Мазкур ташриф доирасида делегация аъзолари дунёнинг энг қадимий ва тарихий-меъморий обидаларга бой гўзал гўшаларидан бири Бухоро шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан танишди. Меҳмонлар дастлаб Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасида бўлди. Уларга мажмуанинг тарихи ҳақида сўзлаб берилди.

Мазкур меъморий хонақоҳ маҳобати ва бадиий безаги жиҳатидан жуда ноёб иморат саналади. Мажмуанинг асосий қисмига дахмалар, мақбара, иккита масжид, сакхона, ҳовуз, қудуқ, минора, мадраса ва Абдуллахон хонақоҳи киради. Кейинчалик унинг сафига баланд пештоқ – гумбазли янги дарвозахона, музей, чойхона сингари иморатлар қўшилган. Ушбу мажмуанинг яратилиш тарихи меҳмонларда ҳайрат уйғотди.

Шундан сўнг делегация аъзолари «Арк» қалъасида бўлди. Ушбу қалъа қадимда Бухоро шаҳрининг маркази ҳисобланган. Бухоро арки милоднинг бошларида қурила бошланиб, XVI асрда ансамбль ҳолига келтирилган. Аркнинг ўзида меъморий иншоотларнинг катта бир мажмуаси жойлашган. Шарқий қисми ҳозирда археологик ёдгорликдир. Унинг тепасидан Бухоронинг бетакрор манзарасини кўриш мумкин.

Меҳмонларда қалъанинг қурилишида меъморчиликнинг ўзига хос услубларидан фойдаланилгани катта таассурот қолдирди.

Делегация аъзолари шунингдек, Бухоро шаҳридаги «Пои калон», «Масжиди калон», «Лаби Ҳовуз» мажмуаларида ҳам бўлди.

Шу билан Эрон парламенти делегациясининг ташрифи якунланди, деб хабар беради Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.