Катта йўлнинг икки томонига ёйилган далалар адирларга туташган. Ҳафсала билан терилган қовун-тарвузга кўзим тушиб, машинани йўл четига тўхтатдим. Бошига дурра ёпган деҳқон амаки менга пешвоз чиқди.

— Келсинлар, қани, қизим, қовун-тарвуздан танланг!

— Бу олтинранг қовунларнинг бемазаси бўлмаса керак, амаки, — дедим табассум билан. Суҳбатимиз қизиди. Деҳқон ёз неъматлари таърифини келтириб чарчамасди. Ҳайратим унга янада илҳом бераётгани шубҳасиз. Гап орасида туғилган жойимни сўради оқсоқол.

— Олтиариқданман, — дедим қувониб.

— Эй-эй, сиз Эркин Воҳидовнинг қишлоғиданмисиз?! Мен шоирнинг асл мухлислариданман. «Олтин девор»ни қайта-қайта ўқисам, дилим яйрайди. Шерали Жўраев «Ўзбегим»ни бошласа, урушда ва Сибирда увол бўлган жигарларимни эслаб, юрагимни бўшатаман.

Деҳқон билан узоқ суҳбатлашдик. Даладан нарини кўрмаган, кетмон орқалаб умри ўтган бу тозадил инсоннинг миллат шоири ҳақида билганларини, Эркин Воҳидовнинг достонларидан келтираётган айтимларини эшитиб, халққа яқин бўлиш, халқ шоири эмас халқнинг шоири бўлиш аслида мана шу эканига иқрорим мустаҳкамланди.

Дарҳақиқат, Эркин Воҳидов қалами билан қалби уйғун ижодкор эди. Инсон зоти азалдан шеъру қўшиқдан дардига малҳам, қувончига йўлдош излайди, кўнгли сўзга қўшилган айтимларни хиргойи қилади. Устоз шоир ҳам ҳар бир сатри беихтиёр куйга қўшиладиган, айтари кўнгилларни топиб борадиган ана шундай туғма шоирлардан эди. Қалбларга эзгулик уруғини қадагувчи ижод аҳлининг исми-шарифи олдига «севимли» сўзи урғулаб қўшилиши бежиз эмас. Зеро, халқимиз ўзидан чиққан, кўнглига ойна тутиб, умидини улғайтирадиганларни севади.

Халқимизнинг севимли шоири Эрин Воҳидовни билмаган, унинг қўшиққа айланган мисраларини ёд олмаган ўзбек боласи бўлмаса керак.

Шамс — дил тафтингдадур,

Сайёралар кафтингдадур,

Кенг жаҳон забтингдадур,

Боғбон ўзинг, посбон ўзинг...

... Онаизоринг — замин,

Танҳо йўғу боринг — замин,

Хаста беморинг — замин,

Ўғлон ўзинг, дармон ўзинг,

Бағрида ётқучи — сен,

Неъматларин тотқучи сен,

Тиғ бўлиб ботқучи — сен,

Пайкон ўзинг, қалқон ўзинг.

Эркин Воҳидовнинг Ватан ардоғи, юрт камоли, инсон тийнати, яшаш моҳияти, муҳаббат саодатига бағишланган кўплаб шеърлари ёшлар мадҳиясига айланган. Шоир мисраларида ҳаётсевар, оловли қалб эгасининг ўзига хос қўшиқлари жаранглаётгандай бўлади.

Юртимизнинг Олтиариқ гўшаси фақат узум, турп, бодринг етиштириб, дунё бозорларини эгаллашдагина эмас, миллатнинг адабий олтин фондини забардаст адиблар билан бойитишда ҳам етакчилардан. Бу мўътабар тупроққа азиз бўлганлар камида шоирга айланади. Эркин Воҳидов ана ўша Олтиариқ аталмиш фирдавсда дунёга келган. Шунинг учун унинг ижодида бағрикенглик, мардлик, улуғлик залвори жўш уриб туради.

Фурсатинг етмайди доим,

Ҳеч қачон етган эмас.

Меҳнатинг битмайди доим,

Ҳеч қачон битган эмас.

Чун замондек бепоёндир

Кўксинг ичра орзу,

Фурсату орзуни қувлаб

Ҳеч киши етган эмас.

Интилар борлиқни инсон

Баркамол этмоқ учун,

Не ажаб, инсонни борлиқ

Баркамол этган эмас,

дейди шоир шеърларидан бирида. Бу сатрлар дилингизни топмай қўймайди. Беихтиёр кўнгилдаги кўч-кўронингиз билан шеърга кўчасиз. Сўзнинг қудрати, адабиётнинг мўъжизаси ана шунда эмасми?!

Ижод ҳамма даврда ҳам ўз пешқадамлари, қуйма талантларини юзага чиқарган. Бугун китобхоннинг адабий диди, талаби, шеъриятдан излагани кечагидек эмас. Истеъдодларга нисбатан китоблар беҳисоб даврда яхши шеърни кўзингга суртгинг келади. «Инсон қасидаси» ёки «Ўн саккизга кирмаган ким бор» каби шеърларни айтиб, кўнглинг равшан тортади. Танамиздаги дардимиз ҳақида шифокорлар бош қотирсину, кўнгил малҳами, қалб ҳаловати бошқа нарсада энди. Фақат худо берган қаламгина ўзинг билан ўзингни юзма-юз қилиб, илкингни тўқлайди.

