Жиноятлар ДХХ ва ИЖҚКД ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда фош бўлди.

Кадастр агентлигининг Қарши туман бўлими етакчи инспектори фуқаронинг ноқонуний эгаллаб олинган 12 сотих ери учун белгиланган 82 млн сўмлик жаримани мансабдор танишлари орқали бекор қилиб беришни ваъда қилган. Шунингдек, у ушбу ер майдонига кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериш эвазига 2 000 АҚШ доллари сўраган ва пулни олаётган вақтида қўлга тушган.

Шаҳрисабз туманида эса муқаддам фирибгарлик учун судланган 59 ёшли шахс ва Давлат кадастрлари палатаси туман филиали ходими ушланди. Улар ўзаро келишиб, деҳқон хўжалигига тегишли 9 сотих ерни қурилиш фирмаси раҳбари номига расмийлаштириб бермоқчи бўлишган.

Улар ушбу «хизмат» учун 7 000 АҚШ доллари сўрашган ва келишилган пулдан 4 000 долларини олаётган вақтда қўлларига кишан солинган.

Ҳар икки ҳолат бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.