Президентимизнинг 2021 йил 23 ноябрда “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон ҳўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Унда аҳолининг даромад топишига қаратилган тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш, аграр соҳада ўз бизнесини ташкил этишга кўмаклашиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш ва қишлоқ хўжалигини диверсификациялаш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган бир қанча чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Хусусан, деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкаларини очиқ электрон танлов орқали ижарага беришда ўз томорқасида мева-сабзавотчилик, полиз маҳсулотларини етиштириш ва узумчиликда яхши натижаларга эришган, ушбу соҳалардан бирида таянч мутахассисликка эга бўлган фуқароларга, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган эҳтиёжманд оилаларга алоҳида устуворлик бериладиган бўлди.

Президентимизнинг мазкур қарори бўйича деҳқон хўжалиги учун ажратилган ерлар лот (аукцион)га қўйилмоқда. Аукционга фақат электрон рақамли имзо калити орқали кириш мумкинлигини инобатга олган ҳолда туман ва шаҳар Давлат хизматлари маркази ходимлари, туман ҳоким ёрдамчилари, кадастр ва маҳаллалар билан ҳамкорликда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган эҳтиёжманд оилалар ушбу танловларда қатнашиш учун электрон рақамли имзо (ЭРИ) калитлари сайёр тартибда, бепул  берилмоқда. 

 “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга ЭРИ калитини тақдим этиш автоматлаштирилди. Яъни ушбу дафтарни электрон тизимига киритилган фуқаролар ЭРИ калити олиш учун мурожаат қилганда қайси дафтарга киритилган бўлса, шу устун танланади ва калит яратиш тугмаси босилади. Шунда шахс рўйхатда мавжуд бўлса, ЭРИ калити яратилади. Агар рўйхатда бўлмаса хатолик беради.  Куни кеча Юқори Чирчиқ туманидаги “Қорсой”, “Миям қангли” маҳалла фуқаролар йиғинида аҳолига бепул ЭРИ калитлари топширилди.

Шу жараёнда аҳолига мутахассисларимиз томонидан ЭРИ калитидан фойдаланиш имкониятлари бўйича ҳуқуқий тушунчалар ҳам берилмоқда.

Кун давомида Тошкент вилоятида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган 40-50 нафар фуқароларга ЭРИ калитлари бепул тақдим қилинмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, аҳолининг қишлоқ хўжалиги соҳасида мустақил фаолият юритиши ва ўз даромадига эга бўлишини таъминлаш мақсадида давлатимиз томонидан яратилаётган имтиёз ва қулайликлардан оқилона фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказлари ЭРИ калитларини бериш учун доимо тайёр эканлигини билдирамиз.

Жасур Қаюмов,

ДХА Тошкент вилояти бошқармаси

бошлиғи ўринбосари