Сўнгги йилларда Ўзбекистонда жаҳон илм-фани ривожига бебаҳо ҳисса қўшган мутафаккир алломаларнинг ҳаёти ва бой илмий меросини ўрганиш, уларнинг илмий меросини халқаро жамоатчиликка етказиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятининг йўлга қўйилиши диний-маърифий йўналишда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисмидир.
Ўзбекистон замини қадимдан илму-маърифат маркази, маданият ўчоғи бўлиб келган. Бу диёрдан етишиб чиққан мутафаккир алломалар, хусусан, Имом Бухорий, Маҳмуд Замахшарий, Абу Мансур Мотуридий, Абул Муин Насафий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва бошқа кўплаб қомусий олимлар ислом илмлари билан бир қаторда, дунёвий фанлар тараққиётига, хусусан, жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган.
Ушбу симпозиум ана шундай буюк алломалар қаторидан жой олган Имом Мотуридий ва унинг издошлари бўлган алломаларнинг ҳаёти ва бой илмий меросини ҳамда мотуридийлик таълимотини халқаро жамоатчиликка етказиш мақсадида ташкил этилди. Имом Мотуридий халқаро-илмий тадқиқот маркази ICESCO, IRCICA каби халқаро ташкилотлар, Малайзия исломни англаш институти, Ал-Азҳар мажмуаси Ислом тадқиқотлари академияси, Салжуқ университети Имом Мотуридий тадқиқотлари маркази сингари хорижий илмий муассасалар, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази билан ҳамкорликда ўтказилган мазкур анжуманда эътиборга молик таклифлар ва мулоҳазалар ўртага ташланди.
Ушбу халқаро онлайн илмий-амалий анжуманда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази қошида ташкил этилган Халқаро илмий ҳайъат аъзолари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Тошкент давлат шарқшунослик институти вакиллари, маҳаллий ва хорижлик таниқли олимлар, жаҳоннинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари, соҳага оид илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчилар, мутахассислар иштирок этдилар. Шунингдек, Миср Араб Республикаси, Иордания, Туркия, Германия, Швеция, Франция, Босния ва Герцеговина, Россия, Малайзия, Қирғизистон, Қозоғистон, Афғонистон каби ўндан зиёд давлатлардан мотуридийшунос ва исломшунос олимлар ҳам ўз фикр ва мулоҳазаларини тақдим этдилар.
– Миллатларни миллат даражасига олиб чиққан омиллар қаторида тарих ва геогфия каби кучли таьсирга эга бўлган яна бир омил ўз дунёқараши, тушунча ва фикрлари билан тарихни ўзгартириб юборган, ўша миллат бағрида камол топган улуғ сиймолар ҳисобланади, – дейди Туркиянинг Салжуқ универстиети ректори Метин Аксай. – Мана шу сиймолар қаторидан ўрин олган, ислом ақидаси ривожига катта ҳисса қўшган, ваҳийни соғлом ақл сузгичидан ўтказиб, энг соф ва энг тиниқ ҳақиқатларни тилга киритган Имом Мотуридий ҳазратлари порлаган қуёш мисоли асрлар оша биз томон нур сочиб турибди. Мотуридий ҳазратлари тизимлаштирган жузьий ирода назарияси ҳамда ваҳийни ақл билан асослаш ҳаракати хоҳ ўз даврида, хоҳ бугунги кунда бўлсин, ўз аҳамиятини йўқотмаган.
Симпозиум давомида иштирокчилар томонидан Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти моҳияти: алломаларнинг ушбу таълимот ривожидаги ўрни, Имом Мотуридий илмий меросини ўрганиш ва мотуридийлик таълимотида ақидавий масалаларнинг ёритилиши юзасидан амалга оширилган илмий тадқиқотлар сингари муҳим илмий масалалар муҳокама қилинди.
– Ушбу муҳим симпозиум муносабати билан Ўзбекистон Халқаро Ислом Aкадемияси ҳузуридаги Имом Мотуридий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорлик қилишни бахт деб биламиз, – дея ўз мулоҳазаларини баён қилди ИРCИCA директори Маҳмуд Эрол Қилич. – Ислом дини ақидавий меросининг асосий устунларидан бири бўлган Мотуридия таълимотининг аҳамиятини сўз билан таърифлаб бўлмайди. Шу муносабат билан, 2020 йилда Ўзбекистон Халқаро Ислом Aкадемияси ҳузурида Имом Мотуридий марказининг ташкил этилиши ва унинг ихтисослаштирилган фаолиятининг тўлиқ дастурлари дунёдаги ҳамкасбларининг илмий доираларида юқори баҳо билан қайд этилди.
Анжуманда Марказ томонидан нашрга тайёрланган Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” 29-жузи, Мулла Али Қорийнинг “Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар”, Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ал-Ҳидоя”, “Юртимиз алломалари рукни остида 10 та рисола”, “Халқаро ислом ташкилотлари”, “Мутаассибликка қарши мўътадиллик: метод ва таҳлиллар” “Долзарб раддиялар”, “Ислом ниқобидаги мутаассиб гуруҳлар” каби бир қатор китоблар, шунингдек, “Мотуридийлик” илмий-маърифий журналининг нишона сони тақдимоти ўтказилди.
Анжуманда иштирокчилари томонидан халқаро экспертлар, мутахассис ва олимлар томонидан ўқилган илмий маърузалар ҳамда кузатув натижалари алоҳида тўплам шаклида нашр этилиши маъқулланди.
Шу билан бир қаторда, талабалар ўртасида “Имом Мотуридий издошлари” рукни остида ташкил этилган танловнинг энг яхши мақола, энг яхши видеоролик, энг яхши инфографика номинациялари бўйича ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Ёш тадқиқотчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида, симпозиум доирасида докторантлар, тадқиқотлар ҳамда талабалар учун “Имом Мотуридий ёш тадқиқотчилар нигоҳида”, “Замонавий исломшунослик муаммолари” деб номланган алоҳида шўъбалар ҳам иш олиб борди. Уларда республикамизнинг турли таълим ва илмий-тадқиқот марказларидан ёш тадқиқотчилар ўз мақолаларини экспертлар эътиборига ҳавола қилдилар.
Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” газетаси мухбири