Ер бебаҳо бойлик. Ернинг ҳар бир қаричидан оқилона, самарали ва белгиланган мақсадда фойдаланишни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер билан узвий боғланган давлат кадастрлари ягона тизимини тўлақонли юритиш муҳим вазифадир.Шу боис, кейинги йилларда мамлакатимизда ерларни ажратиш, уларнинг ҳисобини юритиш, қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш, ер назоратини амалга ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Соҳадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг “Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳам қабул қилинди. Мазкур ҳужжатнинг ижроси назорат-таҳлил тартибида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан ўрганилди ва ушбу ўрганиш якунларига бағишланган тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилганидек, ҳужжат ижроси ўрганилганда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, давлат ер кадастри, бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш, аэрокосмик суратга олиш, давлат картография-геодезия кадастрини юритиш бўйича қатор амалий ишлар қилинмоқда.
Хусусан, “Кадастр ва рўйхатдан ўтказиш интеграциялашган ахборот тизими” яратилди. Ушбу тизим орқали қишлоқ хўжалиги ерларини электрон шаклда давлат рўйхатидан ўтказиш бошланди. Электрон ҳисобга олинган ер майдонларида 77,3 мингта фермер хўжаликлари ва уларнинг 4,1 млн. гектар ер майдонлари давлат рўйхатидан ўтказилди.
Шунингдек, “АrcGIS” дастурида онлайн геопортал (gis.kadastr.uz) пилот тарзида ишга туширилди ва барча ер участкаларининг электрон хариталари яратилиши ва маълумотларни очиқ-ошкора эълон қилиб борилиши йўлга қўйилди.
Тадбирда таъкидланганидек, Кадастр агентлиги ташкил этилгандан буён 385 мингта қўшимча объект ва 403 мингта кўчмас мулк объектида қўшимча қурилмалар аниқланиб, солиқ идорасига онлайн тарзда тақдим этилди. Жорий йилнинг 9 ойида 14 530 ҳолатда 2 406,4 гектар майдон ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш бўйича ҳуқуқбузарликлар аниқланди. Улар бўйича 12 950 та мажбурий кўрсатма берилди, ҳокимликларга 8 353 та тақдимнома киритилди, прокуратура органларига 4 928 та маълумот киритилди.
Фуқаролар ҳамда тадбиркорлар кўчмас мулк объектлари тўғрисидаги маълумотларни ва давлат реестридан кўчирмани davreestr.uz ахборот тизими орқали олиш имконияти яратилди.
Ҳар қандай фойдаланувчи кўчмас мулк, унинг тури, жойлашган жойи, чегараси, майдони ва ҳуқуқ эгалари ҳақида map.geoportal.uz сайти орқали маълумот олиш имконияти йўлга қўйилди. Барча ер участкалари, жумладан, қишлоқ хўжалиги ерларининг тўлиқ электрон хариталари яратилиб, улар тўғрисидаги маълумотларни очиқ-ошкора эълон қилиб бориш бўйича gis.kadastr.uz онлайн геопортали пилот тарзида ишга туширилди. Бугунги кунда 24 та йўналишда очиқ маълумотлар Агентликнинг kadastr.uz расмий веб-сайтига жойлаштирилиб янгиланиб борилмоқда.