Ҳақ васфини истаганда – мумтоз адабиётга, умр дилбарлигидан тўлқинланиш ҳиссига чанқоқ бўлганда – замонавий адабиётга, ҳаётий мақсадларимни янада теранлаштирмоқчи бўлганда – жадид даври адабиётига юзланиш одатим бор. Балки бу қишлоқ мактабида кутубхоначи бўлган онамнинг ёки болалигимизданоқ шахсий кутубхонамиз бўлиши шартлигини уқтирган отамнинг таъсиридир, балки қадимий қўлёзмаларни ўқиш, матнни англаш, унда яшашни ўргатган устозларим шарофатидандир. Ҳар не бўлганда ҳам, Аллоҳ сўзни ҳис этиш илҳомини берганига қайта-қайта шукр қиламан. Ана шу шукр шавқи билан атрофимдагиларни ўқишга ундайвераман. Ўқиш орқалигина бойиб кетиш мумкин эмасдир, аммо ундан-да улуғроғини – кимлигингни унутмаслик, ўзлигингни англаш имконини қўлга киритасан. Зеро, “Ал-Мисоқ”даги ваъдамиз ҳам шу эмасмиди, аслида?
Зайнобиддин Абдирашидовнинг “Жадидлар. Маҳмудхўжа Беҳбудий” рисоласини мутолаа қиларканман, ана шундай фикрлар хаёлимдан ўтди...
Даврлар ўтиши билан мақсадлар қайта такрорланадими ёки асрлардан бери миллатни хор этган муаммоларимиз ўзгармадими, билмадим, аммо бугунги кунимизда ҳам жадид маърифатпарварларимизнинг айтганларига, битганларига эҳтиёжимиз баланд. Чунки уларни қийнаган масалаларга ҳануз даво топмадик. Ҳозир ҳам соч-соқол, кўйлакнинг узунлигию рўмол масаласида тонготаргача давом этгулик баҳслар бор-у, ривожланиш йўқ. Тўйларда машшоқнинг бошидан чангаллаб пул сочгувчи қўллар илму урфонга келганда акашак... Дардимиз бор, дармоннинг йўли ҳам, аммо уни ўзимиз ёпаверамиз, ёпаверамиз.
Ёшлар ишлари агентлиги томонидан бу каби юксак ғояларни фаолиятининг асоси этиб белгилаган маърифатпарвар алломаларимиз илмий меросини оммалаштириш мақсадида “Жадидлар” рукни остида китоблар тўплами нашр этилганлиги хайрли қадамлардан бўлди. Мазкур тўпламда Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Исҳоқхон тўра Ибрат, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Ғулом Зафарий сингари жадидларнинг ҳаёти ва ижоди, асарларининг қисқача таҳлили, уларнинг фаолияти эътирофи, ҳикматли сўзлари ўрин олган.
Тўпламнинг электрон нусхаси қўлимга келиб тушиши билан даставвал Мунаввар қори Абдурашидхонов, сўнгроқ Маҳмудхўжа Беҳбудий тўғрисидаги китобларни ўқиб тугатдим. Ҳар икки асар муаллифлари – Сотимжон Холбоев ҳамда Зайнобиддин Абдирашидов илмий фаолиятини асосан жадидчилик ҳаракати тадқиқига бағишлаган чин олимлар эканлиги ҳам асарлардаги воқеалар, рақамлар, тафсилотларнинг ишончлилигини янада оширади. Бугун мен кўпроқ “Жадидлар. Маҳмудхўжа Беҳбудий” рисоласига тўхталмоқчиман.
Яшаётган кунимиз, фаровон ҳаётимизга жонини қурбон қилиш орқали пойдевор яратганлар номини яхшироқ англашни истаган киши рисола мутолаасидан сўнг Беҳбудий бу рўйхат аввалида эканлигини англайди. Унинг биографиясидаги алғов-далғовли воқеалар шиддати, армонлари биргина Маҳмудхўжанинг эмас, миллат сифатида бириколма(йди)ган, дунёга фазилатларини эмас, иллатларини ёйинлаётган ўзбекнинг ҳам афсуси бўлиши шарт. ХХ аср бошида чойхонадан бўшамаган, бедана уриштиришдан бўлак ғами бўлмаган, эрк истаган сара йигитларнинг қатл этилишини пана-паналарда шунчаки томоша қилган, билимсизликни, жаҳолатни иллат деб билмаган, “қадимчи” ва “жадидчи”га ажралган жамият ҳозир ҳам шу каби муаммолар гирдобида: келиннинг сепига қандай мато солмоқ керак, тўйнинг қайси ресторанда бўлишию қайси отарчига маҳлиё бўлиш, одамларнинг оғизини очириб қўйиш – шулар бугунимизнинг мақсадларига айланди.
Бироқ ҳануз ўз тилимизнинг ҳуқуқларини тиклолмаймиз, маърифатни миллатнинг безагига айлантира олмаймиз. Рисолада айни мавзуларга Маҳмудхўжанинг муносабати, у таклиф қилган ечимлар, миллий бирлик ва мухторият масаласи, мактаб, маориф, театр, ноширлик, газета-журнал чоп этиш ва ўқиш машаққатлари борасида сўз юритилади. Рисола мутолааси якунлангани сари Беҳбудий шахсияти ҳақидаги тасаввурлар янада ойдинлашиб бораверади. Бутун бир совет ҳокимиятчилиги нега айнан битта шахсни йўқотиш учун шунча фитна ўйлаб топгани хусусидаги шубҳаларга далиллар топила бошлайди.
Давримизнинг забардаст олимлари ва бошқа маърифатпарварлар томонидан билдирилган Беҳбудий фаолияти борасидаги эътирофлар унга қизиқишнинг янада ортишига хизмат қилади. Беҳбудийдан келтирилган иқтибослар унинг асарларини тўла ўқиш учун ўқувчида катта рағбат ҳосил қилади.
“Туркистон жадидчилик ҳаракатининг бонийси” (Бегали Қосимов таърифи)нинг сирли вафотидан сўнг битилган марсиялардаги таърифлар ўринли эканлигига зарра қадар шубҳа қолмайди:
Сани мундин буён Турон, кўролурму, кўролмасму?
Санинг мислингни Туркистон тополурму тополмасму?
Агар сизда жадидчилик ҳаракати ҳақидаги тасаввурларингиз янада кенгайишини истасангиз, чин ватанпарвар қандай бўлмоғи кераклигини ўзингиз учун кашф этмоқчи бўлсангиз, албатта, ушбу китобни мутолаа қилишингизни тавсия этамиз. Тарих такрорланади, дейишади. Агар залолатга ботган, илмдан йироқ, маърифатсиз ўтмиш кунлари бугунга айланмаслигини истасангиз, ўқиганларингиздан ибрат олинг, тафаккур қилинг. Фарзандларимизга ҳам айни шу теран тафаккурни мерос қолдирмоқни ўрганайлик.
Дилдора Раҳмонова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
Тошкент давлат юридик университети ихтисослаштирилган филиали катта ўқитувчиси