Бу ҳақда Яқин Шарқ билан боғлиқ янгиликларга ихтисослашган Middle East Eye портали манбаларига таяниб маълум қилди.

Портал ёзганидек, Хитой зенит-ракета мажмуаларини етказиб бериш Эрон ва Исроил ўртасида 24 июнда эришилган де-факто сулҳдан сўнг амалга оширилган.

Исмини ошкор қилишни истамаган араб мулозимининг айтишича, АҚШнинг араб иттифоқчилари Теҳроннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини “мустаҳкамлаш ва кучайтириш” бўйича уринишларидан хабардор ва Оқ уй Эроннинг бу борадаги силжишлари ҳақида хабардор қилинган.

Зенит-ракета мажмуалари самолётлар, вертолётлар, ракеталар ва учувчисиз учиш қурилмалари каби ҳаво нишонларини йўқ қилиш учун мўлжалланган. Бу ракеталар ердан учирилиб, турли йўналтириш тизимлари ёрдамида нишонга йўналтирилади. Маълумки, Эрон ҳам Хитой ва Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, жумладан HQ-9 ва С-300 дан фойдаланади.

Манбалар жанговар ҳаракатлар тугаганидан бери Эрон Хитойдан қанча зенит-ракета мажмуалари олганига аниқлик киритилмаган. Бироқ манбалардан бири Эрон томони зенит-ракета мажмуалари ҳақини нефть етказиб бериш билан тўлаётганини айтди.

Порталнинг қайд этишича, Хитой Эрон нефтининг энг йирик импортчиси ҳисобланади. АҚШ Энергетика ахбороти бошқармаси май ойидаги ҳисоботида Эрон нефти ва конденсатининг қарийб 90 фоизи Пекинга экспорт қилинишини тахмин қилди. Шу билан бирга, Малайзия каби учинчи давлатлар орқали ўтадиган йўналишлар АҚШ санкцияларини четлаб ўтиш имконини беради, деб хабар беради tengrinews.kz.