Жаҳонда юз бераётган глобал экологик зиддиятли жараёнлар - иқлим ўзгариши, чўлланиш, биологик хилма-хилликнинг қисқариб бориши, атмосфера ҳавоси ва сув манбаларининг ифлосланиши, чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар ерга ва бутун атроф табиий муҳитга зарар етказмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу глобал экологик муаммолар натижасида дунё бўйича йилига ўртача 6-7 миллион гектар майдон қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келмоқда, суғориладиган ерларнинг деярли 40 фоизи турли даражада шўрланган.
Бу муаммоларга инсониятнинг эътиборини қаратиш мақсадида БМТ бош ассамблеяси 2009 йилда 22 апрелни халқаро ер куни деб эълон қилди. Шу куни турли мамлакатларда тинчлик қўнғироғи жаранглаб, инсониятни сайёрамиз ягоналигини ҳис этиш, дунёда хавфсизликни таъминлаш, тинчликни сақлаш ва ягона уйимиз ҳисобланган ерни ҳимоя қилишга чорлайди.
Ер ресурслари мамлакатимиз учун ҳам муҳим манба ҳисобланади. Ҳозирги вақтда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида интенсив фойдаланиладиган ерлар, асосан, суғориладиган майдонлар 4,2 миллион гектарга тенг бўлиб, ушбу ерларда ялпи қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг 95 фоизидан ошиқроғи етиштирилмоқда.
Юртимизда сўнгги йилларда ер ресурсларини асраш, ундан самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётгани диққатга сазовордир. Жумладан, Ўзбекистон дунё ҳамжамиятининг Чўлланишга қарши кураш, Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси ва Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги конвенциянинг тенг ҳуқуқли иштирокчисидир. Бугунги кунда ушбу конвенцияларнинг кўплаб мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш мақсадида ҳукумат томонидан бир қатор муҳим стратегик дастурлар амалга оширилмоқда.
Амалий ишлар билан бир қаторда юртимизда ушбу соҳада ҳуқуқий асослар ҳам янада мустаҳкамланиб бормоқда. Жумладан, «Томорқа хўжалиги тўғрисида»ги, «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди. «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги, «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги ҳамда «Давлат ер кадастри тўғрисида»ги қонунларнинг такомиллаштирилиши, Президент фармонлари ва ҳукуматнинг бир қатор қарорлари шулар жумласидандир.
Ўзбекистон Республикасида табиий ресурсларга, хусусан, ерга нисбатан мулкий муносабатларни белгилашда қонунчиликка бир қанча янгиликлар киритилди. «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, ерга нисбатан мулк дахлсизлиги борасида бир қанча ўзгаришлар бўлди. Ер табиий ресурслар ичида ўзига хос алоҳида ҳуқуқий мақомга эга бўлиб, мавжуд барча табиий ресурслардан фойдаланишни ҳуқуқий тартибга солиш масалалари бевосита ер билан боғлиқ ҳуқуқий нормаларга бориб тақалади. Шу жиҳатлар эътиборга олиниб, ердан фойдаланишнинг бозор шароитига мос келувчи янги шакллари жорий қилинди ҳамда бу жараён мунтазам такомиллашиб бормоқда. Хусусан, даставвал ерга нисбатан ашёвий ҳуқуқлар маҳаллий ҳокимият органлари томонидан сотила бошланган бўлса, кейинчалик ер участкаларининг ўзи савдо ва хизмат кўрсатиш мақсадларида хусусийлаштирила бошланди. Эндиликда фуқароларнинг уй-жойлари жойлашган ҳамда уларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкалари, юридик шахсларнинг бино-иншоотлари билан банд бўлган ва уларнинг доимий фойдаланиш ҳуқуқида бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш назарда тутилди.
Давлатимиз раҳбари 2020 йил 15 октябрда кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг «Ер кодекси» лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган эди. Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида мазкур лойиҳанинг дастлабки варианти ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳадаги янгиликлардан бири - ер участкаларини бериш ва сотиш масалалари ҳамда ер бериш мақсадларига кўра, уларни тоифалаш аниқ меъёрлар билан бойитилади. Бундан ташқари, ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини, шунингдек, хусусий мулк ҳуқуқининг бекор бўлиши масалалари ҳам лойиҳада алоҳида эътиборга олинган.
Амалдаги ҳужжатда ердан фойдаланувчилар, ер участкаларининг ижарачилари, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилувчилар ва мулкдорларининг ҳуқуқлари бир моддада акс эттирилган бўлса, янги таҳрирдаги лойиҳада эса улар алоҳида-алоҳида ёритилади. Шунингдек, лойиҳада тупроқ унумдорлигини сақлаш, тиклаш ҳамда ошириш чора-тадбирлари бўйича қатор янги меъёрлар киритилмоқда. Лойиҳанинг ҳаётга татбиқ қилиниши ерлардан берилган мақсадга кўра оқилона ва самарали фойдаланишни тенг ҳуқуқлилик асосида ривожлантириш, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ерга бўлган мулкчилик муносабатларини тартибга солишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилади.
Энг муҳими, тупроқ унумдорлигини тиклаш, сақлаш ва ошириш бўйича амалга ошириладиган тадбирларнинг самараси ошади. Ерлардан самарали фойдаланиш, янги инновацион технологияларни қўллаш орқали суғориладиган ерларни кўпайтириш, даромаднинг ошиши ҳамда кўплаб фуқароларни иш ўринлари билан таъминлашга эришилади.
Бу борадаги ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ҳаётда татбиқ этиш, атроф-муҳитни муҳофазалаш борасидаги ишларни халқаро андозалар даражасида ташкил этиш учун аҳолига ва тадбиркорларга бу ҳужжатларнинг мақсад-моҳиятини чуқур тушунтириш, экологик тарғибот-ташвиқот тадбирларини янада кучайтириш зарур. Бу ишлар аҳолининг ер ресурсларига бўлган муносабатини, деҳқон ва фермер хўжаликларида эса ердан самарали фойдаланиш, уларни муҳофаза қилишга бўлган масъулиятни янада оширишга хизмат қилади. Пировардида, ҳар бир инсонда табиатга эҳтиёткор муносабатда бўлиш, унинг ҳар бир неъматидан оқилона фойдаланиш ҳисси кучаяди. Бу эса табиат билан уйғун яшаш ва барқарор ривожланишга хизмат қилади.
Носиржон АМИНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати