Бугун ер деградацияси масаласини фақат экологик муаммо ёки агротехник камчилик сифатида талқин этиш етарли эмас. Бу, аввало, иқтисодий барқарорлик, озиқ-овқат хавфсизлиги, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги, қишлоқ аҳолиси даромади ва ҳудудий тараққиёт сифатига бевосита таъсир қилувчи стратегик омилдир. Шу маънода, янги Ўзбекистон шароитида ерга муносабат табиатни муҳофаза қилиш доирасидан чиқиб, давлат бошқаруви маданияти, узоқ муддатли режалаштириш ва келажак авлодлар олдидаги масъулият мезонига айланмоқда.
Президентимиз илгари сураётган ресурс тежамкор ва “яшил” ривожланиш
модели ҳам айнан шу мантиққа таянади: табиий ресурсларга муносабат ўзгармас
экан, иқтисодий ўсишнинг сифати ва барқарорлиги ҳақида сўз юритиш қийин. Шунинг
учун ер деградациясига қарши кураш бугун аграр сиёсатнинг тор йўналиши эмас,
балки мамлакатнинг умумий ривожланиш моделига дахлдор масалага айланди.
Ер деградациясининг энг хавфли жиҳати шундаки, у фавқулодда офат каби
бир кунда намоён бўлмайди. Йиллар давомида тупроқ унумдорлигини пасайтиради,
шўрланишни кучайтиради, сувни ушлаб туриш қобилиятини заифлаштиради. Натижада
қишлоқ хўжалиги самарадорлигини босқичма-босқич емириб боради. Бу жараённинг
иқтисодий таъсири эса жуда катта: фермер аввалги ҳосилни олиш учун кўпроқ сув,
кўпроқ ўғит, кўпроқ энергия ва кўпроқ иш кучи сарфлашга мажбур бўлади. Демак,
ер деградацияси фақат ҳосилни камайтирмайди, балки маҳсулот таннархини оширади,
рақобатбардошликни пасайтиради ва аграр иқтисодиётнинг барқарорлигига путур
етказади.
Муаммонинг глобал кўлами ҳам жиддий. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ
хўжалиги ташкилоти (FAO)нинг 2024 йил декабрда эълон қилинган шўрланган
тупроқлар бўйича йирик глобал баҳоловига кўра, дунёда 1,381 миллиард гектар ер
шўрланиш таъсирида, яна 1 миллиард гектар ер хавф остида. Ҳужжатда шўрланган
тупроқлар улуши юқори давлатлар қаторида Ўзбекистон ҳам қайд этилган.
Шунингдек, айрим экинлар бўйича ҳосил йўқотишлари 70 фоизгача етиши мумкинлиги
таъкидланган. Бу рақамлар ер деградациясини тор агротехник масала эмас, балки
глобал озиқ-овқат ва сув хавфсизлиги контекстида баҳолаш кераклигини кўрсатади.
Ўзбекистон мисолида бу масала янада долзарб. Чунки мамлакатимизда
қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат таъминоти ва қишлоқ аҳолиси бандлигининг сезиларли
қисми ер ва сув ресурслари ҳолатига бевосита боғлиқ. Тупроқ унумдорлигининг
пасайиши фақат аграр соҳадаги йўқотиш эмас, у озиқ-овқат нархлари, экспорт
тушуми, сув истеъмоли ва ижтимоий барқарорликка ҳам таъсир кўрсатади.
Албатта, иқлим ўзгариши, қурғоқчилик, ҳароратнинг кўтарилиши ва
трансчегаравий сув ресурсларига боғлиқлик ер деградациясини кучайтирадиган
омиллардир. Бироқ Ўзбекистон воқелиги муаммонинг катта қисми табиий омиллардан
кўра бошқарув сифати, инфратузилма ҳолати ва ҳисоб-китоб тизимлари
самарадорлиги билан ҳам бевосита боғлиқлигини кўрсатмоқда.
Жаҳон банкининг соҳавий таҳлилларида 2050 йилга бориб Сирдарё оқими 5
фоизгача, Амударё оқими 15 фоизгача қисқариши мумкинлиги, умумий сув танқислиги
эса 15 миллиард куб метргача етиши эҳтимоли қайд этилган. Бу рақамлар ер ва сув
сиёсатини эски ёндашувлар асосида давом эттириш мумкин эмаслигини кўрсатади.
Акс ҳолда, сув танқислиги ва ер деградацияси бир-бирини кучайтирувчи омилга
айланади.
2023 йил ноябрдаги йиғилишда Президентимиз мамлакатимиз сув
ресурсларининг атиги 20 фоизи Ўзбекистон ҳудудида шаклланиши, ҳар йили
бетонланмаган канал ва ариқларда 14 миллиард куб метр, яъни 36 фоиз сув
йўқотилаётганини таъкидлаган эди. Бу рақамлар масаланинг илдизи кўп ҳолларда
табиатда эмас, балки инфратузилма эскиргани, сув ҳисобининг мукаммал эмаслиги,
назорат ва бошқарув тизимларининг етарли даражада самарали ишламаётганида
эканини яққол кўрсатади.
Ер деградациясига қарши кураш, аввало, бошқарувни ислоҳ қилиш
масаласидир. Сув қандай ҳисобланади? Қайси ҳудудда қанча йўқотиш бор? Қайси ер
майдонларида шўрланиш тезлашмоқда? Қайси ислоҳот натижа беряпти, қайси бири
фақат ҳисоботда қолмоқда? Ана шу саволларга аниқ жавоб берилмас экан, энг йирик
инвестициялар ҳам кутилган самарани бермаслиги мумкин.
Сўнгги бир-икки йилда ер ва сув ресурсларини бошқаришга доир сиёсатда
янги босқич бошлангани кўзга ташланмоқда. 2025 йил августда маъқулланган Ўзбекистон
Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини
ривожлантиришнинг 2025-2028 йилларга мўлжалланган дастурида 2551 километр
ирригация тармоғини реконструкция қилиш, насос станцияларининг йиллик электр
истеъмолини 6,8 миллиарддан 6,2 миллиард киловатт-соатга тушириш вазифалари
белгиланган.
Бу рақамлар тармоқда миқдорий ўзгаришлар бошланганини англатади. Бироқ
таҳлилий нуқтаи назардан энг муҳим савол шунда: бу ўзгаришлар тупроқ сифатининг
яхшиланиши, сув сарфининг реал қисқариши ва ҳосилдорлик барқарорлигида қандай
акс этмоқда? Агар ислоҳотлар натижаси фақат қурилган иншоотлар ёки
ўзлаштирилган маблағлар билан эмас, балки ернинг мелиоратив ҳолати ва сув
тежашнинг амалий самараси билан баҳоланса, сиёсат сифати анча ошади.
Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида сув
тежовчи технологиялар қамровини 61 фоизга, яъни 2,6 миллион гектарга етказиш,
йилига 2,5 миллиард куб метр сув тежаш, 2026 йилда бу мақсадлар учун 3,3
триллион сўм ажратиш режаси белгилаб берилди. Бу рақамлар муаммога энди алоҳида
лойиҳалар йиғиндиси сифатида эмас, балки миллий ислоҳот дастури даражасида
ёндашилаётганини кўрсатади.
Мамлакатимиз етакчиси 9 февраль куни қишлоқ хўжалигида янги ерларни
ўзлаштириш ва соҳада илм-фанни янги босқичга олиб чиқиш бўйича таклифлар
тақдимоти билан танишган эди. Унда ер деградациясига қарши курашиш янада кенг
қамровда — яйловлар, лалми ерлар, агротехнологиялар ва илмий тадқиқотлар билан
боғлиқ сиёсат сифатида кўрилди. 2030 йилгача яна 938 минг гектар яйловни
ривожлантириш ва яхшилаш, 2026-2027 йилларда 620 минг гектар яйловни тиклаш
режалаштирилгани айтилди. Бу ер масаласини фақат суғориладиган майдонлар билан
чеклаб бўлмаслигини, бутун агроландшафт тизими нуқтаи назаридан ёндашиш
кераклигини англатади.
2026 йил мартдаги экологик лойиҳалар тақдимотида 2026-2030 йилларга
мўлжалланган устувор чоралар қаторида чўлланишга қарши курашнинг илмий ва
амалий асосларини кучайтириш зарурлиги алоҳида қайд этилди. Бу эса ер
деградациясига қарши кураш миллий экологик сиёсатнинг мустақил ва устувор
йўналишига айланаётганини кўрсатади.
Бугунги шароитда ер деградациясига қарши самарали сиёсатни фақат
маблағ ажратиш ёки алоҳида иншоотлар қуриш билан таъминлаб бўлмайди. Бунинг
учун ернинг мелиоратив ҳолати, шўрланиш даражаси, сизот сув сатҳи, сув сарфи,
ҳосилдорлик ва агротехнологик ҳолат бўйича маълумотларни ягона тизимга
бирлаштириш талаб этилади. Жаҳон банки таҳлилларида ҳам инфратузилма
модернизацияси билан бир қаторда мониторинг тизимлари, хизмат кўрсатиш сифати
ва сув бошқарувида институционал ислоҳотлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани
таъкидланган.
