Дастлабки маълумотларга кўра, воқеа 16 июнь куни соат 03:10 атрофида Тошкент ҳалқа айланма йўлидаги Иззи чорраҳасида содир бўлган.
Тергов маълумотларига кўра, 2002 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги Lacetti автомашинаси чорраҳада кескин чапга бурилган вақтда қарши йўналишда ҳаракатланаётган BYD автомобили билан тўқнашган.
Аниқланишича, BYD автомобилини 2010 йилда туғилган, ҳали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган 16 ёшли ўсмир бошқарган.
Ҳодиса оқибатида Lacetti ҳайдовчиси ҳамда 1998 ва 2004 йилларда туғилган икки нафар йўловчи олган оғир тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси иккинчи қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар барча йўл ҳаракати иштирокчиларини ҳаракат қоидаларига қатъий риоя этишга, транспорт воситаларини белгиланган тезликда бошқаришга ҳамда ҳайдовчилик ҳуқуқига эга бўлмаган шахсларни рулга ўтиргизмасликка чақирмоқда.