Инсоннинг кундалик турмуши ҳам, жамият ҳаёти ҳам сарҳисоблар билан мукаммаллик касб этади. Ўтаётган ҳар фурсатнинг пасту баландини таҳлил қилиш орқали вазиятга баҳо берилади. Яъни ютуқлар кўлами, йўл қўйилган хатолар, мавжуд камчиликлар таҳлили, қилинажак ишларнинг чамаси ана шу жараёнда кундек равшанлашади. Демак, айнан шу ракурсдан туриб фикр юритишимиз мақсадга мувофиқ. Зеро, эришилган натижалар келгусидаги вазифалар янада мураккаб ва масъулиятли бўлишини, улар янги марраларни забт этишга яратилган имконият эканини кўрсатмоқда.

21 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда иқтисодий ўсишнинг дастлабки босқичида асосий эътибор бозор муносабатларини шакллантиришга қаратилган бўлса, энди устувор вазифа ушбу ўсиш сифатини ошириш, барқарорлигини таъминлаш ва ҳар бир фуқаро ҳаётида амалий натижага айлантиришдан иборат экани урғулангани ҳам фикримизга далилдир.

Йиғилиш давомида эълон қилинган макроиқтисодий кўрсаткичлар иқтисодиётимизнинг ташқи босимларга қарамай, барқарор ўсиш суръатларини сақлаб қолаётганини тасдиқлайди. Жумладан, жорий йилнинг биринчи ярмида ялпи ички маҳсулот 8,5 фоиз ўсди. Саноат ишлаб чиқариши, хизматлар соҳаси, қурилиш ва қишлоқ хўжалигида юқори ўсиш суръатлари қайд этилди. Инвестиция ҳажми 28 миллиард долларга, экспорт эса 14,4 миллиард долларга етди.

Давлатимиз раҳбари мамлакат аҳолиси 40 миллиондан ошадиган шароитда иқтисо­диёт камида 9-10 фоиз ўсиши зарурлигини қайд этгани стратегик иқтисодий вазифадир. Бу, энг аввало, демографик ўсиш суръатлари, меҳнат бозорига ҳар йили кириб келаётган юз минглаб ёшлар, шаҳарлашув жараёнлари ва аҳолининг сифатли таълим, тиббиёт, уй-жой ҳамда муносиб иш ўринларига эҳтиёжидан келиб чиқади.

Йиғилишда мавжуд имкониятларни аниқлаш, муаммолар илдизини очиш ва ҳал қилишнинг аниқ механизмларини белгилаш, “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Президентимизга вазирлар, тармоқ раҳбар­лари ва ҳокимларнинг ҳисоботлари, белгиланган топшириқлар ижросини жойларда ташкил этиш бўйича режалари тақдим қилинди.

Мазкур йиғилишда келтирилган рақамлардан ҳам кўриниб турибдики, изчил ислоҳотлар, хусусан, давлатимиз раҳбарининг ҳудудларга ташриф ва хорижга сафарлари, турли мавзу, йўналиш ва соҳалар ривожи ҳамда таҳлилига бағишланган таклифлар, лойиҳалар тақдимоти, видеоселектор йиғилишлари битта асосий мақсадга қаратилган. У ҳам бўлса, ҳар бир соҳада ўсиш, барқарорлик ва ривожланишга эришиш орқали одамлар турмуш шароитини яхшилаш, халқимиз фаровонлигини ошириш, бир сўз билан айтганда, инсон манфаатлари устувор жамият барпо этишдан иборат.

Биргаликда янги ҳаёт ва келажак яратамиз

Мамлакатимиз етакчисининг ҳудудларга ҳар бир ташрифи кўлами, аҳамияти ва моҳияти билан ушбу эзгу ғояни амалга ошириш йўлида муҳим босқич вазифасини ўтаяпти. Бу сафар Президентимизнинг ҳудудларга навбатдаги ташрифи 4 июль куни Сергели тумани Иттифоқ маҳалласидаги Янги Сергели кўчасида бажарилган ишлар ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти билан танишишдан бошланди. Мазкур кўчадаги 24/7 режимида ишлайдиган туризм, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари аҳолига қулай шароит яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш ўринлари очишга хизмат қилмоқда.

