Коинотда хавф туғдирадиган астроид ва метиоритлар жуда кўплаб топилади. Лекин уларнинг аниқ бир планета билан тўқнашуви камдан кам ҳолатда рўй беради. Бу  заминимизга келиб урилиши мумкин бўлган космик жисмлардан ҳимояланиш чораларини олдиндан  кўриш керак  эмас, деган  фикрни англатмайди. Бинобарин, ўтмишда астроид ва метиоритларнинг Ерга  урилиши  оқибатида жонли мавжудот оламига қирон келтирган  ҳолатлар рўй берган. Динозаврлар ана шундай фожеа сабаб қирилиб кетган, деб ҳисобланади.

Айни чоғда дунёнинг  кўплаб олимлари Ерга ўта таҳдид солувчи космик жисмларнинг ҳаракат доирасини кузатиб боришади. Яқинда маълум бўлдики, 22 май куни заминимиз орбитасига 136795 1997 BQ  номи билан юритилувчи хавфли объект яқинлашиб келмоқда.  Унинг ўлчами 1,49 километр атрофила бўлиб, планетамизга энг яқин масофаси 6 миллион километрни ташкил этади.

Мазкур объект 1997 йил 16 январь куни кашф этилган, ўтказилган бир қатор тадқиқотлар натижасида унинг  Аполлонлар гуруҳига мансублиги аниқланган. Космик “тош”нинг бу галги Ерга яқинлашуви муайян хавфни келтириб чиқариши мумкин.

НАСА ходимлари кўплаб коинот жисмларини ўрганиб боради. Ўлчами 140 метрдан ошадиган, Ерга 7,5 миллион километр масофага қадар яқинлашиб келадиган астроид ва метиоритлар энг хавфли космик жисмлар туркумига киради. 

                                                                                                         Рауф  Нуруллаев