Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган йиғилишда “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, соҳага оид ҳуқуқий эксперимент якунлари натижасида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кераклигини кўрсатувчи омиллар аниқланган. Хусусан, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкаларини хусусийлаштириш имконияти мавжуд эмаслиги, ер бозорини тўлиқ шакллантиришга ҳамда ер участкаларини хусусийлаштиришда тенг ҳуқуқларни беришга имкон бермаслиги маълум бўлди.
Шунингдек, хусусийлаштирилган ер участкаларининг қийматини аниқлашнинг мосланувчан тизимининг йўқлиги аҳолининг кенг қатлами учун хусусийлаштиришнинг жозибадорлиги ва ҳаммабоплигини оширишга имкон бермаяпти. Бу каби бир қатор омиллар ҳамда “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг айрим нормаларининг номувофиқлигини ва нотўғри талқин этилишини бартараф этиш лозимлиги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш заруратини юзага келтирди.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг 29 та моддасига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар ҳамда 2 та янги модда киритиш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, ерни хусусийлаштириш бўйича аризаларни инсон омили таъсир қилмайдиган тарзда топшириш ва кўриб чиқиш бўйича автоматлаштирилган тизимни жорий этиш, якка тартибдаги тадбиркорларга, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун, уларга берилган ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқини бериш, кичик саноат зоналари, хусусийлаштирилиши мумкин бўлган давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш билан боғлиқ бир қатор тўлдиришларни киритиш назарда тутилмоқда.