Лойиҳанинг умумий қиймати 18,7 ­миллиард сўмни ташкил этади. Кўчанинг 2,1 километр қисми инфратузилмаси тўлиқ яхшиланиб, ­савдо, умумий овқатланиш ва кўнгилочар хизматларни ўз ичига олган куну тун фаолият юритадиган ҳудудга айлантирилди. Аҳоли дам олиши ва соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш мақсадида 10 дан ортиқ болалар майдончаси, 8 та воркаут зонаси, китоб дўкони ҳамда нуронийлар маскани қурилди.

Давлатимиз раҳбари маҳалла бўйлаб юриб, миллий меъморий услубда таъмирланган хонадонлар, ободонлаштирилган кўчалар ва аҳоли учун яратилган қулайликлар билан танишди. Маҳалла фаоллари ва фуқаролар билан самимий мулоқот қилди, амалга оширилаётган ишлар аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлигига қандай таъсир кўрсатаётгани билан қизиқди.

Президентимиз “Global International Hospital” хусусий кўп тармоқли тиббиёт ­маркази фаолияти билан танишиб, муассаса ходимлари билан гаплашди, жарроҳлик, реанимация ва даволаш бўлимлари, ситуацион марказда яратилган шароитларни кўздан кечирди. Соҳада меҳнат қилаётган мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, хусусий тиббиёт ташкилотлари сонини кўпайтириш ҳамда аҳолига сифатли, замонавий ва самарали тиббий хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

— Ҳар бир беморга сифатли ва муносиб хизмат кўрсатиш билан бирга тиббий ва туризм хизматларини уйғунлаштириш зарур. Бу йўналишни кенг тарғиб қилиш, хориж тажрибасини ўрганиб, шифохоналар ҳузурида меҳмонхона инфратузилмасини ривожлантириш керак, — деди давлатимиз раҳбари.

Шу куни Президентимиз раислигида Тошкент шаҳри, хусусан, Сергели туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари 13 июль куни электропоездда Тошкентдан Бекобод шаҳрига келди, Ўзбекистон металлургия комбинатида барпо этилган янги қуюв-прокатлаш мажмуасини ишга тушириш маросимида иштирок этиб, комбинат жамоаси, меҳнат фахрийлари ва хорижлик ҳамкорларни ушбу муҳим воқеа билан табриклади. Мажмуани барпо этишда иштирок этган қурувчи ва муҳандислар, технолог ва машинистлар, ишчи-ходимлар, меҳнат фахрийлари ҳамда хорижий ҳамкорларга миннатдорлик билдирди.

Тантанали маросимда Ўзбекистон металлургия комбинатини янада ривожлантириш бўйича келгуси режалар ҳам белгилаб берилди.

Бекободга ташрифнинг асосий воқеаларидан бири, шубҳасиз, қора металлургия саноатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлди. Қора металлургия оғир саноатнинг темир, чўян, пўлат ва уларнинг қотишмаларини қазиб олиш, қайта ишлаш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган асосий тармоғидир. Қурилиш, машинасозлик, автомобилсозлик ва инфратузилма каби соҳалар учун бошланғич хомашё ва тайёр маҳсулотлар айнан шу тармоқ ривожига боғлиқ.

Йиғилишда тармоқда импортга боғлиқлик, таннарх ва энергия сарфи юқорилиги, рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий қилиш борасидаги ишларда камчиликлар борлиги кўрсатиб ўтилди.

Президентимиз 22 июль куни Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманига ташриф буюриб, Тошкент — Самарқанд йўналишидаги пулли муқобил автомобиль йўли қурилишига тамал тоши қўйди. Лойиҳа янги Ўзбекистоннинг иқтисодий қудрати ва транспорт-логистика салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

— Бугун бу соҳада том маънода янги давр бошланмоқда, десак тўғри бўлади. Халқимиз учун тараққиёт ва фаровонлик тимсоли бўлиб хизмат қиладиган ушбу йирик лойи­ҳанинг бошланиши барчамизга муборак бўлсин. Биз бугун Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик тўйи арафасида мамлакатимиз келажаги, иқтисодий барқарорлиги ва халқимиз фаровонлиги учун яна бир мустаҳкам пойдевор қўймоқдамиз, — деди давлатимиз раҳбари.