Энг асосий масала илм, мониторинг ва амалиёт ўртасида узвий боғлиқлик
яратишдир. Агар тупроқ таҳлили, шўрланиш хариталари, сизот сув кўрсаткичи ва
сув сарфи тўғрисидаги маълумотлар қарор қабул қилишга хизмат қилмаса,
ислоҳотлар кўпинча парчаланган ҳолда қолиб кетади. Масалан, бир ҳудудда сув
тежовчи технология жорий этилиши мумкин. Агар ўша ерда дренаж тизими ишламаса
ёки шўрланиш даражаси ҳисобга олинмаса, кутилган самарага эришилмайди.
Демак, ер деградациясига қарши курашда келажак рақамли мониторинг,
аниқ маълумотлар базаси ва илмий асосланган бошқарув маданияти билан боғлиқ.
Қарор қабул қилиш жараёни “қанча маблағ сарфланди?” деган саволдан “қандай
натижа олинди?” деган мезонга ўтиши шарт. Ана шундагина инфратузилмага
сарфланаётган ҳар бир сўм ва жорий этилаётган ҳар бир технологиянинг ҳақиқий
қиймати очилади.
Бу масала бутун мамлакат учун долзарб бўлса-да, унинг кўринишлари
барча ҳудудда бир хил эмас. Айрим жойларда шўрланиш юқори бўлса, бошқа
ҳудудларда сув танқислиги, яна бошқаларида шамол эрозияси ёки яйловлар
емирилиши асосий хавф манбаи бўлиши мумкин. Шу боис, бу муаммони ягона
марказлашган ёндашув билан эмас, балки манзилли ҳудудий сиёсат орқали ҳал этиш
самаралироқ.
Оролбўйи ва чўллашув хавфи кучли ҳудудларда экологик барқарорлик, ер
қопламини сақлаш ва яйловларни тиклаш устувор йўналиш бўлиши лозим. Интенсив
суғорма деҳқончилик ривожланган ҳудудларда эса сув сарфини қисқартириш,
шўрланиш ва дренаж масалаларини ҳал этиш биринчи ўринга чиқади. Демак, ер
деградациясига қарши курашнинг муваффақияти миллий дастурлар билан бирга
ҳудудий дифференциация тамойили қанчалик ҳисобга олинишига ҳам боғлиқ.
Ер деградацияси фақат тупроқ сифати ёмонлашуви билан чекланмайди. У
озиқ-овқат етиштириш имкониятларини қисқартиради, сув танқислигини кучайтиради,
иқлим ўзгаришига мослашишни қийинлаштиради ва қишлоқ аҳолиси даромадларига
салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун бу масала барқарор ривожланиш билан
бевосита боғлиқ. Чунки барқарор ривожланиш бугунги эҳтиёжларни қондириш билан
бирга келажак учун ҳам мустаҳкам ресурс ва имкониятларни сақлаб қолиш демакдир.
Бугунги кунда ерга муносабатни ўзгартириш фақат қишлоқ хўжалиги
соҳасининг вазифаси эмас. Бу мамлакатнинг иқтисодий барқарорлиги, озиқ-овқат
хавфсизлиги, сув таъминоти ва ҳудудлар тараққиёти билан боғлиқ стратегик
масаладир. Ер фақат ишлаб чиқариш воситаси эмас, балки аҳоли фаровонлиги ва
мамлакат келажагининг таянч ресурси. Шу боис, уни асрашни навбатдаги экологик
тадбир эмас, балки миллий манфаат ва барқарор тараққиёт талаби сифатида англаш
зарур.
Шунинг учун ер ва сув ресурсларини бошқаришга оид ислоҳотлар самараси
ажратилаётган маблағ ҳажми ёки қабул қилинаётган дастурлар сони билан эмас,
балки уларнинг қанчалик яхлит, илмий асосланган, рақамли мониторингга таянган
ва натижага қаратилган тизимга айлана олиши билан ўлчаниши керак. Агар
инфратузилма модернизацияси, сув тежовчи технологиялар, шўрланиш ва мелиорация
бўйича маълумотлар, илмий ёндашув ва иқтисодий рағбатлар ўзаро уйғун ишласа,
бугунги таҳдид эртанги барқарор ўсиш нуқтасига айланиши мумкин.
Шу маънода, бугун ерни асраш фақат табиатни асраш эмас. Бу
Ўзбекистоннинг иқтисодий келажагини, ижтимоий барқарорлигини ва миллий
тараққиёт истиқболини асраш демакдир. Ерга муносабат қанчалик оқилона ва узоқни
кўзлаб қурилса, мамлакатнинг эртанги ривожланиш сифати ҳам шунчалик мустаҳкам
бўлади.
Жаҳонгир ИСАЕВ,
Барқарор ривожланиш маркази бўлим бошлиғи