари, иншо ёзиш, артиллерия оловини бошқариш, қуролларни йиғиш ва қўллаш, тиббий тайёргарлик ҳамда вертолёт орқали операциялар каби вазифалар мавжуд бўлди.
Айниқса, қуйидаги натижалар эътиборга лойиқ:
- жамоавий баҳсда 20 кг юк билан 20 км масофа — 1 соат 48 дақиқа;
- Турдимурод Авлаев тўсиқлар йўлагини — 10 дақиқа 34 сонияда;
- Илҳом Саломов тунда 15 км ориентацияни — 59 дақиқада бажарди.
Муҳими, ҳарбийларимиз ушбу шартларнинг барчасида мусобақа рекордларини янгилади.
Якунда улар мусобақанинг махсус соврини билан тақдирланди. Ўзбекистон ҳарбийлари ушбу нуфузли беллашувда 2019 йилдан буён мунтазам иштирок этиб, ҳар сафар мутлақ устунлик билан ғолибликни қўлга киритиб келмоқда.
Маълумот учун, 22 март куни ғолиблар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.