Қиймати қарийб 2,2 миллиард доллар бўлган олти тасмали йўлнинг умумий узунлиги 282 километрни ташкил этади. У Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларидаги аҳолиси 2 миллиондан зиёд бўлган 13 та туман орқали ўтиб, ҳудудлар учун янги имкониятлар яратади. Лойиҳа доирасида 92 та кўприк,

28 та йўл ўтказгич, 60 та туннель типидаги ўтиш жойи, шунингдек, қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун ер ости йўлаклари ва сув ўтказиш иншоотлари қурилади.

Президентимиз ташриф давомида А-373 ва Тошкент катта ҳалқа йўллари кесишмасида барпо этилган янги йўл ўтказгични кўздан кечирди. Бу иншоот транспорт оқимини самарали ташкил этиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш, тирбандликларни камайтириш ҳамда Тошкент билан Нурафшон ўртасидаги қатнов вақтини 10-15 дақиқага қисқартиришга хизмат қилади. Бектемир ва Ўрта Чирчиқ туманлари туташган ҳудудда 14,1 гектар майдонда барпо этилган лойиҳанинг қиймати 240 миллиард сўмни ташкил этди.

Мамлакатимиз етакчисига лойиҳанинг техник ечимлари, транспорт оқимини бошқариш имкониятлари ҳамда келгусида Тошкент — Нурафшон йўналишида тезюрар автобуслар тизимини (BRT) йўлга қўйиш бўйича режалар ҳақида ҳам ахборот берилди. Шунингдек, Ўрта Чирчиқ туманидаги Қорасув канали бўйида бажарилган бунёдкорлик ишлари кўздан кечирилди, Нурафшон шаҳрида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг янги барпо этилган Ижтимоий ҳимоя мажмуасида яратилган шароит­лар билан танишилди, ахборот хавфсизлиги ва рақамли технологияларга ихтисослашган “Cyber University” давлат университети ва “Нурафшон махсус техника” корхонасига ташриф буюрилди.

Давлатимиз раҳбари Нурафшон шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” боғида Тошкент вилояти жамоатчилиги билан тантанали учрашувда иштирок этди. Тадбирда нуронийлар, ёшлар ва фаоллар қатнашди.

Президентимиз 27 июль куни Янги Тошкент шаҳридаги қурилиш ишлари билан танишди. Дастлаб шаҳарнинг кенг кўламли макети ва рақамли харитаси асосида қурилишларнинг умумий бориши, йирик объектларнинг ўзаро жойлашуви ҳамда навбатдаги бунёдкорлик режалари ҳақида ахборот берилди.

Транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини қурилишлар билан уйғун ривожлантириш, яшил ҳудудлар ва жамоат маконларини ўзаро боғлаш, Янги Тошкентни пойтахтнинг амалдаги ҳудуди билан узвийлаштириш масалалари кўриб чиқилди. Барча лойиҳаларни ­яхлит шаҳарсозлик концепцияси асосида, юқори сифат ва меъморий уйғунликни таъминлаган ҳолда амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Шундан сўнг Президентимиз Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университетининг барпо этилаётган кампусини кўздан кечирди. Айни пайтда ректорат ва айрим факультетлар биноларида якуний қурилиш ва пардозлаш ишлари бажарилмоқда. Давлатимиз раҳбари биноларнинг ички маконлари, ўқув ва маъмурий хоналар жойлашуви, муҳандислик тармоқлари ҳамда ҳудудни ободонлаштириш ишлари билан танишди.

Кейин давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг янги биносидаги қурилиш ишларини кўздан кечирди. Айни пайтда мажмуада қурилиш ва пардозлаш ишларининг 90 фоизи бажарилган. Кутубхонани жорий йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Умумий майдони 30 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган тўрт қаватли бино бир вақтнинг ўзида 1 420 китобхонга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади.

