Газета мухбири Ферейдун Асл Тахирпур қаламига мансуб ушбу материалда жорий йилнинг 30 апрель куни Ўзбекистонда Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича бўлажак референдум тафсилотлари ва Қонун лойиҳасига киритилган муҳим ўзгартишларнинг мазмун-моҳияти ҳамда мамлакат тараққиёти ва аҳоли фаровонлигини оширишдаги аҳамияти батафсил таҳлил қилинган.
Мақолада қайд этилишича, референдум ўтказиш ва Конституциянинг янги таҳририни қабул қилиш 2016 йилда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бошланган сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий ислоҳотлар асосида Янги Ўзбекистонни барпо этиш концепциясининг ҳуқуқий мустаҳкамланиши ҳисобланади.
«Ушбу ўзгартиришлар халқ томонидан референдумда қўллаб-қувватланса, Ўзбекистон нафақат ҳозиргидек суверен ва демократик, балки ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатга айланади, ижтимоий мажбуриятлар нормалари уч баробар ортади», дейилади материлда.
Эрон газетаси, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 8 декабрда Ўзбекистон Конституцияси куни муносабати билан халқимизга йўллаган табригидаги «Ушбу конституциявий ислоҳотни Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг мазмуни ва мантиғи, халқимиз билдираётган талаб, истак ва таклифлар тақозо этмоқда. Инсоннинг ҳаёти, ҳуқуқи ва эркинлигини ҳимоя қилиш, қонуний манфаатини таъминлаш, қадрини улуғлаш ислоҳотларимиз марказига олиб чиқилмоқда. Бош қонунимиз чинакам халқ Қомуси бўлади, чунки бу жараёнда турли касб ва ижтимоий гуруҳга мансуб фуқароларимиз томонидан билдирилган барча таклиф, фикр ва мулоҳазалар, албатта, инобатга олинади», деган сўзларни иқтибос сифатида келтиради.
«Конституцияга ўзгартишлар киритиш референдумсиз, Олий Мажлис палаталари томонидан ҳам киритилиши мумкин эди,- деб ёзади форс нашри. -Бироқ мамлакат раҳбари миллий референдум ўтказишни таклиф қилди ва бу жараёнга Ўзбекистон халқининг жалб қилиниши давлат раҳбарининг бутун фаолияти инсон манфаатига қаратилганини яна бир бор тасдиғи топди».
Мақолада қайд этилганидек, янгиланаётган Конституция ва бўлажак референдум жамиятни Янги Ўзбекистонни барпо этиш ғояси атрофида бирлаштиришини кўрсатмоқда.
«Ўзбекистонда сўнгги олти йил ичида юз берган кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақиятли натижаси хориждаги расмий доиралар томонидан ҳам кенг эътироф этилмоқда, - дейди Ферейдун Асл Тахирпур.- Жумладан, «World Justice Project» халқаро ташкилоти томонидан тузилган қонун устуворлиги бўйича жаҳон рейтингида 2016-2022 йиллар давомида Ўзбекистон 7 поғонага кўтарилиб, 140 та давлат ўртасила 78 ўринга кўтарилди».
Материалда таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг ўзгартишлар киритилаётган Конституцияси бўйича референдум ўтказилиши 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган фаол ички ва ташқи сиёсатнинг таркибий қисмидир.
«Ўзбекистон янгиланган Конституция билан янги тарихий тараққиёт босқичига кўтарилади. Мазкур фундаментал ҳужжат аҳолининг демократик танлови асосида изчил ривожланишни таъминлайди, фуқароларда эртанги кунга ишончни мустаҳкамлайди», деб ёзади «Sobh-Eqtesad» газетаси.