Келажак эгалари таянчи

Дўстим билан ўтган асрнинг сўнгги чорагида кўчаларни бирга чангитганмиз. Мустақилликнинг дастлабки йилларида ота-онамизга ҳарна ёрдам бўлар деб бош суқмаган кўчамиз қолмаган: косибчилик цехидан иш олиб, туни билан пойабзални қолипга солиб чиққанмиз. Саҳарлаб ­“Отчопарбозоридан улгуржи товар харид қилиб, тушгача чакана савдо билан шуғулланганмиз. Ижарага автомобиль олиб, бир муддат киракашлик қилган кунларимиз ҳам бўлган.

Исмини айтмай қўяқолай. Дўстим унвонлар олмаган, кўксига қатор ордену медаллар ҳам тақилмаган. Қисқача айтганда, ҳеч қачон ҳеч қандай мукофотдан умидвор бўлмаган ўз соҳасининг устаси, фидойиси. Ёши ярим асрлик довондан ошганига 5 йил бўлди, лекин ҳамон фаол. Нима иш қилади, дейсизми? Уинвестор.

Хориж саёҳатидан қайтганини эшитиб, дам олиш куни дўстимнинг ишхонасига йўл олдим. Шу пайтгача бошқа давлатларга бориш у ёқда турсин, Самарқандни ҳам кўрмаган эди. Ўзига бирор қимматбаҳо кийим, ҳашаматни раво кўрмаган. Ҳозир шаҳар чеккасидаги кўчат етиштирадиган иссиқхонада ишлайди. Топганини илмга, билимга, таълимга инвестиция сифатида йўналтириш билан банд. Аниқроғи, тўрт фарзандига замонавий илм ва касб ўргатиш учун сармоя киритади.

Бормисан-омонмисан, жигарим, гап­лашадиган гаплар кўпайиб кетди-ку, зиёратлар қабул бўлсин, — дея очиқ чеҳра билан кулиб турган дўстимга қучоқ очдим.

Ўн кун аввал битта даврада бирга эдик-ку, ўзи иш кўп пайти сен етмай тургандинг, — дея ўзидан нари қилмоқчи бўлади дўстим.

Феъли шунақаичидагини ташига чиқаришга шошмайди, атай совуққон кўринишга ҳаракат қилади.

— Барибир одам соғинди-да. Аслида, ёрдамлашгани келгандим. Нима, кетайми?

— Энди ҳайдасамам кетмассан...

Кулишдик.

— Ишинг ҳам тўхтаб қолмасин, гурунг­лашайлик, сендан сўрайдиганларим бор. Мақола ёзаётгандим, сен ва сен кабилар ҳақида.

Унга мақсадимни батафсил тушунтирдим.

— Билганингни қил, — деган жавобини эшитиб, хурсанд бўлиб кетдим. “Йўқ”, демади-ку ҳарҳолда!

Кеча

Икки ўғил, икки қизни вояга етказишнинг ўзи бўлмаган. Айниқса, дўстим оила қурган мустақилликнинг дастлабки йиллари — мамлакат иқтисодиёти энди оёққа туришга ҳаракат қилаётган давр, аксарият аҳолининг турмуши танг аҳволда, қимматчилик, пулнинг баракаси йўқ кезлар. Бирин-­кетин туғилган фарзандлар кўз очиб-юмгунча улғайиб, ташвиши ҳам катталашиб қолди. Тўнғичи Сарвар, сўнг қизи Шаҳризода бир йил фарқ билан мактабни битирди. Кейингилари Элмурод билан Муштарий ҳам ака ва опасига ўхшаб, илмга чанқоқ, дарс ва китобдан бош кўтарай демасди.

Сарвар талаба бўлган 2012 йил августи ҳамон кўз олдимда. Дўстим шодлигидан қаршисидан чиққан одам борки, ўғлининг ўқишга кирганини айтиб, ёш боладек қувончига шерик қиларди:

— Тўнғичим ўқишга кирди, талаба бўлди, мени табрикла, — деб қўнғироқ қилганида овозидан унинг ҳолатини тасаввур қилдим.