Ташрифнинг навбатдаги манзили “Янги Ўзбекистон” университетининг янги кампуси бўлди. Эллик гектар майдонда барпо этилаётган мажмуа 10 минг талабага мўлжалланган. Унда факультетлар ва ректорат бинолари билан бирга кутубхона, музей, кўргазма ва мультимедиа заллари, спорт мажмуаси, сузиш ҳавзаси ҳамда талабалар турар жойлари жойлашади.

Янги Тошкентда барпо этилаётган замонавий футбол стадионидаги қурилиш ишлари ҳам кўздан кечирилди. 55 минг томошабинга мўлжалланган ушбу аренада бунёдкорлик ишларининг 65 фоизи бажарилган. Стадион 2027 йилда 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионати баҳсларини қабул қилади.

Мамлакатимиз етакчиси қурилишни белгиланган муддатда ва юқори сифат билан якунлаш, стадионни транспорт тизими ҳамда Янги Тошкентнинг умумий шаҳарсозлик муҳити билан уйғунлаштириш бўйича кўрсатмалар берди.

Самимий муносабат ва юксак эътирофлар

Давлатимиз раҳбари июль ойидаги илк хорижий ташрифини Грузияга амалга оширди. Мамлакат Президенти Михаил Кавелашвили билан бўлиб ўтган музокараларда икки давлат ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Президентимиз Грузия раҳбарига самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, ушбу мамлакатга давлат ташрифи сўнгги 23 йилда илк бор амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.

Тбилиси шаҳридаги тадбирлар доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни Грузиянинг олий давлат мукофоти — ­“Олтин мўйна” ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Икки мамлакат кўп қиррали муносабатларини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун давлатимиз раҳбарига ушбу мукофотни Грузия Президенти Михаил ­Кавелашвили топширди.

1998 йилда таъсис этилган “Олтин мўйна” ордени мамлакатнинг олий мукофотларидан бири бўлиб, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда грузин маданияти, илм-фани ва санъатини тарғиб этиш борасидаги алоҳида хизматлар учун берилади.

3 июль куни Шавкат Мирзиёев ва Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе тор доирада ва икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокара ўтказди. Давлатимиз раҳбари учрашув аввалида ушбу ташриф ўзаро муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишда алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади. Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвес­тициявий, транспорт-транзит, туризм ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Музокаралар якунида Стратегик шерик­лик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларация имзоланди. Шундан сўнг ­Тбилиси шаҳрида ўзбек халқининг буюк фарзанди, шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкалининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари 8 июль куни Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг таклифига биноан расмий ташриф билан Минск шаҳрига келди. Икки мамлакат етакчилари тор доирада ҳамда расмий делегациялар аъзолари иштирокида музокара ўтказди. Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларацияни имзолади. Давлат раҳбарлари ҳузурида қатор икки томонлама ҳужжатлар алмашилди.

Ўзбекистон Президенти Қозоғистон Респуб­ликаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан 29 июль куни амалий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди. Давлатимиз раҳбари Остона шаҳрида “Келажак ўйинлари” учинчи халқаро мусобақасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди. “Барис Арена” муз саройида ўтказилган тадбирда Қозоғистон Президенти Қосим-­Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти ­Эмомали Раҳмон ва бошқа хорижий меҳмонлар ҳам қатнашди.

Шавкат Мирзиёев 30 июль — 1 август кунлари Қирғиз Республикасида давлат ташрифи билан бўлди. Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Ўзбекистон ва Қирғиз Республикаси раҳбарлари иштирокида тор доирадаги ва расмий делегациялар аъзолари иштирокидаги ­музокаралар бўлиб ўтди. Ўзбекистон — Қирғизистон ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари бугунги кунда ўзаро муносабатлар ҳар қачонгидан ҳам юксак даражага кўтарилганини алоҳида таъкидлади.

Олий даражадаги музокаралар якунида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланди. Ушбу ҳужжат икки томонлама шерикликни давлатлараро алоқаларнинг энг юқори даражасига олиб чиқади.

