Мазкур ҳужжат Президентимизнинг «Геология соҳасига инвестицияларни фаол жалб этиш, тармоқ корхоналарини трансформация қилиш ва республика минерал-хомашё базасини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳасида ер ости бойликларидан фойдаланиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари рўйхати, уларнинг ваколат доиралари аниқ белгиланмоқда, ер қаъри участкаларининг давлат фондига янги «захира фонди» тушунчаси киритилиб унинг моҳияти очиб берилмоқда.

Шу билан бирга, дастлабки геологик маълумот тушунчаси киритилиб, у ким томондан қай тартибда юритилиши, унинг турлари белгиланмоқда. Ер ости бойликлари тўғрисидаги маълумотларнинг (рухсатнома берилганлиги, ер қаъридан фойдаланувчиларнинг йиллик харажатлари, рухсатноманинг бошқа шахсга ўтказилганлиги, маҳаллий иш кучи ва хизматларни таъминлаш учун ажратилиши лозим бўлган харажатлар миқдори) очиқлиги кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи рухсатноманинг барча тури конкурс орқали берилиши, истисно ҳоллардагина тўғридан-тўғри музокаралар орқали берилиши мустаҳкамланмоқда. Шу тариқа рухсатнома олиш тартиби тубдан соддалаштирилмоқда.

Қонун лойиҳаси билан ер қаъри участкаларидан фойдаланиш тартиб-таомиллари такомиллаштирилмоқда. Хусусан, геологик жиҳатдан ўрганиш ўтказилмаган ва кам ўрганилган ер қаъри участкаларини халқаро стандартлар асосида блоклар (майдонлар)га ажратиш тизими жорий этилмоқда. Бунда ер қаъридан фойдаланиш учун рухсатномалар талабгорнинг мурожаатига мувофиқ «биринчи келган биринчи олади» принципи асосида шаффоф механизмлар орқали онлайн тарзда берилиши мустаҳкамланмоқда.

Шунингдек, участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиб, Давлат геология қўмитасига ва Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига уларнинг мурожаатларига асосан доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилиши ва кейинчалик ер қаъридан фойдаланиш мақсадлари учун ижарага берилиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, ер қаъри участкаларини сотиш, ҳадя қилиш, мерос қилиб қолдириш, омонатга ёки гаровга қўйиш тақиқланмоқда. Ер қаъридан фойдаланганлик учун тўлов турлари ва миқдори аниқ алоҳида-алоҳида моддаларда белгилаб қўйилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ер ости бойликларидан фойдаланишдаги зиддиятларни бартараф этишга, барча субъектларга ер қаъридан фойдаланиш тизимини бир хилда амал қилишига хизмат қилади.

Қўмитада қонун лойиҳасини такомиллаштириш ишлари давом этмоқда.

Дилшод НОРМУРОДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Девонининг масъул ходими