“Эрон коинот агентлигига тегишли “Сорая” сунъий йўлдоши Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг уч босқичли қаттиқ ёнилғили Гаем-100 ракетаси ёрдамида муваффақиятли учирилди ва 750 километр баландликдаги орбитага чиқарилди”, дейилади ҳукумат баёнотида.
Эрон Ислом Республикаси Ахборот ва коммуникация технологиялари вазири Исо Зарепур ноябрь ойи охирида Эрон календар йили тугагунга қадар (2024 йил 20 март) бешта янги сунъий йўлдошни коинотга учиришни режалаштираётганини айтди.
Эрон коинот агентлиги раҳбари Ҳасан Саларие Эрон тадқиқот марказларидан бирининг мутахассислари коинотга учириш учун биокапсула тайёрлаганини айтди. Зарепур октябрь ойида мамлакат яқин бир-икки ой ичида астронавтларни жўнатиш учун мўлжалланган биокапсуланинг илк синовларини ўтказишини эълон қилди. Унинг айтишича, Эрон яқин беш йил ичида коинотга одам юбориш устида ишламоқда.
Аввалроқ Зарепур Нур-3 номли учинчи ҳарбий сунъий йўлдош Ер орбитасига муваффақиятли олиб чиқилгани ҳақида хабар берган эди. Кейинроқ Эрон 2024 йилнинг март ойи охиригача орбитага яна иккита сунъий йўлдошни чиқаришни режалаштираётгани маълум бўлди, деб хабар беради ria.ru.