— Энди бизнинг асосий вазифамиз — ҳамкорлигимизни мамлакатларимиз ва халқларимиз тараққиёти ҳамда фаровонлигига хизмат қиладиган янги мазмун, лойиҳа ва ташаббуслар билан бойитиш, — деди мамлакатимиз етакчиси.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентини I даражали “Манас” ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Қирғизистоннинг юксак мукофотини давлатимиз раҳбарига Президент Садир Жапаров топширди.

Ўзбекистон етакчиси қардош Қирғизистон Президенти ва халқига чуқур миннатдорлик билдириб, ушбу мукофотни икки халқ ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини мустаҳкамлаш борасидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатлар ҳамда Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатларини янги тарихий босқич — иттифоқчилик даражасига олиб чиқишга қаратилган муштарак интилишларнинг юксак эътирофи сифатида қабул қилишини таъкидлади.

1996 йилда таъсис этилган “Манас” ордени Қирғиз Республикасининг олий давлат мукофотларидан бири ҳисобланади. Республика ва хориж фуқароларига давлатчилик ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқлар ўртасида тинчлик, дўстлик ва ўзаро англашув ришталарини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун берилади.

Президентимиз Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг 31 июль куни Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган норасмий учрашувида иштирок этди. Етакчилар Марказий Осиё ва Озарбайжон мамлакатлари ва халқларининг барқарор ривожланиши, иқтисодий тараққиёти, хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фаровонлигини юксалтиришга доир долзарб масалалар юзасидан фикр алмашди.

— Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида илгари тарқоқ бўлган Марказий Осиё бугунги кунда тараққиётнинг умумий мақсадлари йўлида бирлашмоқда, — деди Ўзбекистон раҳбари сўзининг аввалида.

Президентимиз мураккаб ва олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган халқаро воқеликни таҳлил қилар экан, учрашув иштирокчиларини қатъият билан ҳаракат қилиш ва ўзаро мувофиқлашувни янада кучайтиришга чақирди. Озарбайжоннинг Маслаҳат учрашувлари форматига қўшилиши ўзаро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги — макроминтақавий даражага олиб чиқаётганини, минтақавий ҳамкорликнинг барқарор архитектурасини шакллантиришга ўтиш муҳимлигини таъкидлади.

Ўзбекистон раҳбари нутқининг якунида умумий кучимиз — бирлик, ўзаро ишонч ва биргаликдаги яратувчанликка қатъий интилишда эканини яна бир бор урғулади.

Бирор масала, соҳа ва йўналиш эътибордан четда эмас

Одатда давлатимиз раҳбари ҳузурида бўлиб ўтадиган тақдимот ва видеоселектор йиғилиш­лари мавзу ва йўналиш жиҳатидан турли-туман бўлади, яъни бирорта ҳам соҳа ва йўналиш ­эътибордан четда қолмайди.

Июль ойидаги ана шундай йиғилишларнинг дастлабкисида транспорт-логистика ­тизимини ривожлантириш бўйича таклифлар кўриб чиқилган бўлса, навбатдаги мавзу чўлланишга қарши курашиш ва “яшил шаҳар” тамойилларини жорий этиш бўйича таклифларга бағиш­ланди.

Шунингдек, Президентимиз нефть-газ тармоғида навбатдаги куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларининг бориши юзасидан ахборот билан танишди. 2026-2027 йиллар куз-қиш мавсумида аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурс­лари билан барқарор таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган комплекс чора-тадбирлар кўриб чиқилди. Яна бир йиғилишда давлат бош­қарувида ягона рақамли платформани жорий этиш чоралари ҳақида сўз борди.

Навбатдаги йиғилишда Президентимизга халқаро таълим стандартлари асосида ўрта махсус, касбий ва олий таълим дастурларини жорий этиш, нуфузли хорижий университетлар билан академик ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган таклифлар тақдимот қилинди. Пенсия тизимини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар кўриб чиқилган йиғилишда эса тизимдаги кечиктириб бўлмас вазифалар белгилаб олинди.

