Ҳар икки йиғилишда ҳам бугунги куннинг устувор вазифаси — ёшлар бандлиги ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича муҳим топшириқлар берилди.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда давлатимиз раҳбари бугунги кун ёшлари кўп соҳада биздан 10, 20 марта илгарилаб кетгани, уларга муносиб равишда ҳаракат қилиш, муаммоларини ҳал этиш учун ҳар куни ишлаш кераклигини алоҳида қайд этиб ўтди. Дарҳақиқат, бугунги ёшлар жаҳон миқёсида эришилаётган ютуқлардан хабардор, ахборот асрининг фаол вакилларидир. Модомики шундай экан, уларнинг илмий-ижодий фаолияти, ўқув-тарбиявий ишлари, айниқса, маънавий-маърифий соҳадаги фаоллиги мутасадди идоралар томонидан мунтазам  эътиборда бўлиши ва рағбатлантирилиши зарур.

Жамиятда уюшмаган, яъни муқим иш ўрнига эга бўлмаган ва ўқишини олий таълимда давом эттира олмаган ёшлар  талай. Бугунги кунда  “Ёшлар дафтари”га республика бўйича 648 минг нафар ишсиз ёшлар киритилган. Шу йилнинг биринчи чорагида уларнинг 283 минг нафари бандлиги таъминланган. Таъкидланганидек, 175 минг нафар ёшга 45 минг гектар ер майдони ажратилган, 76 минг нафар ёш доимий ва жамоат ишларига жойлаштирилган, 33 минг нафар ёшларга тадбиркорлик фаолияти учун 800 миллард сўм кредит, 6 минг нафарига субсидия ажратилиб, бандлигига кўмаклашилган, 36 мингта тўгарак ташкил этилиб, уларга 874 минг нафарга яқин ёшлар жалб этилган.

Булар, албатта, муҳим рақам ва кўрсаткичлар. Агар бир нафар ёш  тадбиркорликни самарали йўлга қўя олса, нафақат ўзи, оиласи, яқинлари, балки янги  иш ўрни яратилиши натижасида бир неча бошқа оилаларнинг ҳам турмуш даражаси  яхшиланади. Бунинг учун уларга бериладиган ҳар қандай  кўмак, ўз навбатида, қанчадан-қанча ўсиб келаётган ёшларнинг халқи ва ватанига бўлган муҳаббат туйғусини оширади.

1 июндан бошлаб “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга ва Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш, бир ойлик ҳарбий хизматни ўташ харажатлари бюджетдан тўлаб берилиши, айниқса, ота-она меҳридан маҳрум бўлган ёшлар учун мурувват ва рағбат  намунасидир.

Ёшлар ҳаётига дахлдор узоқ йиллардан буён сақланиб келинаётган талай муаммолар борлиги сир эмас. Ана шулардан бири аксарият  талабаларнинг ижарада  яшаётгани масаласидир. Маълумки, олий таълимга қабул квоталари мунтазам ошиб, талаба ёшлар сони кескин ортди. Бу эса, ўз навбатида, шу пайтгача тўлиқ бартараф этилмаган ётоқхоналар етишмаслиги муаммосини янада оширди. Айни пайтда 130 минг нафардан ортиқ талаба ижарада яшаяпти. Шу боис давлатимиз раҳбари йиғилишда ҳозирда мазкур муаммони ҳал этишга қаратилган Ҳукумат дастури тайёрланаётгани, шу йилнинг 1 майидан бошлаб ижара тўловининг ярми, яъни 50 фоизи давлат томонидан қоплаб берилишини маълум қилди. Яна бир қувончли хабар шундан иборатки, талабаларга ётоқхоналар қуриш учун 4,4 триллион сўм маблағ ажратилиши таъкидланди.

Ёшлар бандлигини таъминлаш масаласида тадбиркорлик субъектларига ҳам имтиёзлар белгиланмоқда. Масалан, жорий йилнинг 1 майидан ёшларни ишга қабул қилган корхонага улар учун тўланадиган ижтимоий солиқ қайтариб берилиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, 1 майдан бошлаб ёшлар агар тадбиркорлик қилиш учун керакли асбоб-ускуналар харид қилмочи бўлса, уларга 10 миллион сўмгача субсидия берилади, ижарага бино олиб, ўз бизнесини бошлаётганларга бир йиллик ижара суммасининг 30 фоизгача бўлган қисми қоплаб берилади.

Маълум қилинишича, бугунги кунда мамлакат бўйича 120 та IТ марказини 4 мингга яқин “Ёшлар дафтари”га кирган йигит-қизлар тамомлаб чиққан. Бундай ёшлар келгусида бизнес бошлаши учун, табиийки, компьютерлар керак бўлади. Шу боис “1 миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида сертификат олган ёшларга компьютерлар харид қилиши учун “Микрокредитбанк”, “Алоқабанк” ва Халқ банкидан кредитлар ажратилиши, банк фоизи тўлиқ бюджетдан қоплаб берилиши маълум қилинди.

Жамиятда ёшлар борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар уларни бефарқ қолдирмаслиги шубҳасиз. Улар ўзларининг жамиятда бугунги кунда тутаётган ўрнини, яратилаётган имтиёз ва  имкониятларни чуқур ҳис қилмоқда ва тушуниб етмоқда. Давлат томонидан ёшларга қаратилаётган бундай эътибор ва рағбат, албатта, ўзининг самарасини беради. Зеро, энг яхши сармоя бу — келажакка қилинган сармоядир.

 

Аҳрор ҲОШИМХОНОВ,

Тошкент давлат юридик университети

                                  ёшлар билан ишлаш бўйича проректор