Ўзбeкистон бўйича 2024 йил 22-26 январь кунларига об-ҳаво прогнози эълон қилинди.

Унга кўра, 23-24 январь кунлари илиқ ҳаво кириб келиши давом этади, республика ҳудудининг катта қисмида қуёшли ва очиқ ҳаво кузатилади. 24 январда республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларига Волга бўйи ҳудудларидан нам ва совуқ ҳаво массалари кириб келиши бошланади. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида баъзи жойларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади.

Республика ҳудудининг катта қисмида 23-24 январь кунлари ҳарорат кечалари 2-5 даража илиққача, кундуз кунлари 12-15 даража илиққача кўтарилади, шимолий ҳудудларда эса 24 январда кундузги ҳарорат -2...-7 даража совуққача пасаяди.

25 январда нам ва совуқ ҳаво массалари мамлакатимизнинг барча ҳудудларини қамраб олади, республика бўйича ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Ҳарорат кундузи +4...+9 даража илиққача пасаяди, шимолий ҳудудларда кечаси -6...-11 даража совуқни ташкил этади, кундузи -2...-7 даража совуқдан ошмайди.

26 январда республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик бўлиши эҳтимоли сақланиб туради, шимоли-ғарбий ҳудудларда эса ёғингарчилик тўхтайди. Ҳарорат кечаси -2 даража совуқ — 3 даража илиқ, кундузи 3-8 даража илиқ, шимолда кечаси 6-11 даража совуқ, кундузи 0-5 даража совуқ атрофида бўлади.

Пойтахтимизда: бугун қуёшли ва очиқ ҳаво бўлиши кузатилади. Шарқий йўналишдаги шамол 3-8 м/с тезликда эсади. Ҳаво ҳарорати кундузи 10-12 даража илиқни ташкил этади.

23-24 январь кунлари пойтахтимизда ёғингарчилик кутилмайди. Эртага кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. Шарқий йўналишдаги шамол тезлиги 3-8 м/с бўлади. Ҳаво ҳарорати 23 январда кечаси 0-2 даража илиқ атрофида бўлади, 24 январда кечаси 3-5 даража илиққача кўтарилади, кундузи 23-24 январда ҳарорат +12...+14 даража илиқ атрофида бўлади.

25 январда пойтахтимизда вақти-вақти билан ёмғир ёғади. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 5-10 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси +5...+7 даража илиққача кўтарилади, кундузи +7...+9 даража илиққача пасаяди.