Форс ахборот агентлиги хабар беришича, Муҳаммад Боқир Қолибоф ва унга ҳамроҳ бўлган парламент делегацияси Ўзбекистонга уч кунлик ташрифдан сўнг Ўзбекистон президенти ҳамда ушбу мамлакат қонунчилик палаталари ва сенати раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказган, Ўзбекистонда истиқомат қилаётган эронлик ишбилармонлар, ишлаб чиқарувчилар билан учрашган, шунингдек, ушбу мамлакатнинг маданий ва тарихий марказларига ташриф буюриб, бир мунча вақт аввал Теҳронга етиб келди.
Исломий Кенгаш раиси Теҳрондаги Меҳробод аэропортига етиб келгач, матбуот анжуманида ушбу сафарни изоҳлади; Ташриф Ўзбекистон Қонунчилик палатаси Спикерининг расмий таклифига биноан амалга оширилган бўлиб, у Ўзбекистон Қонунчилик палатаси Спикери билан учрашувдан ташқари, Сенат раиси ва Ўзбекистон президенти билан узоқ муддатли учрашув ўтказди.
У сўзига қўшимча қилди:" Ушбу сафардаги тартибга кўра, расмий учрашувлар олдидан Ўзбекистонда истиқомат қилувчи эронликлар билан учрашув бўлиб ўтди ва айниқса, бу учрашувда савдогарлар, ишлаб чиқарувчилар билан иқтисодий, тижорий масалалари муҳокама қилинди, биз бевосита уларнинг истак ва муаммолари билан ҳам танишдик.
Сўнгра Ўзбекистон Қонунчилик Палатасида йиғилиш бўлиб ўтди, унда икки давлат ўртасидаги парламент, иқтисодий ва маданий алоқаларни ривожлантириш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди. Ушбу масаланинг муҳимлигига сабаб, Ўзбекистон мустақилликка эришганига қарийб 30 йил ўтди ва бу Эрон Ислом Кенгаши раисининг Ўзбекистонга илк бор ташрифидир" - дея давом этди.
Исломий Кенгаш раиси Ўзбекистоннинг минтақадаги ўрни муҳимлигини таъкидлаб ўтар экан, бу давлатни Марказий Осиёдаги энг кўп аҳолига эга давлат сифатида қайд этди: "Ўзбекистон юқори иқтисодий ва маданий салоҳиятга эга, айниқса, тоғ-кон саноати соҳаси кейинги йилларда сезиларли даражада ривожланди. Ўтган йилларда бу мамлакатнинг иқтисодий ўсиши 7,5 фоизга етди, ялпи ички маҳсулоти эса 70 миллиард долларни ташкил қилади.
Маданий нуқтаи назардан, икки давлат узоқ тарихий алоқаларга эга, икки давлатнинг маданий имкониятларидан муштарак мақсадларга эришиш учун фойдаланиш мумкин.
Парламент раҳбари ҳар учала учрашувда ҳам Қонунчилик палаталари, Сенат раислари ва Ўзбекистон Президенти билан жуда яхши келишувларга эришилганини эслатиб ўтди, иқтисодий соҳада яқин бир неча ой ичида, хусусан, сентябр ойининг иккинчи ярмида Президентнинг Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саммитида иштирок этиши белгиланди. Тадбиркорлар, транзит ҳайдовчиларининг визаларини бекор қилиш, шунингдек, фуқароларнинг икки давлатда сайёҳлик сафарини осонлаштириш юзасидан зарур келишувлар тузилиши кераклиги муҳокама қилинди.
Ишончимиз комилки, рақамлаштирилган дастурни ишлаб чиқиш орқали икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий айирбошлаш ҳажмини ҳозирги 500 миллион доллардан 2 миллиард долларгача ошириш мумкин" - дея таъкидлаб ўтди Парламент раҳбари.
"Ўзбекистон билан алоқаларни мустаҳкамлаш учун яна бир имконият - маданий соҳалардаги алоқаларни ошириш, икки давлатнинг тарихий, маданий жиҳатдан кўп умумий жиҳатлари борлигини инобатга олган ҳолда, биз Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига саёҳат қилдик. Икки давлатнинг маданий, диний ва этник жиҳатдан муштараклиги бор, шу сабабли бу имкониятдан муносабатларни ривожлантириш сифатида фойдаланиш керак".
Исломий Кенгаш раиси Ўзбекистоннинг янги президенти томонидан сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотларга тўхталиб ўтди: "Биз бу имкониятдан фойдаланиб, ҳар икки томоннинг талабларини бажариш учун амалий ҳаракат қилишимиз мумкин.
Икки томонлама учрашувларда муҳокама қилинган яна бир мавзу хавфсизлик масалалари бўлди. Шунингдек, бу масала Афғонистон билан боғлиқ бўлиб, икки давлатнинг Афғонистон билан чегарадош эканлиги ҳисобга олинди. Биз Афғонистон масаласида бир хил фикрдамиз ва икки давлатнинг истаги минтақада барқарор хавфсизликни таъминлаш учун инклюзив ҳукумат тузишдир.
Яқин келажакда биз Ўзбекистонда қўшни давлатлар ва халқаро институтлар иштирокида саммит ўтказилишига гувоҳ бўламиз, умид қиламизки, бу саммит самарали бўлади".
"Умуман олганда, бизнинг ушбу сафарга берган баҳомиз жуда ижобий ва унинг самараси мамлакатимиз аҳолисига, иқтисодиётга, айниқса, қўшни давлатлар билан иқтисодий алмашинувларга таъсири яқин келажакда намоён бўлади, деб умид қиламиз. Шунингдек, мен ҳамроҳлик қилган парламент делегациясига ва Ўзбекистоннинг юксак меҳмондўстлигига ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман"- деди кенгаш раиси.
Форс тилидан Ирода Раҳмоналиева таржимаси