Устоз «Шоир ҳар қанча кучли, ўзига хос бўлмасин, бир оҳангда, бир услубда ёзаверса, ўз-ўзини такрорлаб қўйиши мумкин...», деган эди «Қирқ ёш юки» мақоласида. Чиндан ҳам, Эркин Воҳидов фақат шеърлар, ҳажвиялар ёзган шоир сифатида эмас, балки мудраб қолган аруз вазнини ўзига хос овози, истеъдоди билан қайта уйғотган ғазал устаси сифатида ҳам адабиёт бўстонида чуқур из қолдирди. Ғазалга самимиятни янада уйғун этди. Шунинг учун ҳам унинг ғазаллари содда ва равон, қўшиқдек тильдан дилга осон кўчади.

«Даврлар келадики, ижод аҳлининг ижтимоий фаоллиги унинг ёзганларидан кўра муҳим ҳисобланади», деган эди улуғларимиз. Ҳар бир даврнинг шиддати киши елкасига ана шундай икки ҳисса фидойилик юкини ортади. Эркин Воҳидов бу шарафли бурчга сидқидилдан ёндашди. У ёзган китоблари одамларга қачон етиб бориши, эътироф этилишини бир бурчакда кутиб ўтирмади. Аксинча, халқ ичига кириб, унинг орзулари, қийинчиликларини бирга куйлади. Сиёсат, ижтимоий ҳаёт ва одамлар ўртасида адабиёт аталмиш муқаддас ва улуғ кўприкни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшди. Сиёсат йўналишида фаолият юритар чоғи кўп ижодкорлар қаламидан файз, ижодидан самимият кетганини кўрдик. Лекин Эркин Воҳидов қанча баландламасин, илдизлари, ўзлиги, адабиётга сўнмас садоқати билан бирга юксалди.

2018 йилда Марғилон шаҳрида Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби барпо этилди. Бугун ижод мактабида 160 дан ортиқ истеъдод соҳиби таълим ва ижод сирларини ўрганмоқда. Ўқувчилар жаҳон андозаларига мос синфхоналарда тажрибали, ижодкор устозлардан таълим-тарбия олмоқдалар. Ўқувчиларнинг дарсдан кейинги вақтини унумли ва сермазмун ўтказиш мақсадида ижод мактабида «Тасвирий ва рақамли санъат», «Компьютер графикаси», «Аудиовизуал асарларни яратиш ва қайта ишлаш», «Веб дизайн», «Телерадиожурналистика», «Драма» каби замонавий тўгараклар фаолият кўрсатмоқда. Мактабда ўқувчилар ижодий қобилиятини намойиш этиши учун «Ўзбегим» радиоси, «Ўзбегим» ойномаси, «Ўзбегим» кўрсатуви ва матбуот хизмати бўлими ташкил этилган. Бундан ташқари, ижод мактабида «Олтин девор» драма тўгараги, «Чашма» адабий тўгараги, «Бадиий таржима» тўгараги фаолияти йўлга қўйилган. Тўгаракларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари раҳбарлик қилмоқдалар.

Шунингдек, ижодкор камол топишида адабий муҳитнинг ўрни жуда муҳим эканини ҳис этган ҳолда режа асосида ҳар ойда бир марта таниқли адабиёт устазодалари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади.

Фахр билан айтгим келгани, 2019-2023 йиллар давомида Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ижод мактаби мураббийи Баҳодир Исо «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи» унвони билан, мактаб ўқитувчилари Мунира Қўқонова «Шуҳрат» медали, Давлатжон Каримов «Мард ўғлон» давлат мукофоти, 11-синф ўқувчиси Нилуфар Эргашева «Зулфия» номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди. Мактаб ўқувчиларининг ўнлаб китоблари, тўпламлари чоп этилиб, устоз ижодкорлар томонидан эътироф этилмоқда. Қолаверса, илм толибларининг юртимиз ва халқаро миқёсда эришаётган ютуқларининг ҳам салмоғи баланд.

Адабиёт халқнинг юрагидир. У инсонни эзгуликларга, яхшиликларга сафарбар этади. Эркин Воҳидов номидаги ижод мактабида ўзбек адабиёти ривожига устоз адиб каби муносиб ҳисса қўшадиган илми ва маънавияти баркамол ёшлар етишиб чиқишидан умидвормиз.

***

Тирикчилиги тупроқдану, қалб фасоҳати осмон бўлган деҳқон амаки билан дилдан суҳбат қурдик. Кетар чоғим деҳқон ҳафсала билан тилёрар қовун-тарвузнинг сараларини машинага юклади. Пул берсам, олгани унамади.

— Қўйсангизчи, қизим, ахир сиз севимли шоирим Эркин Воҳидовнинг қишлоғидан экансиз. Биз томонга йўлингиз тушса, албатта, яна келинг. Бу полиздаги қовун-тарвузлар сизга бепул, — деди табассум билан.

Йўл бўйи кўнглимдан ажиб туйғулар ўтди. Қалам тутганларнинг ҳаммаси ҳам қаламга, қалбга садоқат билан тура олмайди. Ёзилганларнинг ҳаммаси ҳам йиллар ўтсада, одамларнинг дилига, тилига жо бўлавермайди. Зеро, умри боқий асарларни яратмоқ улуғлар иши. Эзгуликка хизмат қиладиган адабиёт бор экан, инсоният қалбидаги маънавият, адабиёт дарёси мавжланиб, ундан сипқорганларнинг бу дунёдаги рутбаси ва фазли юксалиб бораверади.

Дилшода ЭРГАШЕВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси