“Ҳозирда 134 гуруҳ, жумладан, 669 қутқарувчи Эроннинг саккиз вилоятида жабр кўрган 60 дан ортиқ жойда ёрдам кўрсатмоқда. Булар Теҳрон, Шарқий Озарбайжон, Ғарбий Озарбайжон, Исфахон, Илом, Кирмоншоҳ, Маркази, Ҳамадон, Хузистон, Курдистон вилоятларидир”, дейилади хабарда.
13 июнга ўтар кечаси Исроил мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) “Кўтарилаётган шер” деб номланган кенг кўламли операцияни бошлади, бунда Ҳарбий ҳаво кучлари Эрон ҳарбий нишонлари ва ядровий дастури объектларига зарба берди. Исроил расмийларининг айтишича, операция яҳудий давлатига экзистенсиал таҳдиднинг олдини олишга қаратилган, чунки Исроил ҳарбийлари ва разведкаси маълумотларига кўра, Эрон қисқа вақт ичида ядровий қурол яратишда “қайтиб бўлмайдиган нуқта”га яқинлашмоқда.
Исроил ҳаво кучлари Эроннинг турли ҳудудларида, жумладан, Теҳронда бир неча тўлқинли ҳужумлар уюштирди, Эрон матбуотига кўра, Эроннинг айрим юқори мартабали ҳарбий амалдорлари ва бир неча нафар ядро олимлари ҳалок бўлган. Эрон қўшинлари жойлашган мамлакат шимоли-ғарбидаги Натанз ядровий иншоотига ҳам зарба берилди.
Эрон Олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоманеий Эрон фуқароларига йўллаган мурожаатида Исроилнинг Эронга зарбаларини жиноят деб атади ва Исроилни “аччиқ ва даҳшатли қисмат” кутиб турганини айтди.
Операция бошланишидан олдин Исроил ҳукумати мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди, ҳаво ҳудудини ёпди, шифохоналар учун махсус иш режимини ишга туширди ва аҳолини фуқаролик мудофааси хизмати кўрсатмаларига риоя қилишга чақирди, деб хабар беради ria.ru.