— Меҳнатларинг роҳатини, фарзандларинг камолини кўргин, дўстим. Биламан, ўзинг олий маълумот ололмагансан, армонларингни зурриёдларинг орқали рўёбга чиқармоқчисан. Қувончингга шерикман.

Сентябрда ўқишлар бошлангани ҳамон дўстим уйим остонасида кўринди, овози ҳазинроқ:

— Контракт пулини тўлаш учун таълим кредити олмоқчи эдим, банклар “лимит ­тугаган”, деб пайсалга соляпти, аранг биттаси берадиган бўлди, аммо кимдир кафил бўлиши керак экан. Хаёлимга биринчи сен келдинг.

— Қанча олмоқчисан?

— Биласан, Сарвар Турин политехника университетига ўқишга кирган. Давлат курсида 5000 АҚШ доллари олишим керак.

Ўша пайтлари хорижий вал­ютанинг қорабозор ва давлат курси амалда эди. Дўстим айтган сумма миллий пул бирлигимизда тахминан 12,5 миллион сўм дегани эди! Боз устига банкнинг фоизи ҳам юқори. Хуллас, кафилликни зиммамга олдим. Анча оворагарчиликдан кейин банк пулни таълим муассасасига ўтказиб берди. Бу “ҳамкорлигимиз” 4 йил давом этди. Дўстим қарзни ойма-ой, бир соат ҳам кечиктирмай сабр билан узарди. Бу мушкулот ҳали ҳолва экан.

Сарвар 2-курсга ўтганида Шаҳризода, икки йилдан кейин Элмурод ҳам ўқишга кирди. Дўстим шу тариқа 2015 йилда 3 фарзандига таълим кредити тўлади. Бирор марта фарзандларининг раъйига қарши гапирмади, қийинчиликдан нолимади. Дардини ичига ютди. Тўғри, бу пайтга келиб, катта фарзанди ўқишдан бўш пайти ота-онасининг оғирини бир оз бўлса-да енгиллатиш мақсадида иш топди, ҳаракат қилди — бир неча ой банк кредитини ёпишга озми-кўпми кўмаклашган бўлди. Лекин дўстим бир вақтда 3 талабани ўқитишни қандай эплади, бу Яратганга аён.

2019 йили кенжа қизи Муштарий ўқишга ҳужжат топширганида катта ўғли ва қизи иш топиб, яхши мутахассис сифатида фаолият юритаётган, учинчи фарзанди эса охирги курсга ўқиётганди. Қолаверса, давр эпкинлари таълим олиш истагидаги ёшларга, айниқса, қизларга анча енгилликлар тақдим эта бошлаган, банклар ҳам халққа ён босиб, кредит беришда ортиқча муаммо қилмай бош­лаган даврлар эди.

— Отамга қанчалар қийин бўлганини аввалига ҳис қилмаганман, — дейди Сарвар. — Таълим кредитини олиш учун банкда ишлайдиган таниш излаб, отам зир ­югурганини яхши эслайман. Қайсидир узоқ қариндошимиз ўртага тушиб, кредит ҳам унди, сиз кафил бўлдингиз. Лекин уни қайтариш осон кечмади. Отам қўшимча иш топди, уйда тикувчилик қиладиган онам ҳам ёрдам бўлар деб нон цехига тунги сменага ишга кирди. Оила бисотидаги тилла буюмлар сотилди. Ўшанда нималар бўлаётганини бир оз тушундим. Ўқишимни нисбатан тўлови камроқ ўзимизнинг бирор институтга кўчираман, тўлов-шартнома суммасининг тенг ярмича бўларкан деган ўйга бордим. Отамга айтгандим, жаҳли чиқиб кетди. Шу ерда ўқийсан, деди қатъий. Шукр, бугун қийинчиликлар ортда қолди. Олган билим ва кўникмаларим орқали яхши иш топдим.