Президентимиз 15 июль куни танишган тақдимотда Беларусга ташриф давомида ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича эришилган келишувлар ижросига доир масала кўриб чиқилди. Шу куни иқтидорли бошқарувчилар, лидерлар ва янги авлод раҳбарларини аниқлаш ва танлаш ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари юзасидан ҳам тақдимот бўлиб ўтди.

16 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил қилиш масаласи кўрилди. Давлатимиз раҳбари ҳузурида, шунингдек, маданият ва санъатни ривожлантириш, миллий меросимизни асраб-авайлаш ҳамда халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишга қаратилган навбатдаги лойиҳа ва тадбирлар тақдимоти ўтказилди. Бундан ташқари, ёқилғи-энергетика соҳасидаги мурожаатлар таҳлили, ичимлик ва оқова сув хизматларини яхшилаш, энергетика тармоғида бошқарув ва масъулиятни кучайтириш бўйича устувор вазифалар, Нукус шаҳридаги иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш бўйича лойиҳалар муҳокамасига бағишланган йиғилишларда ҳам кечиктириб бўлмас вазифалар белгилаб олинди.

Кўп қиррали ҳамкорлик йўлида

28 июль куни хорижий давлатларнинг мамлакатимизга янги тайинланган элчилари томонидан ишонч ёрлиқларини топширишга бағишланган тантанали маросим ўтказилди. Мамлакатимиз етакчиси Италия, Фаластин, Саудия Арабистони Подшоҳлиги, Кувайт, Жазоир Халқ Демократик Республикаси, Малайзия, Покистон Ислом Республикаси, Озарбайжон ва Қозоғистон Рес­публикаси фавқулодда ва мухтор элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди.

Мамлакатимиз етакчиси дипломатик ваколатхоналар раҳбарларини юртимиздаги шарафли миссияси бошлангани билан чин қалбдан самимий табриклади. Дунёда турли геосиёсий зиддиятлар тобора авж олаётган ҳозирги мураккаб даврда дипломатларнинг масъулиятли фаолияти ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиши таъкидлади. Ҳар бир элчига мурожаат қилиб, улар вакиллик қилаётган давлатлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Маросим якунида дипломатлар самимий қабул ва яратилган имкониятлар учун чуқур миннатдорлик изҳор этиб, Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни фаол илгари суриш йўлида бор имкониятларини ишга солишларини таъкидлади.

Президентимиз 6 июль куни Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар ва муҳожирлар масалалари бўйича вазири Айман Ҳусайн Сафадий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистон билан Иордания ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

7 июль куни “BlackRock” компанияси директорлар кенгаши аъзоси ва катта бошқарувчи директори Адебайо Огунлеси билан учрашув бўлди. Унда стратегик шерикликни, аввало, ёқилғи-энергетика соҳасида янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон раҳбари Ислом цивилизацияси I халқаро форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Кавказ мусулмонлари идораси раиси, шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода, шунингдек, Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) бош директори Салим ал-Маликни қабул қилди.

Президентимиз 14 июль куни мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Италиянинг Тоскана вилояти губернатори Эуженио Жани бошчилигидаги делегация билан учрашди. Ўзбекистон — Италия стратегик шериклигини, энг аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари 17 июль куни Озарбайжон Республикаси иқтисодиёт вазири Микойил Жабборов, 20 июль куни Беларусь Республикаси Бош вазири ўринбосари Виктор Каранкевич, 28 июль куни Саудия Арабистони Подшоҳлиги соғлиқни сақлаш вазири Фаҳад бин Абдулраҳмон ал-Жалажил бошчилигидаги делегацияларни қабул қилди.

Мухтасар айтганда, ёзнинг ҳарорати энг юқори кўрсаткичга чиққан июль ойи мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётида ҳам қайноқ мавсум сифатида тарихга муҳрланди. Ёки мақола аввалида таъкидлаганимиздек, инсон манфаатлари устувор жамият сари навбатдаги дадил қадамлар палласи бўлди.

Нодир МАҲМУДОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири