Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 25 мартдаги “Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, ҳар ойнинг 10 ва 25-саналарида “Автомобилсиз кун” ҳамда “Автомобилсиз ҳафта” акциялари ўтказиб келинмоқда.
Мазкур ташаббус автотранспорт воситаларидан ҳавога чиқадиган зарарли ташламаларни камайтириш ва бу орқали экологик барқарор муҳитни шакллантириш, шунингдек, жамоат транспорти ва экологик тоза транспорт воситаларидан фойдаланиш маданиятини кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.
Хусусан, “Автомобилсиз кун” ва “Автомобилсиз ҳафта” акциялари доирасида Экология миллий қўмитаси ҳамда ҳудудий бош бошқармалар ходимлари хизмат ҳамда шахсий автомобилларидан воз кечиб, жамоат транспорти, велосипед каби воситалардан фойдаланишмоқда. Натижада атмосферага зарарли ташламалар миқдори камайишига эришилмоқда. Шунингдек, шаҳар ичидаги тирбандликлар ҳам камайди.
Диққат! “Автомобилсиз кун” ва “Автомобилсиз ҳафта” акциялари доирасида давлат фуқаролик хизматчилари томонидан автотранспорт воситаларидан фойдаланиш жавобгарликка сабаб бўлади.
Экология қўмитаси барча давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳамда юртдошларимизни акцияларда фаол қатнашишга, атмосферага зарарли ташламалар чиқармайдиган "яшил" транспорт воситалари, электромобиллар ва жамоат транспортидан кўпроқ фойдаланишга чақиради!