Сарварнинг ўзи айтмади, аммо хабарим бор: университет 4-5 талаба қатори уни ҳам бир семестр Италияда ўқишга жалб қилди. Битирув арафасида бир нечта иш берувчи нуфузли компания ва ташкилот вакиллари суҳбат ўтказиб, Сарварга муносиб иш, ­лавозим ва маош таклиф қилган. Бугун у яхши иш жойи ва даромадга эга.

Қизи Шаҳризода эса икки курсни шу ерда ўқигач, грант ютиб, қолган 2 йиллик таълимни Хитойда тугатиб қайтди. Айни пайтда қўшма корхона иш юритувчиси. Акаси билан бирга Элмурод ва Муштарийнинг таълим кредитини тўлашда отасига қанот бўлди.

Дарвоқе, Элмурод моҳир дастурчи, Муштарий яхши таржимон бўлиб етишган. Ҳозир ишлари, бизнеслари бор. Тўрт фарзанд ота-она қўллови билан жамият учун манфаатли инсонлар бўлиб етишди.

Бугун

Жаҳон иқтисодиёти юқори суръатда ривожланяпти, рақобат кучайиб, инновациялар ҳал қилувчи ўрин эгалламоқда. Бундай шароитда давлат ва жамият битта муҳим ҳақиқатни англади: энг катта ва энг даромадли инвестиция инсон капиталига, яъни таълим ва илм-фанга сарфланган сармоядир. Чунки моддий ресурслар чекланган, технологиялар эса тез эскиради, аммо инсон заковати ва малакаси чексиз имкониятларни яратади. Юқори малакали мутахассисларсиз иқтисодиёт ҳам, саноат ҳам, илм ҳам юксалмайди. Ривожланган ҳар бир мамлакат ўз тараққиётини, аввало, таълим тизимини ислоҳ қилишдан бошлаган.

Сифатли таълим олаётган ёш авлод келажакда янги фан соҳаларини очадиган олимлар, иқтисодиётни бошқарувчи менежерлар, инновацион стартаплар асосчилари, фаровон яшаш тизимларини мустаҳкамлайдиган мутахассислардир. Шунинг учун таълимга инвестиция фақат давлат мажбурияти эмас. Оилаларнинг фарзандлар таълимига эътибори, жамиятнинг интеллектуал муҳитни қўллаб-қувватлаши, тадбиркорларнинг илм-фанга сармоя киритиши — буларнинг барчаси тараққиётга хизмат қилади. Давлат эса таълимга ажратиладиган маб­лағни кўпайтириш, олий таълим сифати ва илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, ёшларнинг ижодий фикрлашини рағбатлантириш каби вазифаларга кўпроқ эътибор қаратади.

— Болаларимдаги илмга чанқоқлик, меҳр, юқори зеҳн онаси иккимизни бефарқ қолдирмади. Уларни қўллаб-қувватлашга, билим, таълим олиши учун етарли шароит яратиб беришга ҳаракат қилдик. Ўзи қизиққан фан, соҳа бўйича қўшимча дарсларда ўқишди. Дарс­ликлар келтириб бердик, чет тилларни ўрганишди. Тўгаракларга боришди. Шукрки, юзимизни ерга қаратишмади. Бугун ёруғ кунлар келди. Ҳозир ўғилларим икки қанотим бўлса, қизларим — суянчим. Барака топишсин, керак эмас, дейишимизга қарамай, ўтган ойнинг охирида онасининг туғилган куни баҳона иккимизга хориж сафарига йўлланма совға қилишди.

Дўстимнинг гапларини тинглай туриб, фахр, қувонч, қониқиш, миннатдорликни ҳис қилдим.

— Бу сендаги сабр ва қунтнинг мукофоти, оғайни. Улар бераётган мевалар ширин ва серҳосил бўлсин, — деб уни бағримга босдим. Қучоқлаб турганимда кўз ёшларини менга билдирмай артиб олганга ўхшади.

Эртага

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаат­номасида инсон капиталини ривожлантириш ҳамда ёшларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Айниқса, замонавий меҳнат бозори талабларига мос авлодни тарбиялаш масаласи Мурожаатноманинг асосий ғояларидан бири бўлди.

Бугун рақамли имкониятлар замони. Ҳозир рақамли технологиялар таълим ­соҳасида мисли кўрилмаган қулайликлар яратиб, ўқувчиларнинг билим олиш жараёнини сезиларли даражада ўзгартирмоқда. Интернет ресурслари, онлайн платформалар, интерактив воситалар, виртуал қўлланмалар, ­муайян мавзуни жонлантириш технологиялари ўқитувчию ўқувчилар тафаккурининг янги қўриқларини очмоқда. Шу боис, сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим соҳасидаги ислоҳотлар замонавий тенденцияларга мос ҳолда ривожланиб бормоқда.

Президентимиз таъкидлаганидек, юқори малакали, ташаббускор кадрларсиз мамлакатнинг эртасини, келажагини тасаввур қилиб бўлмайди. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, инсон капиталига тизимли сармоя йўналтирган мамлакатлар барқарор иқтисодий ўсиш ва турмуш даражасини оширишга эришади.

Аҳолининг катта қисмини ёшлар ташкил этадиган Ўзбекистон учун ёш авлоднинг салоҳиятини юксалтириш, замонавий ва сифатли таълим орқали бугунги давр талабларига мос билим ва кўникма бериш устувор мақсаддир. Олий таълим тизимини модернизация қилиш, халқаро таълим маконига интеграция этиш ва ҳудудий ривожланишнинг муҳим драйверига айлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар замирида ҳам ушбу мақсад мужассам.

Ислоҳотлар таълим тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, педагог кадрларнинг меҳнат шароити ва ижтимоий ҳимоясини тубдан яхшилашга қаратилган. Бу чора-тадбирлар таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ўқитувчи ҳамда тарбиячилар нуфузини юксалтириш, ёш авлоднинг замонавий билим ва кўникмаларни эгаллашига замин яратмоқда. Шу билан бирга, таълим муассасаларининг инновацион ривожланиши, замонавий ўқув дастурлари ва педагогик ёндашувларни жорий этиш учун зарур шарт-шароитлар шакллантирилмоқда.

Соҳадаги кенг қамровли ислоҳотлар келажакда Ўзбекистон таълим тизимининг халқаро стандартларга мос равишда ривож­ланишини, сифат ва рақобатбардошлигини оширишни таъминлайди. Бу жараён мамлакатимизда ёш авлодни тарбиялаш ва инсон капитали салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.

Индин

Дўстим ҳузурида ҳаяллаб қолдим. Қарасам, гап билан бўлиб, ишига халал беряпман. Кетишга изн сўрадим.

— Шошмай тур, сафардан сенга ўхшаган 3-4 ишли ва бекорчи яқинларимга совға олиб келгандим, шуни ола кет, — дея дўстим ёнидан кичкина бошқарув пультини олиб, иссиқхона ҳовлисида турган машинага қарата тугмасини босди. Келганимда аҳамият бермабман, оппоқ яп-янги замонавий электромобиль бир чеккада қўр тўкиб турган экан.

— Ие, муборак бўлсин, ошна, буюрсин, зўр-ку!

— Ҳа, саёҳатдан келишимизга болалар ҳозирлаб қўйишибди, — дея мен учун олиб келган совғасини узатди дўстим.

Қарасам, чиройли қадоқланган қўлсоат тутиб турибди.

— Вақтида сен ва сендек яқинларим бизга мадад бўлгансиз, — деди оиланинг бош инвестори. — Бу барча қийинчиликлар вақти ўтиб кетгани, ортда қолганини эслатиб турсин. Эртамиз бугундан, индинимиз эса эртамиздан ёруғ бўлишига ишора бериб, яхши вақтларда яшаётганимизни акс эттириб турсин.

Энди мен қуйилиб келаётган қувонч ёшларимни дўстимдан яширишга ҳаракат қила бошладим.

— Кел, яна бир бағримга босай...

Нодир МАҲМУДОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири